СУИИСТЕЪМОЛЧИЛИК ОҚИБАТИДАГИ НИЗОЛИ ҲОЛАТЛАР СУДДА ҲАЛ ЭТИЛДИ
Жисмоний ва юридик шахслар ўртасидаги низоли, зиддиятли масалаларни ҳал этиш, ҳуқуқий аҳамиятга молик фактларни белгилаш билан боғлиқ ҳолатлар мамлакатимизнинг фуқаролик ва иқтисодий муносабатларга оид қонунчилигида ўзининг теран ифодасини топган. Уларнинг мазмунида инсонийликнинг адолат, ҳалоллик, поклик, холислик аталмиш меъёрлари мужассам.
Амалдаги Фуқаролик кодексининг 9-моддасига кўра, фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт.
Фуқаролар ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларини ҳурмат қилиши, тадбиркорлар эса, иш одоби қоидаларига ҳам риоя этиши керак.
Бошқаларга зарар етказиш, ҳуқуқини ўзгача шаклда суиистеъмол қилиш, бу ишни уларнинг мақсадига зид тарзда амалга оширишга йўл қўйилмайди.
Шундан ҳам аёнки, амалдаги қонунлар чин инсонийлик ва соф виждоний туйғуларни улуғлайди. Бироқ инсон табиати турфа хил. Қонун битта бўлса-да, унга бўлган қараш ва муносабатларнинг ҳар хил экани низоли ҳолатлар рўй беришига сабаб бўлади. Таассуфки, шундай ҳолат Хоразм вилояти Қўриқлаш бошқармаси фаолиятида ҳам кузатилди. Бу идора раҳбарияти ўтган йил кузида Боғот туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Khiva Gulshan Dehqon Bozori» масъулияти чекланган жамиятидан 28,5 миллион сўм миқдоридаги хизмат ҳақини ундириб беришни сўради.
Ҳуқуқий манбаалар етарли бўлган, ариза ва шикоятларда аксини топган даъво фактлар, далиллар асосида исботлаб берилган ва суд жараёнида тасдиғини топган ҳолатларда сўров сўзсиз қаноатлантирилади.
Шуни назарда тутсак, 28,5 миллион сўмлик хизмат ҳақини ундириш юзасидан судга мурожаат қилган тарафнинг даъвосини тасдиқловчи бир қатор ҳолатлар мавжудлигини эътироф этиш керак. Жумладан, томонлар ўртасида қўриқлаш хизмати юзасидан 2019 йил 17 июнь ва 2020 йил 1 февралда 2 та шартнома расмийлаштирилган.
Ушбу ҳужжатларга биноан, Қўриқлаш бошқармаси «Khiva Gulshan Dehqon Bozori» масъулияти чекланган жамиятининг «Кўҳна Хива» кўчасидаги маъмурий биноси ҳудудини 1 нафар соқчи ажратиш йўли билан кунига 12 соат мобайнида қўриқлаш мажбуриятини зиммасига олган. Кўрсатилган хизмат учун ҳақ тўлаш буюртмачининг гарданига юклатилган. Лекин орадан бироз фурсат ўтгач, буюртмачи тўнини тескари кийиб, тўловдан очиқчасига бош тортган. Шу боис зиддият келиб чиққан.
Амалдаги Фуқаролик кодексининг 665-моддасида қайд этилишича, маиший пудрат шартномаси бўйича иш тегишли даражада ёки умуман бажарилмаган тақдирда буюртмачи бу борадаги зарарнинг ўрнини қоплаш учун ўзига берилган ҳуқуқлардан фойдаланиши мумкин.
Ишни судда кўриш асносида масаланинг айни шу жиҳати маълум бўлди.
Буюртмачи тараф — «Khiva Gulshan Dehqon Bozori» масъулияти чекланган жамияти билан «Хоразм ўунча» масъулияти чекланган жамияти бир бинода жойлашгани ва фаолият кўрсатаётгани ойдинлашди. Қўриқлаш бошқармаси айнан шундай мазмундаги шартномани 2019 йил 17 сентябрда «Хоразм ғунча» масъулияти чекланган жамияти билан ҳам тузгани аниқланди. Ҳар иккала корхона ҳудудини қўриқлаш хизмати тарафидан ажратилган 1 нафар соқчи қўриқлаб келган ва кўрсатилган хизматга яраша ҳақ тўланган.
