МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАР ҚАРОРЛАРИ БЎЙИЧА ШИКОЯТЛАР ЭНДИ МАЪМУРИЙ СУДЛАРДА ҚОНУНАН КЎРИБ ЧИҚИЛАДИ

Мамлакатимизда амалдаги «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 1-моддаси биринчи қисмига кўра, вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда халқ депутатлари Кенгашлари давлат ҳокимиятининг вакиллик органлари ҳисобланади. Туманга бўйсунадиган шаҳарлар бундан мустаснодир.

Ўз навбатида, «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига мувофиқ, маъмурий-ҳуқу­қий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ор­ганлари, шунингдек, ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бош­қа ташкилотлар ва махсус тузилган комиссиялар маъмурий органлар ҳисобланади.

Бундан кўринадики, Халқ депутатлари Кенгашлари маъмурий орган ҳисобланади.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс­нинг 4-моддаси биринчи қис­­­мига кўра, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга, умуман, судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Қонуннинг ушбу талабидан келиб чиққан ҳолда, Халқ депутатлари Кенгашларининг қа­рорлари устидан ҳуқуқи бузилган шахслар маъмурий судларга мурожаат қилган бўл­са-да, уларнинг ариза ва шикоятлари бу талаб маъмурий судга тааллуқли бўлмагани туфайли кўрилмасдан келаётган эди.

Чунки «Маҳаллий давлат ҳо­кимияти тўғрисида»ги қо­нун­да Халқ депутатлари Кенгашларининг қарорлари ус­тидан судга шикоят қилиш назарда тутилмаган. Аксинча, уш­бу қонуннинг 28-моддасида ҳоким қарорлари устидан судга шикоят қилиниши мумкинлиги қайд этилган эди, холос.

Қонунинг 26-моддасида Халқ депутатлари Кенгашларининг қо­нунга зид қарорлари белгиланган тартибда Олий Мажлис Сенати томонидан бекор қилиниши кўрсатилган эди.

Президентимиз томонидан 2021 йил 16 августда имзоланган «Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек, ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати би­лан Ўзбекис­тон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғ­рисида»ги қо­нун маъмурий судлардаги юқорида қайд этилган судга тааллуқлилик борасидаги масалага якун ясади. Яъни ушбу қонун билан «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қо­нун­нинг 28-моддаси янги таҳрирда баён этилди.

Унда Халқ депутатлари Кен­гаши ва ҳоким томонидан қа­бул қилинган ҳамда чиқарилган ҳужжатлар устидан фуқаролар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан суд тартибида шикоят қилиниши, шунингдек, прокурор томонидан протест келтирилиши мумкинлиги белгиланди.

Шу сабабли энди маъмурий судлар Халқ депутатлари Кенгашларининг қарор­лари устидан берилган ариза ва ши­коят­лар бўйича иш юритишни тугатмайди. Аксинча, ушбу ариза ва шикоятларни мазмунан кў­риб чиқиб, қонуний ва асосли ҳал қилув қарори қабул қи­лиши лозим бўлади.

Акмал Муродов,

Навоий вилояти

маъмурий суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: