ИНСПЕКТОРНИНГ БУЗИЛГАН ҲУҚУҚИ СУД ТОМОНИДАН ТИКЛАНДИ
Инсон бирор-бир касбни танлар экан, ана шу соҳада ҳалол меҳнат қилиб, Ватан равнақига ҳисса қўшишни, ён-атрофдагиларга нафи тегишини ният қилади. Зеро, киши касби ва ҳалол меҳнатидан барака топади.
Фарғоналик Раҳматали Аҳмадалиев ҳам 2001 йилда ички ишлар органлари тизимида фаолиятини бошлаганда элу юртга садоқат билан хизмат қилиш, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш ҳамда жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишни дилига туккан эди.
Албатта, у ўтган вақт давомида фидокорона хизматлари боис эзгу ниятларига эришиб, ҳамкасблари ва жамоаси ўртасида обрў-эътибор қозонди.
Хизматлари муносиб тақдирланиб, 20 йиллик фаолияти мобайнида 9 маротаба рағбатлантирилди. Ички ишлар вазирининг 2018 йил 29 августдаги буйруғига биноан «Аъло хизматлари учун» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Аммо 2020 йилда кутилмаганда Р. Аҳмадалиев ноҳақликка учради. У Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг 2020 йил 28 декабрдаги 110-ш/т-сонли буйруғи билан вазифасидан озод қилинди.
Ушбу буйруққа Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасининг 2020 йил 31 октябрдаги хизмат текшируви хулосаси асос сифатида келтирилган эди.
Хизмат текшируви хулосасида қайд этилишича, Раҳматали Аҳмадалиев 2020 йил 22 октябрь куни соат 00:30 ларда Қўқон шаҳри, «Артизон бўйи» маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биносида жойлашган ички ишлар органлари таянч пунктида профилактика инспектори, капитан Б. Норматов, лейтенант У. Очилов ва фуқаро Ф. Мадаминов билан биргаликда спиртли ичимлик истеъмол қилган. Буни Қўқон шаҳар наркология диспансерининг 2020 йил 22 октябрдаги 2929-сонли маълумотномалари ҳам тасдиқлайди. Шу боис уни ички ишлар органлари сафидан бўшатиш юзасидан Ички ишлар вазирлигига тақдимнома киритилган. Натижада Р. Аҳмадалиев ишдан бўшатилган.
Шундан сўнг Р. Аҳмадалиев фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг 2020 йил 28 декабрдаги 110-ш/т-сонли буйруғининг ўзини хизматдан бўшатиш ҳақидаги қисмини ҳақиқий эмас, деб топиб, хизматга тиклашни ва мажбурий прогул вақти учун иш ҳақи ундиришни сўрайди. Бироқ суднинг 2021 йил 13 апрелдаги ҳал қилув қарори билан унинг даъвоси рад этилади. Р. Аҳмадалиев эса, суднинг ушбу қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти билан мурожаат қилади. Апелляция шикоятида Р. Аҳмадалиев хизмат текшируви мобайнида ишнинг ҳақиқий ҳолати ўрганилмагани, бу ишга бевосита дахлдор шахслардан тушунтириш олинмагани, спиртли ичимликни хизматдан сўнг истеъмол қилгани хизмат интизомини қўпол равишда бузиш ҳисобланмаслиги, хизматдан бўшатиш ҳақидаги буйруқ қонунга зид экани, интизомий жазо чорасини қонунда белгиланган муддатни бузган ҳолда қўлланилганини баён этган.
Амалдаги Фуқаролик процессуал кодексининг 396-моддасига кўра, суд ишни апелляция тартибида кўраётганда суд ҳужжатларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширади. Шунингдек, суд янги далилларни ўрганиб чиқиши ва янги фактларни аниқлаши мумкин.
Меҳнат кодексининг 18-моддасига асосан, давлат хизматчиларининг меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари қонун билан белгиланади. Айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг белгиланадиган хусусиятлари ушбу кодексда назарда тутилган меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатларининг даражасини пасайтириши мумкин эмас.
«Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 138-бандида «Ходимларнинг ҳафталик иш вақти қирқ соатдан ошиши мумкин эмас, зарур бўлган ҳолларда улар кучайтирилган ёки суткалик режимда хизмат ўташга жалб этилиши мумкин. Одатдаги хизмат ўташ режими олти кунлик иш хафтаси ўрнатилишини назарда тутади, бунда кунлик иш давомийлиги етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтаси саккиз соатдан ошмаслиги керак.
Кучайтирилган режим кунига иш вақтидан ташқари давомийлиги тўрт соатдан ошмайдиган хизмат белгиланишини назарда тутади. Суткалик режим уч маҳал овқатланиш ҳамда камида саккиз соат дам олиш учун вақт берилган ҳолда йигирма тўрт соат давомида хизмат ўташни назарда тутади» дея қайд этилган. Шу боис тунги соат 00:30 ни айнан хизмат вақти деб ҳисоблаб бўлмайди. Шунингдек, Р. Аҳмадалиев ўша пайтда кучайтирилган режимда бўлмаган. Аксинча, у хизматдан бўш вақтида ҳамкасбининг ишларида амалий ёрдам бериш учун келган. Қолаверса, катта инспекторнинг иш вақтидан кейин, хизматдан ташқари вақтда, алоҳида ажратилган хонада, овқатланаётган чоғида спиртли ичимлик истеъмол қилгани амалда ноодатий ва яширин, хизмат соҳасига ёт ва кечириб бўлмас, оғир ҳамда зарарли даражадаги ҳусусиятга эга эмас. Энг муҳими, унинг спиртли ичимлик истеъмол қилиши бошқаларга зарар етказмаган, хизматга доир ва бошқа ижтимоий оғир оқибатларга олиб келмаган.
Бундан ташқари Қўқон шаҳар прокуратурасининг 2020 йил 16 декабрдаги жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги қарорида терговга қадар текширув давомида профилактика инспектори У. Очилов ва бошқалар Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси ўз хавфсизлиги бўлими тезкор вакилларига нисбатан куч ишлатгани, уларнинг қонуний фаолиятига фаол қаршилик кўрсатгани ва қонунга зид бирор жиноий ҳаракат содир этгани объектив далиллар билан ўз тасдиғини топмагани қайд этилган. Тергов органининг ушбу хулосаси хизмат текшируви хулосасида кўрсатилган ҳолатни инкор этади. Шу сабабли Раҳматали Аҳмадалиевни ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқни қонуний ва асосли деб бўлмайди.
Фуқаролик процессуал кодексининг 399-моддасига мувофиқ, суд ишни апелляция тартибида кўриб чиққач, ўз ажрими билан ишни янгидан кўриш учун юбормасдан ҳал қилув қарорини ўзгартиришга ёки ҳал қилув қарорини бутунлай ёки қисман бекор қилишга ва янги ҳал қилув қарори чиқаришга ҳақли. Қолаверса, ушбу кодекснинг 399-1-моддасида иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўлиқ аниқланмагани, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг исботланмагани, суднинг ҳал қилув қарорида баён этилган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ келмаслиги, моддий ҳуқуқ нормалари ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилгани ёки нотўғри қўлланилгани суд ҳужжатини апелляция тартибида бекор қилишга ёки ўзгартиришга асос бўлиши белгиланган. Ана шу асосларга таянган Фарғона вилояти суди судлов ҳайъати фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2021 йил 13 апрелдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, янги ҳал қилув қарори қабул қилди. Унга биноан, Р. Аҳмадалиевнинг даъвоси қаноатлантирилиб, Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг 2020 йил 28 декабрдаги 110-ш/т-сонли буйруғининг Р. Аҳмадалиевга тегишли қисмлари бекор қилинди. Энг муҳими, Р. Аҳмадалиев Қўқон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 2-сонли ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи таянч пунктлари профилактика катта инспектори лавозимига ишга тикланди.
Шу тариқа катта инспекторнинг бузилган ҳуқуқи суд томонидан тикланиб, адолат қарор топди. Эндиликда у ўз вазифасини сидқидилдан адо этмоқда.
Бузрукхон АБРОРОВ,
Фарғона вилояти суди судьяси
Фикр қолдириш