МАЪНАВИЙ ҚАШШОҚЛИК ҚУРБОНИ ЁХУД ҚОТИЛЛИКНИНГ ТУБ ИЛДИЗИ НИМАГА ТАҚАЛАДИ?
Жиноятнинг катта-кичиги бўлмайди. Бу ҳақиқат. Кимлардир билиб, баъзилар эса, билмай қинғир ишга қўл уради. Лекин ўйламай босилган ҳар бир қадамнинг сўроғи бор. «Қилмишим фош бўлмайди», деган ўйда минг бир баҳоналарни тўқиш чучварани хом санашдек гап. Айрим одамлар жиноят кўчасига мана шундай кайфиятда ҳам қадам қўяди.
Жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани судининг навбатдаги суд мажлисида судланаётган кимсанинг кайфиятида афсус ва пушаймонликдан асар ҳам йўқ. Чунки у жабрланувчи эмиш. Туҳмат балоси уни қотилга чиқариб қўйибди. Қамалиб кетса, адолатдан бўлмас экан…
Судланувчи Ботир Шокиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўта хавфли рецидивист ҳисобланади. У шу кунга қадар 5 марта судланиб, ўн йилдан ортиқ умрини қамоқда ўтказган.
У олтинчи марта жиноятга қўл ураётганида озодликни чеклаш жазосини ўтаётган эди. Аммо қилмишидан тўғри хулоса чиқариб, жамиятда ўз ўрнини топиш ўрнига яна жиноят кўчасига қадам қўйди.
Гап шундаки, кунларнинг бирида у таниши Ваҳоб Алиевни уйига таклиф қилади. Меҳмон келгач, бир шиша ароқ ичишди. Икковлон ичкилик ҳуморидан таниш-билишларига қўнғироқ қила бошлайди. Хуллас, ўша куни Ботирнинг уйига яна уч киши келади. Маишат, кайфу сафога берилган меҳмонлар хонадаги телевизорга уланган «DVD»нинг овозини баландлатишни хоҳлаб қолишади. Бироқ қанча ҳаракат қилишмасин, бунинг уддасидан чиқа олишмайди. Кейин меҳмонлардан икки киши уйига кетади.
Қолган меҳмонлардан бири хонага кириб-чиқиб турган Ботирнинг хотинидан исмини сўрайди. Ўз навбатида, аёл буни Ботирга айтади. Бу гапни эшитган ширакайф Ботир ошхонадаги пичоқни олганча хонага отилиб киради ва меҳмоннинг кўксига санчади…
Пичоқ зарбидан йигит ҳаётдан кўз юмади. Кўзи қонга тўлган Ботир саросимага тушиб қолган Ваҳобни ҳам пичоқ билан жароҳатлайди. Сал вақтдан сўнг Ботир Ваҳобдан қотилликни бўйнига олишни талаб қилади. Акс ҳолда хонадан тирик чиқмаслигини айтиб, таҳдид қилади. Ваҳоб жон қайғусида унинг шартига кўнади…
Энг қизиғи, Ботир суд мажлисида айбини яширишга қаттиқ ҳаракат қилди.
Унинг иддао қилишича, гўёки меҳмон йигитни Ваҳоб ўлдирган эмиш. Ваҳоб эса, ёлғон кўрсатма бериб, унга туҳмат қилаётган экан. Бироқ Ботирнинг гаплари алдовдан ибортлиги жиноят иши доирасида тўлиқ тасдиғини топди.
Суд унинг жиноятига яраша қонуний жазо тайинлади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, аслида содир этилган жиноятнинг илдизлари Ботирнинг дунёқарашига бориб тақалади. Бошқача айтганда, у маънавий дунёси қашшоқлиги туфайли шу куйга тушди. Бинобарин, ҳаётда бахтли ҳаёт кечириш учун инсоннинг маънавий дунёси кемтик бўлмаслиги керак.
Айни шу жиноят иши мисолида маънавият инсонга барча иллатларга қарши тура олишни ўргатиши яна бир бор ўз тасдиғини топади. Маънавият инсоннинг руҳий олами, имон-эътиқоди, тафаккури, онги, ақлу заковати, илму фаросати, кийиниши, сўзлашиши, муомаласи, тарбиясини қамраб олган яхлит бир тушунчадир. Шу боис маънавият одамзот боласининг энг асосий эҳтиёжи бўлиб қолаверади. Бу — исбот талаб қилмайдиган ҳаёт ҳақиқатидир.
Зафар ШАРОПОВ,
жиноят ишлари бўйича
Зангиота тумани суди судьяси,
Абдусалим МАҲМУДОВ,журналист
Фикр қолдириш