МАЪМУРИЙ СУД: БОШ МАҚСАД — ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ
Қонун аслида адолат тантанаси тимсолида намоён бўлади, одамлар ҳам уни шу маънода англашади. Чиндан ҳам, шундай. Адолат намунаси суд жараёнида айниқса, янада яққол намоён бўлмоғи даркор. Эндиликда ушбу талабнинг амалдаги ифодаси шу тизим ходимлари фаолиятининг мезонига айланди десак, хато бўлмайди.
Айтиш керакки, Хоразм вилояти маъмурий судида йилнинг ўтган даврида оммавий-ҳуқуқий муносабатларга оид 609 та маъмурий иш кўриб чиқилди.
Ибратли жиҳати шундаки, муҳокама этилган 227 та маъмурий ишни кўриш жараёнида бевосита фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари тикланди, бу борадаги мурожаатларнинг бари асосли деб топилди ва тўлиқ қаноатлантирилди.
Шу ўринда бевосита ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, «GURLAN BARAKA TEKS» масъулияти чекланган жамияти ва Хоразм вилояти Давлат солиқ бошқармаси ўртасида биринчи ҳамда аппеляция инстанциясида кечган суд жараёнларида адолат тантанаси яққол намоён бўлди.
Аслида калаванинг учи 2021 йилнинг 17 ноябрида вилоят Давлат солиқ бошқармаси раҳбари томонидан имзоланган 1116-сонли қарорга бориб тақалди.
Ушбу ҳужжатга кўра, «GURLAN BARAKA TEKS» масъулияти чекланган жамиятидан қўшимча ҳисобланган солиқ тўлови, жарима ва пенялар бўйича жами 257,4 миллион сўм миқдоридаги тўловни тўлаш талаб қилинган. Бу солиқ тўлови, жарима ва пенялар корхонанинг 2019 йилнинг октябридан 2021 йилнинг июль ойигача ўтган даврдаги фаолияти давомида юзага келгани баён қилинган. Бироқ корхонанинг 2020 йилнинг январь ойидан 2021 йилнинг март ойигача бўлган фаолияти юзасидан солиқ бошқармасининг 2021 йил 8 майдаги 359-сонли ва 10 июнидаги 1473-сонли буйруқларига асосан аввал ҳам текшириш ўтказилган ҳамда тегишли тартибда молиявий таъсир чоралари қўлланилган. Вилоят солиқ бошқармаси раҳбари имзолаган юқоридаги қарор икки марта текширув натижасида корхона зиммасига бир давр учун иккита молиявий тўлов мажбурияти юклатилганидан далолат беради.
Ишни судда кўриш жараёнида Солиқ бошқармаси «GURLAN BARAKA TEKS» масъулияти чекланган жамияти фаолиятига доир текширувларни ўтказиш ва унинг натижасига кўра, молиявий жазо чораларини қўллаш борасида бошқа қонунбузилиш ҳолатларига ҳам йўл қўйгани маълум бўлди. Масалан, бошқарманинг 2021 йил 22 октябрдаги 1027-сонли буйруғи амалдаги тартибга биноан интернет тармоғи рўйхатидан ўтказилмаган. Бундан ташқари ушбу корхона фаолиятини текшириш муддатларини узайтиришга оид буйруқлар ҳам ноқонуний чиқарилган. Шу боис суд Хоразм вилояти Давлат солиқ бошқармасининг нотўғри тўловларга сабаб бўлган 1116-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топди.
Шунингдек, вилоят Давлат солиқ бошқармаси зиммасига тадбиркорлик субъектида ўтказилган камерал текширув жараёнида солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича тўпланган ҳужжатларни қонунчилик меъёрлари асосида қайта кўриб чиқиш мажбурияти ҳам юклатилди.
…Адолат меъёрларининг бузилиши нотўғри ташланган қадамлардан бошланади. Хива шаҳрида айнан шундай ҳолат юз берди. Масъуллар дастлаб тадбиркор Индира Отажонованинг номига 150 квадрат метр саҳнли ер майдонини ажратиб бериш юзасидан шаҳар ҳокимининг 2020 йил 4 февралдаги 365-сонли қарорини ўзгартириш пайига тушишди. Ҳоким қарорига мувофиқ тадбиркор аёлга шаҳардаги «Дўстлик» маҳалласидан тегишли ер майдони ажратиб берилгани, бироқ орадан кўп ўтмай ушбу ҳудуд номи янгиланиб, «Тозабоғ» деб аталганини пеш қилишди.
Маҳалланинг қайта номлангани ҳоким қарорини ўзгартириш учун асос бўлишини таъкидлашди.
Охир-оқибат натижа шу бўлдики, 2022 йилнинг 18-февралида ҳокимнинг 44-12-217-Q/22-сонли янги қарори қабул қилинди. Унга кўра, И. Отажоновага шаҳарнинг номи янгиланган «Тозабоғ» маҳалласидан 150 квадрат метр саҳнли майдон, яъни аввалги қарорда кўрсатилган ўрнини унга қайта ажратиб бериш кўзда тутилди.
Бироқ энди ҳоким қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида ҳужжатда кўрсатилган ер майдонини тадбиркор аёлга хатлаб беришнинг имкони йўқолди. Чунки туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжатларни қабул қилишга доир ваколатлари Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони 4-бандига мувофиқ, 2021 йилнинг 1 августидан эътиборан бекор қилинган. Бинобарин, шундай экан, шаҳар ва туман ҳокимларининг ер участкаларини ўзгалар тасарруфига беришга доир ваколатлари бекор қилинганидан сўнг улар томонидан ушбу мазмунда чиқарилган қарор ҳақиқий ҳисобланмайди.
Табиийки, суд бундай вазиятда қонун талабига суянади. Адолат ва одиллик тамойили туфайли И. Отажонованинг ҳуқуқлари дахлсизлиги таъминланди.
Хонқалик Ш. Нурматованинг судга ёзган аризасида болаликдан биринчи гуруҳ ногирони бўлган фарзанди Жамолиддин Авазматовни 2008 йил декабридан 2016 йил сентябрь ойига қадар узлуксиз парваришлагани, бироқ Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Хонқа тумани бўлимида ушбу муддатни пенсия тайинлаш учун меҳнат стажига қўшиб ҳисоблашдан бош тортишганини баён этган ва бўлимнинг мансабдор шахслари зиммасига ушбу даврни меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш мажбуриятини юклашни сўраган.
Судда кўрсатма берган жавобгар ташкилот вакили Б. Қаландаров Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 65-бандида I гуруҳ ногирони ёки 16 ёшгача ногирон болага, шунингдек, 80 ёшга тўлган кексаларга қараб туриш вақти, қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномаси, ногиронликда бўлганликни, ёшни тасдиқлайдиган ҳужжатлар ва ўзганинг парвариши зарурлиги тўғрисидаги даволаш муассасасининг тиббий хулосаси асосида белгилаш кўзда тутилганини тан олди. Лекин Пенсия жамғармасининг туман бўлими боқимандалиги исботланган шахсни парваришлашнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномасини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан олинган маълумот ва қараб турилган шахслар, шунингдек, уларнинг қўшниларидан ҳар 12 ойда 1 марта сўраб чиқиш асносида расмийлаштирмаганини қайд этди.
Ушбу ҳужжат мавжуд бўлмаган вазиятда фуқаронинг меҳнат стажини ҳисоблаш ҳақидаги талабини қаноатлантиришнинг ҳам иложи йўқ. Бундан кўринадики, муаммо бевосита Пенсия жамғармаси туман бўлими тарафидан ҳар 12 ойда 1 маротаба расмийлаштирилиши зарур бўлган далолатномага бориб тақалади. Бундай вазиятда айбни ўз зиммасидан соқит этиш ва расмийлаштирилмай қолиб кетган далолатнома учун масъулликни ўзи эмас, балки оддий фуқаронинг зиммасига юклаш инсофдан эмас. Суд масаланинг шу ва бошқа қонуний жиҳатларини назарда тутган ҳолда низонинг ечимини таъминлади. Унга биноан фуқаро ҳақ бўлиб чиқди. Суд қарорига асосан Пенсия жамғармаси Хонқа тумани бўлимига Ш. Нурматованинг 2008-2016 йиллардаги меҳнат фаолияти (болаликдан 1-гуруҳ ногирон фарзанди Жамолиддин Авазматовни параваришлаш даври) ни пенсия тайинлаш учун умумий иш стажига қўшиб ҳисоблаш мажбурияти юклатилди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш суд фаолиятининг бош мақсади саналади. Баён этилган тафсилотлар бунинг амалдаги намунасидир.
Жамила Султонова,
Хоразм вилояти
маъмурий суди раиси
Фикр қолдириш