Бундай ҳолатда ижрочи ҳар иккала ташкилот билан алоҳида тузилган шартномага мувофиқ уларнинг ҳар бирига 1 нафар соқчининг хизмат кўрсатишини таъминлаши зарур эди. Аммо иккита юридик шахсга тегишли битта бинони қўриқлаш учун 1 нафар соқчининг ўзи кифоя ва қўриқлаш хизмати мантиқнинг ана шу жиҳатига риоя этган. Иккита ташкилотга қарашли битта бинони амалда 1 нафар соқчи қўриқлаган. Шундай бўлса-да, 2 нафар ходим учун хизмат ҳақи сўралган. Иш вақти тугаганидан сўнг ҳар иккала ташкилотга қарашли бинони қўриқлаш бўйича соқчилар ўртасида хизмат жойини топшириш ва қабул қилиш журнали белгиланган тартибда юритилмагани илгари сурилган даъвонинг ноўрин эканини кўрсатди.
Даъвони қаноатлантириш учун асос йўқлиги рўй-рост ойдинлашди ва рад қилинди.
Судга тақдим этилган бир қатор ҳолатлардан сўнг Хоразм вилояти адлия бошқармасининг Хива шаҳар ҳокимлиги ва шаҳардаги «Бекчан уста» масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2019 йил 26 январь куни имзоланган 40-сонли келишув шартномасини бекор қилиш ва шаҳар ҳокимлигидан тадбиркорлик субъекти фойдасига етказилган зарар учун 414,3 миллион сўм миқдорида маблағ ундиришга қаратилган даъвоси ҳам сал бўлмаса чиппакка чиқаёзди. Ҳокимлик бу даъвога қарши бир қатор факт ва далилларни илгари сурди.
Аниқланишича, Хива тумани ҳокимининг 2012 йил 1 майдаги 447-сонли қарорига биноан «Бекчан уста» масъулияти чекланган жамиятининг «Пахта тайёрлов маскани» Амир Темур кўчасидаги 20,9 минг квадрат метр саҳнли бино ва иншоотларига нисбатан эгалик ҳуқуқи белгиланган. Қарор давлат рўйхатидан ҳам ўтказилган.
Аммо туман ҳокими 2017 йил 22 мартда бошқа бир қарорга ҳам имзо чеккан.
Унда Хива шаҳрининг янги бош режаси лойиҳасини амалга ошириш асносида «Мевастон», «Янги турмуш», «Калтаминор» маҳалларида жойлашган бир қатор қурилмалар, жумладан, «Бекчан уста» масъулияти чекланган жамиятига қарашли бино-иншоотларни ҳам давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузиб олиш кўзда тутилган. Туман ҳокимлигининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини кейинчалик Хива шаҳар ҳокимлиги давом эттирган ва «Бекчан уста» масъулияти чекланган жамияти билан 40-сонли келишув шартномаси расмийлаштирилган. Унда корхона раҳбари ўзига қарашли ер-мулклар жойлашган ҳудуд олиб қўйилиши эвазига берилиши зарур бўлган компенсация тўловидан воз кечгани қайд қилинган.
Ўзаро келишувга мувофиқ шаҳар ҳокимлиги «Қиёт» маҳалласидаги 858-сонли контурда бўш турган 3 гектар ер майдонини «Бекчон уста» масъулияти чекланган жамиятига ажратиб бериш мажбуриятини зиммасига олган. Бироқ «қилдан қийиқ» чиққан.
Ҳокимнинг бу борада қабул қилган қарори лойиҳаси Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги комиссия йиғилишида кўриб чиқилган пайтда «Бекчон ота» масъулияти чекланган жамияти учун танланган майдон алоҳида қимматли ер участкалари тоифасига киргани маълум бўлган. Шу боис қарор лойиҳаси маъқулланмаган. Лекин шаҳар ҳокимлиги қараб турмаган. Ер-мулк эгаси билан тегишли тартибда келишмаган, компенсация тўловини олдиндан амалга оширмаган ҳолда жамиятга қарашли бино ва иншоотлар бузиб ташланган. Зарарнинг ўрни қопланмаган. Натижада муроса-ю мадора ўрнини низо эгаллаган.
