СОХТА ДОРИФУРУШЛАР СУДДА ПУШАЙМОН БЎЛИШДИ
Ҳаётда енгилнинг остидан, оғирнинг устидан юриб, мўмай даромад топишни кўзловчи кимсалар ҳам учраб туради. Лекин ҳақиқат шуки, қинғир йўл билан енгил даромад топишга уринишнинг ниҳояси ҳамиша пушаймонликка сабаб бўлади.
Мамлакатимизда сифатсиз, қалбакилаштирилган ва таркибида кўп миқдордаги кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини тегишли рухсатномасиз сотиш таъқиқланган. Шундай бўлса-да, бу тоифадаги жиноятларни содир этиш ҳолатлари учраб турибди.
Сирдарёлик Шаҳзод ва Бекзод Бекпўлатов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ака-уканинг фарзанди. Улар дори воситаларини дорихоналардан ташқарида сотиш ва шунинг ортидан яхши даромад топишни мақсад қилиб, олдиндан ўзаро жиноий тил бириктиришади. Жиноий режага кўра, Шаҳзод “Телеграм” мессенжер орқали дори ва бошқа воситаларни олиб сотиш билан шуғулланиш мумкин бўлган “Pharm club” гуруҳига қўшилади.
Уни кузатиб бориб, дориларнинг нархи, кимда қанақа дори воситаси борлигини ўрганиб чиқади. Шундан сўнг уларни сотиб олиб, номи ва нархини “Pharm club” ва “Arzon apteka” Телеграм-гуруҳларига жойлаштиради.
Орадан кўп вақт ўтмай Бекзод Шаҳзодга қўнғироқ қилиб, “Pharm club” Телеграм-гуруҳидан коронавирусга қарши Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган дори воситаларига харидор топилганини айтади. Дилфуза Толибжонова “Pharm club” гуруҳидаги “Ремдесивер”, “Фавипиравир” ва “Актемера” номли дори воситаларини сотиши ҳақидаги эълонни ўқиб, ҳайрон қолади.
Чунки у бу дориларни бундай усулда сотиш ноқонуний эканини яхши биларди. Шу боис Д. Толибжонова синаш мақсадида Телеграм орқали Бекзоддан “Вирусга қарши дорилар борми?” — деб сўрайди. Ўз навбатида, Бекзод “Қанақа вирусга?” — деб сўрайди. Д. Толибжонова унга жавобан коронавирусга қарши дорилар зарурлигини ёзиб юборади.
Шундан сўнг Бекзод Д. Толибжоновага қўнғироқ қилиб, коронавирусга қарши “Ремдесивер”, “Фавипиравир” ва “Актемера” дорилари борлигини маълум қилади. Ўз навбатида, Д. Толибжонова “Ремдесивер”, “Фавипиравир”, “Актемера” дорисининг ҳар биридан эллик донадан олишини билдиради.
Бекзод “Ремдесивер”ни 460 минг, “Фавипиравир”ни 280 минг сўм, “Актемера”ни эса, 44 АҚШ долларига баҳолайди. Ўзаро келишувга мувофиқ Бекзод ва Шаҳзод 50 дона “Ремдесивер”, 50 дона “Фавипиравир”, беш дона “Актемера”ни 3 минг 200 АҚШ доллари ва 2 миллион 750 минг сўмга сотаётган пайтда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ходимлари томонидан қўлга олинади. Шундан сўнг уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Енгил даромад топиш илинжи қариндошлардан ташқари ховослик Лочин Шоимовнинг ҳам хаёлини ўғирлайди. Эндигина йигирма икки ёшга тўлган Л. Шоимов бирон-бир тайинли ишнинг бошини тутиш ўрнига осон даромад топишга одатланган эди.
У таркибида кўп миқдордаги кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рухсат бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш орқали мўмай даромад топишни кўзлайди.
Шу мақсадда у кучли таъсир қилувчи “Регопен”, “Тропикамид” ва “Селофан” дори воситаларини ноқонуний равишда сотиб олиб, уларни Тошкент шаҳрида 1 миллион 300 минг сўмга сотаётган чоғида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ушланади.
Айтиш керакки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертиза ва стандартлаштириш давлат марказининг хулосасига кўра, Шаҳзод ва Бекзод Бекпўлатов сотишга уринган дори воситаларини сотиш, улардан фойдаланиш ва тиббий амалиётда қўллаш тақиқланган. Қолаверса, улар дори воситалари реализацияси фаолияти билан шуғулланиши учун махсус рухсатномага эга бўлмаган.
Л. Шоимов томонидан қонунга хилоф равишда муомалага киритишга уринилган дори воситалари таркибида “Прегабалин” ва “Залеплон” сингари кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлиб, уларни махсус рухсатномасиз сотиш қатъий ман этилган.
Суд ҳар икки жиноят иши бўйича судланувчиларга нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслиги, судланувчиларнинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, ёшлиги ва оилавий аҳволини инобатга олди. Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 2-қисми “б” бандига асосан айбдор деб топилган Ш. Бекпўлатов ва Б. Бекпўлатовга уч йилдан муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Л. Шоимовга нисбатан суд ҳар ойлик иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда икки йил олти ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгилади.
Шу тариқа енгил даромад топиш илинжида содир этилган жиноий қилмишларга нисбатан қонуний жазонинг муқаррарлиги таъминланди.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сифатсиз ва қалбаки ёки таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд дори воситаларини сотиш юртдошларимизнинг сиҳат-саломатлигига катта зиён етказади.
Баъзи ҳолатларда бунинг оқибати фожиали тугаши ҳам мумкин. Шу боис бу турдаги жиноятларнинг содир этилишига йўл қўймаслик ҳар бир кишининг масъулиятли бурчи ҳисобланади.
Жавлон ЖАББОРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Ховос тумани суди раиси
Фикр қолдириш