СУИИСТЕЪМОЛ БЎЛГАН ВАКОЛАТ
Фуқаро Шароф Файзиқулов (исм-шарифлар ўзгартирилган) кам таъминланган оила бошлиғи сифатида 2018 йилнинг 25 апрелида туғилган тўртинчи фарзандига икки ёшга тўлгунига қадар нафақа тайинлашни сўраб маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нурали Эшмаматов номига ариза ёзди.
Орадан кўп ўтмай маҳалланинг нафақа тайинлаш бўйича ишчи гуруҳи Ш. Файзиқуловнинг уйига келиб, оила аъзоларининг яшаш шароити, ойлик даромади каби ҳолатларни ўрганиб чиқади ва нафақа тайинлаш мумкин, деган хулоса беради. Шундан сўнг болага икки ёшга тўлгунига қадар нафақа тайинланиб, онаси С. Ҳусанова номига очилган пластик картага банк муассасаси орқали ҳар ойда нафақа пули тўлана бошланади. Бироқ орадан кўп вақт ўтмай нафақа пулини тўлаш тўхтайди. Ш. Файзиқулов маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нурали Эшмаматовга бунинг сабабини сўраб, қўнғироқ қилади.
— Менга бир ойлик нафақа пулини бермадингиз, — деб жавоб беради раис. — Шунинг учун нафақа тўлаш тўхтатиб қўйилди. Агар пулни берсангиз, қолган ойлар учун ҳам нафақани чиқариб бераман. Ўн тўрт ёшгача нафақа тайинлаш қўлимда…
Раиснинг очиқча таъмагирлиги Шарофни каловлантириб қўяди. Салдан сўнг шоша-пиша неча сўм бериш кераклигини сўрайди.
— «Харажат» учун 350 минг сўм берсангиз етарли — деб жавоб беради раис.
Шу ўринда Н. Эшмаматовнинг маҳалла раиси сифатида фаолияти нималардан иборат эканига эътибор қаратсак, «Фуқаролар йиғини тўғрисида»ги намунавий низомга асосан маҳалла фуқаролар йиғини раисларига, хусусан, Нурали Эшмаматовга ҳам бир қатор ваколатлар берилган.
Улар жумласига фуқаролар йиғини ва унинг органлари томонидан ўз ваколатларини амалга ошириш, қарорларни ижро этишга доир ишларни ташкил қилиш, фуқаролар йиғини маблағларини қонун ҳужжатларига мувофиқ тасарруф этиш, кам таъминланган оилалар, етим болалар, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, шунингдек, табиий офатлардан ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан жабр кўрган фуқароларнинг моддий ва уй-жой, маиший шароитларини яхшилаш тўғрисида тегишли давлат органларига таклифлар киритиш, фуқароларни қабул қилишни амалга ошириш, уларнинг аризалари, таклифлари ва шикоятларни кўриб чиқиш сингари ваколатлар киради.
Н. Эшмаматов ўзига берилган ваколатлардан ғараз мақсадда фойдаланган.
У 350 минг сўмни пора тариқасида берган тақдирда нафақа тайинлашини маълум қилиб, қасддан фуқаро Ш. Файзиқуловни пора беришга мажбур этадиган шароитга туширган.
Маҳалла оқсоқоли пора талаб қилганидан ночор қолган Ш. Файзиқулов жуда кўп ўйлайди. Охир-оқибат у Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Хатирчи тумани бўлимига ариза билан мурожаат қилади. Аризасида Н. Эшмаматовга нисбатан қонуний чора кўриш ва ўтказилаётган тадбирда шахсан иштирок этишини сўрайди.
Фуқаронинг аризаси асосида Департаментнинг туман бўлими ҳамда туман ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбир давомида мазкур келишувдан хабари бўлмаган маҳалла фуқаролар йиғини масъул котиби Ш. Даминов орқали Н. Эшмаматов туман почта алоқа тармоғи биноси олдида кимёвий ишлов берилган 350 минг сўмни таъмагирлик йўли билан Ш. Файзиқуловдан олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланади.
Шу ўринда Олий суд Пленумининг 1999 йил 24 сентябрдаги «Порахўрлик ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори 11-бандига эътибор қаратамиз. Унда таъмагирлик мансабдор шахс томонидан фуқароларнинг қонуний манфаатларига зарар етказадиган хизматига доир ҳаракатларни содир этиш таҳдиди остида пора талаб қилиш ёки фуқарони унинг қонуний манфаатларига зарар келтирадиган оқибатларнинг олдини олиш учун пора беришга мажбур этадиган шароитга қасддан тушириш демакдир, деб қайд қилинган.
Суд судланувчи Н. Эшмаматовнинг мансабдор шахс бўлгани ҳолда ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, Ш. Файзиқуловдан нафақа тайинлаш учун тамагирлик йўли билан Ш. Даминов орқали 350 минг сўм пора олганликда ифодаланган жиноий ҳаракатлари дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан тўғри малакаланган, деб ҳисоблади.
Суд жиноят ишини мазмунан кўриш жараёнида қонун талаблари ва Олий суд Пленумининг юқоридаги раҳбарий тушунтиришларига асосланди.
Судланувчи Н. Эшмаматов Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, суд залидан қамоққа олинди. Суд ушбу модда билан судланувчига Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм чиқарди. Суд ҳукми билан Н. Эшмаматов бир йил олти ой муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Мамлакатимизда жамият тараққиёти, халқ фаровонлиги ва юртимиз равнақига рахна солувчи, маънавиятни емириб, миллий қадриятларни, одоб-ахлоқ нормаларини паймол этувчи коррупция иллатига қарши қатъий кураш олиб борилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 29 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида «…коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шарт. Бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарур», — дея таъкидлаган эди.
Дарҳақиқат, фуқаролар коррупциянинг ҳар қандай ҳолатига муросасиз муносабатда бўлсагина жамиятимизда ушбу иллатнинг пайи қирқилади.
Авазжон ИБОДОВ,
жиноят ишлари бўйича
Навбаҳор тумани суди раиси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист
Фикр қолдириш