Амалдаги тартиб-қоида (Фуқаролик кодексининг 84-моддаси) га кўра, кўчмас мулкка эгалик ва бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши, бекор бўлиши ҳоллари расман қайд қилиниши, яъни давлат рўйхатидан ўтказилиши керак. Лекин айни ҳолатда ушбу қоидага риоя этишнинг имкони йўқ. Даъвогар ва жавобгар ўртасида қонунда белгиланган тартибда келишув шартномаси тузилмагани масъулияти чекланган жамиятга қарашли ер-мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш имконини бермайди. Бундан ташқари тарафлар шартноманинг барча муҳим жиҳатлари бўйича ҳам келишувга эришмаган.
Ана шу ҳолатлар инобатга олинса, шаҳар ҳокимлигининг ўзаро келишув мавжуд бўлмаган ҳолда «Бекчон ота» масъулияти чекланган жамиятининг даъвосини рад этиш ҳақидаги талабини асосли деб бўлмайди. Бунинг устига даъвогар тараф судгача ўтган вақт мобайнида ҳам ҳокимликка бир неча марта мурожаат қилиб, 414,3 миллион сўм ҳажмидаги зарарни тўлаб беришни сўраган. Ҳокимлик даъвогарга «Ангариқ» маҳалласи ҳудудидан ер майдони ажратилишини маълум қилиш билан чекланган. Лекин даъвогар бунга розилик билдирмаган, келишув яна ора йўлда қолган. Шу аснода масъулияти чекланган жамияти раҳбари томонидан адолат ва одилликни сўраб, бошқа мутасадди идораларга қилинган мурожатлардан ҳам наф чиқмаган.
Амалдаги Фуқаролик кодексининг 14-моддаси иккинчи қисмига кўра, зарар деганда, «Ҳуқуқи бузилган шахснинг ушбу ҳуқуқни тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажати, мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек, бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади».
Ер кодексининг 39-моддасида ер эгаси, ундан фойдаланувчи, мулкдор, ижарачи ер участкаси олиб қўйилган тақдирда унга етказилган зарар (шу жумладан, бой берилган фойда) нинг қопланишини ёки ер участкасидан ихтиёрий равишда воз кечилганида сарфланган харажатларнинг тўланишини талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган. Кодекснинг 41-моддасида эса, етказилган зарар (шу жумладан, бой берилган фойда) тўлиқ ҳажмда қопланиши кераклиги уқдирилган.
«Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасида давлат органининг мулкдорга қарашли мол-мулкни бевосита олиб қўйишга қаратилмаган қарори, шу жумладан, унинг тасарруфидаги уй-жой, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки дов-дарахтлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига фақатгина қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилиши белгиланган. Бундай ҳолларда мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг мол-мулк берилади ва у кўрган бошқа зарарлар ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши туфайли етказилган зиённинг ўрни тўлиқ ҳажмда қопланади. Шу ўринда Вазирлар Маҳкамасининг «Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида»ги Низомни тасдиқлашга оид 911-сонли қарори (2019 йил 16 ноябрь) ҳам ер-мулк эгаларининг устувор ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда алоҳида муҳим аҳамият касб этгани, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши мўлжалланган ер майдонлари ва мулкий бойликлар эвазига компенсация тўловларини амалда кафолатлаш омилига айланганини алоҳида таъкидлаш зарур.
Суд жараёнида даъвогарга тегишли бино ва иншоотлар «Хоразм эксперт баҳолаш» масъулияти чекланган жамияти томонидан 414,3 миллион сўмга баҳолангани ва бу бўйича «ELIT INNOVATSION BAHOLASH» ташкилотининг экспертиза хулосаси мавжудлиги инобатга олинди.
Шу аснода ҳақиқат, адолат ва қонун даъвогар тарафида экани аён бўлди.
Суднинг ҳал қилув қарорига асосан Хива шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан «Бекчон уста» масъулияти чекланган жамияти фойдасига 414,3 миллионлик мулкий зарар ундириладиган бўлди. Айни пайтда 8,3 миллион сўмлик давлат божи тўлови ҳам ҳокимлик гарданига тушди.
Хайриятки, низо газак олмай барҳам топди ва қонун тантана қилди.
Баҳодир Давлатов,
Боғот туманлараро
иқтисодий суди раиси,
Абдулла Собиров,
журналист
Фикр қолдириш