ФИРИБГАРГА АЙЛАНГАН ТЕЛЕЖУРНАЛИСТ ТЕРГОВ ЖАРАЁНИДА ҲАМ ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРДИ

Журналист, мухбир, деганда биз инсонларни яхшиликка ундовчи, ўзининг ўткир, мулоҳазали, таҳлилий-танқидий чиқишлари, яъни кўрсатув, эшиттириш ва мақолалари билан кимнидир ёки кўпчиликни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал қилишга, қайсидир юртдошимизнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга бел боғлаган машаққатли касб соҳибини тасаввур қиламиз. Аммо оммавий ахборот воситалари ходимлари орасида ҳам мазкур шарафли касб шаънига, ҳамкасбларининг эл-юрт олдидаги обрўсига доғ тушираётган, яқинларининг, айниқса, у билан фахрланиб юрган фарзандларининг юзини ерга қаратаётган кимсалар ҳам йўқ эмас экан.

Журналистлик фаолиятини Фарғона вилоятидаги нодав­лат телеканалларнинг бирида олиб борган Дилафрўз Раимова (исм-шарифлар ўзгартирилган) сўнг­­ги 14 йил мобайнида фирибгарга айланди-қолди. У айнан фирибгарлиги учун 9 маротаба судланган! Ҳеч бўлмаса биринчи маротаба – 2009 йилда судланиб, 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига маҳкум этилганда қилмишидан ўзига тўғри хулоса чиқариб олганида эди… 

Афсуски, ундан кейин ҳам Д. Раимовага 7 маротаба озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган енгил жазолар тайинланган. Бироқ унинг сўқир кўзи барибир очилмай, жиноий фаолиятини яна давом эттиради.

Энг ажабланарлиси, 7-, 8- ва 9-маротаба судланишида муайян муддатга телевидение соҳасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса-да, собиқ телемухбир ўнинчи фирибгарлигини ҳам айнан телевидение билан боғлиқ ҳолда содир этади.

Гап шундаки, Дилафрўз дастлаб фуқаро Юлдузхон Маматқуловани чув туширади. Яъни унга 2022 йил 18 март куни бўлиб ўтадиган “Дийдор ширин” кўрсатувида иштирок этса, “Йилнинг энг яхши тадбиркори” номинацияси бўйича ғолибликни ва мукофот тариқасида “Нексия-3” автомашинасини олиб беришга ишонтиради.

– Фақат машина учун олдиндан қирқ фоиз тўлов қилишингиз керак. Қолган пул ҳомий тадбиркорлар ҳисобидан тўланади, – дейди Дилафрўз.

Юлдузхон унинг ёлғон ваъдасига ишониб, 25 000 000 сўм пулни санаб беради. Лекин Д. Раимова пулларни шахсий эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборади.

Ю. Маматқуловадан кейин Қўқон шаҳар 1-сонли оилавий поликлиника бош шифокори Зиёдахон Ҳасанжонова ҳам тележурналистнинг фириб тузоғига илинади. Аниқроғи, Дилафрўз Раимова 2021 йил 30 ноябрь куни шифокор аёл билан учрашиб, 2022 йил 18 март куни эфирга узатиладиган “Дийдор ширин” кўрсатувида иштирок этишга қизиқтиради.

– Кўрсатувда ўзим бошловчилик қиламан. Сизга “Йилнинг энг яхши шифокори” номинацияси бўйича ғолиб­ликни олиб бераман, – оғиз кўпиртириб ваъда беради фирибгар. – Ғолибга “Нексия-3” автомашинаси совға тариқасида топширилади. Аммо бир шарти бор…

У шундай деб З. Ҳасановага “Нексия-3” учун 40 фоиз миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириши лозимлиги, ҳомийлар эса қолган 60 фоизини қоплаб беришини айтади. Ҳатто гаплари ишонарли бўлиши учун Зиёда опадан ҳайдовчилик гувоҳномаси бор-йўқлигини ҳам сўрайди. Агар машина ҳайдашни билмаса, ўзи билан бирга кўрсатувга таниш ҳайдовчисини олиб бориши мумкинлигини эслатиб ўтади. Энди ўзингиз ўйланг, бунақанги “қуюқ” ваъдага ким ҳам ишонмайди дейсиз?

Бинобарин, поликлиника бош шифокори 39 025 000 сўм пулни “қаҳрамон”имизнинг қўлига тутқазади. 

 

Бундан ташқари, Дилафрўз Раимова 2022 йил 8 март куни Қўқон шаҳрининг Паркент кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Адҳамжон Раҳимовга 10 кундан кейинги “Дийдор ширин” кўрсатувида уни “Йилнинг энг ёш тадбиркори” деб эълон қилишини, ғолибга “Tracker” автомашинаси туҳфа этилишини айтади.

“Бунинг учун автомашина баҳосининг қирқ фоизини тўласангиз кифоя”, дея қолган олтмиш фоизи кўрсатувга ҳомий сифатида бириктирилган ишбилармон ва тадбиркорлар томонидан тўлаб берилишини тушунтиради. Қарабсизки, соддадил йигит 100 000 000 сўмни қандай қилиб унинг қўлига тутқазиб қўйганини билмай қолади. Бироқ А. Раҳимов Д. Раимованинг тузоғига илинган охирги фуқаро эмасди. Негаки фирибгар тележурналист яна 3 нафар фуқарога турли номинациялар бўйича ғолиб­ликни ваъда қилиб, уларнинг 171 миллион сўм пулини қўлга киритади. Лекин 2022 йил 18 март кунги тасвирга олиш жараёнида номлари тилга олинган ҳамюртларимизга номинациялар ғолиблиги берилади-ю, ваъда қилинган автомашиналар насиб этмайди…

Шундан кейин Дилафрўз Раимова “Дийдор ширин” кўрсатувининг 2022 йил июнь ойида намойиш этиладиган сонига “иштирокчи”ларни “саралаш”ни бошлайди. Жумладан, 2022 йил 19 май куни Учкўп­рик туманида яшовчи Нафисахон Парпиева билан учрашиб, “Дийдор ширин” кўрсатувида иштирок этса, “Йилнинг энг намунали оиласи” деб эълон қилинишига ишонтиради. 

– Бу номинация мукофотига “Tracker” автомашинаси қўйилган. Агар машина нархининг қирқ фоизини тўласангиз, у сизники бўлади, – дейди худди актёрлардек маҳорат билан тележурналист.

Нафиса опа эса бу ёлғонларга ёш боладек ишониб, 138 000 000 сўм пулни Д. Раимовага топширади.

 

Хуллас, тележурналист хоним ана шундай усулда яна 3 нафар фуқаронинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб, 242 миллион сўм пулни қўлга киритади. Аммо бу маблағлар ҳам аввалгилари сингари унинг шахсий эҳтиёжлари йўлида сарфланади. 

Устамонликни қарангки, Дилафрўз пул берган фуқароларни ишонтириш мақсадида кўрсатувни ғолибларга сертификат топшириш тантанаси тарзида ташкил этади. Сертификатларни топшириш учун эса “Дийдор ширин”га Фарғона вилоят ҳокимлиги мансабдорларидан бирини таклиф қилади. Бироқ вақт ўтиши билан жабрланувчилар тақдирлаш маросими ҳам Д. Раимованинг навбатдаги “сценарийси” эканлигини англаб етишади. Яъни ваъда қилинган машиналарни гўёки тушларида кўргандек алданиб қолаверадилар. Охир-оқибат улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат этишади.

Шундан сўнг Дилафрўз Раимовага нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Тергов жараёнида эса яна бир ажабланарли ҳолат юз беради. Гап шундаки, мазкур ишни олиб бораётган терговчи жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун унга 10 кун муҳлат беради. Лекин айбланувчи ана шу муҳлат мобайнида моддий зарарларни қоплаш ўрнига фуқаро Шаҳноза Юсуповага нисбатан ҳам фирибгарлик қилади.

Яъни “Дийдор ширин” кўрсатувининг 2022 йил 9 август куни намойиш этиладиган сонида “Йилнинг энг ёш тадбиркори” номинацияси бўйича ғолибликни ва “Tracker” автомашинасини олиб беришини айтиб лақиллатади. Машина баҳосининг 40 фоизи эвазига Шаҳнозадан 3 000 АҚШ доллари ҳамда 55 миллион сўм нақд пул олади. Аммо 9 август куни кўрсатувда иштирок этиш учун телевидениега борган Ш. Юсупова чув тушганини англаб етади. Д. Раимовага эса бир кун олдин – 2022 йил 8 август куни аввалги фирибгарликлари учун қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилганидан хабар топади.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди мазкур ишни кўриб чиқди.

Натижада Дилафрўз Раимова Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б” банди билан айбдор деб топилиб, озодликдан маҳрум этилди. Суд ҳукмида судланувчидан жабрланувчиларга етказилган зарарни ундириш ҳам белгиланди.

Афсуски, сўнгги пайтларда содир бўлаётган фирибгарлик жиноятларининг кўп қисми аёллар ҳиссасига тўғри келмоқда. Айниқса, Д. Раимова сингари муқаддам судланганлар такрор-такрор фирибгарликка қўл уришмоқда. Бинобарин, жойлардаги хотин-қизлар қўмиталари масъуллари жиноятга мойиллиги бор ёки илгари қонуний жазога тортилган опа-сингилларимиз билан жиддий шуғулланиш­лари, ҳудуд профилактика инспекторлари эса уларнинг юриш-туриши, қадам босишини эътибордан четда қолдирмасликлари лозим.

Нодиржон КИМСАНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қўқон шаҳар судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: