ШАРТНОМА ТАЛАБИНИ ЎЗ ВАҚТИДА БАЖАРИШ ҲАМ ФАРЗ, ҲАМ ҚАРЗ

Маълумки, жамият ҳаётини шартномавий муносабатларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки шартнома хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг ҳуқуқий асоси ҳисобланади. Айнан шартнома тузиш йўли билан унинг тарафлари ўртасида фуқаролик ҳуқуқи ва бурчлари вужудга келади, ўзгаради ёки бекор бўлади.

Айтиш керакки, шартнома бўйича бир тарафнинг зиммасига олган мажбуриятларини бажармаслиги охир-оқибат судда қонуний ечим топади. Буни қуйидаги мисол ҳам яққол тасдиқлайди.

“Микрокредитбанк”нинг Сирдарё ҳудудий филиали ва “Музаффар Сардор файз” хусусий корхонаси ўртасида 2019 йил 28 декабрда тузилган кредит шартномасига кўра, банк корхонага 400 000 000 сўм миқдорида кредит маблағи ажратиш, корхона эса, банкка кредит суммасини шартномада белгиланган муддат ва шартларда қайтариши керак эди.

Мазкур шартноманинг 1.2-бандида кредит муддати асосий қарз тўлови бўйича 6 ой имтиёзли давр билан 2022 йил 27 декабргача амал қилиши, 1.3-бандида кредитдан фойдаланганлик учун фоиз миқдори 8 фоизни ташкил этиши, 1.4-бандида кредит маблағи хитой технологияси асосида сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш учун ускуналар сотиб олиш мақсадида берилиши назарда тутилган.

Кредит мажбуриятининг бажарилиши таъминоти сифатидан 2019 йил 31 декабрда гаров шартномаси тарафлар томонидан имзоланган ва нотариал тартибда тасдиқланган. Шу билан бирга гаровга қўйилган мулкларнинг нобуд бўлиши ёки шикастланиши 2019 йил 30 декабрдаги шартномага асосан суғурта қилинган. Бундан ташқари кредит миқдорининг 50 фоизи, яъни 200 000 000 сўмига Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги берилган.

Аммо банк томонидан корхонага шартномада белгиланган миқдор ва шартлар асосида кредит маблағи ажратилмаган. Шу сабабли Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси корхона манфаатини кўзлаб, даъво аризаси билан Боёвут туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилган. Даъво аризасида банк зиммасига 2019 йил 28 декабрда тузилган 34-сонли кредит шартномасига асосан сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш ускуналари сотиб олиш учун 400 000 000 сўм миқдорида кредит маблағи ажратиш мажбуриятини юклаш сўралган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорига мувофиқ даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган. Мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлган Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси апелляция шикояти билан мурожаат қилган.

Сирдарё вилояти суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг қарори билан апелляция шикояти қаноатлантирилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилинди.

Аммо банк маъмурияти бундан норози бўлиб, Олий судга кассация шикояти йўллади. Унда 2020 йил 1 январдан бошлаб дастурлар доирасидаги лойиҳаларни кредитлаш Марказий Банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси бўйича (16 фоиз) амалга оширилиши лозимлиги, шу билан бирга тарафлар ўртасида 2019 йил 28 декабрда тузилган 34-сонли кредит шартномасининг 1.3-банди ўз кучини йўқотгани ҳамда 2019 йил 31 декабрь куни қонунчиликда белгиланган тартибда дам олиш куни бўлгани ҳолда гаров шартномаси расмийлаштирилгани, ушбу санада Кредит ахборотлари миллий институти электрон маълумотлар базаси ишламагани сабабли кредит бериш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга ошириш имкони бўлмагани баён этилган.

Аслида эса, тарафлар ўртасида 2019 йил 28 декабрда тузилган 34-сонли кредит шартномаси бекор қилинмаган ёки ўзгартирилмаган. Қолаверса, Фуқаролик кодексининг 384-моддаси биринчи қисмида шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги келишув ҳам шундай шаклда тузилиши белгиланган. Кредит шартномасида тарафларнинг шартномани бир томонлама ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳуқуқи белгиланмаган.

Олий суд иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати “банк шартнома шартларига амал қилмасдан, асоссиз равишда корхонага кредит маблағини ажратмаган, шартнома интизомига риоя қилмаган”, деган асос билан кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этди ҳамда Сирдарё вилояти суди апелляция инстанциясининг қарорини ўзгаришсиз қолдирди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, шартнома тарафлари унда белгиланган (келишилган) мажбуриятларини ўз вақтида ва лозим даражада бажариши шарт. Ана шундагина тарафларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари бузилмайди.

Элёрбек СОИБНАЗАРОВ,

Сирдарё вилояти суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: