ФИРИБ ДОМИГА ТУШГАН КИМСАЛАРНИНГ ТАҚДИРИ АЯНЧЛИ

Донишмандларнинг фикрига кўра, сабаб бўлмаган жойда оқибат ҳам юз бермайди. Бу аллақачон ўз исботини топганда ҳаққоний ва ҳаётий таълимотдир. Жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир тумани суди ўтган йили фириб тўрига тушган бир неча фуқаронинг ачинарли қисматига оид учта жиноят ишини кўриб чиқди. Унинг якунида фирибгарнинг дўсту қариндоши эмас, нуқул манфаати мавжуд экани ўз тасдиғини топди.

Одатда, фирибгарлик хатти-ҳаракати аксарият ҳолларда дўстлик, биродарлик, ҳамкорлик, мадад ва ҳиммат борасида берилган тоғ-тоғ ваъдалар замирида юзага келади. «Навбаҳор» маҳалласида яшовчи, «Жаҳонгир Фарм» хусусий корхонаси бошқарувчиси Жаҳонгир Янгибоев ҳам айнан шундай тарз­да таниши М. Матёқубов, тоғаваччалари С. Кенжаев ва Э. Абдуллаевни чув туширди. У дастлаб С. Кенжаев ва Э. Абдуллаевни авраб-алдаган куйи уларнинг номига алоҳида тадбиркорлик корхонасини очди. Сўнгра қариндошларини «Агробанк»нинг туман филиалига бошлаб борди. Бу жараёнда қариндошлар номига банк кредитини расмийлаштириш очиқ-ошкора, ажратилган мўмай миқдордаги пулни ўзлаштириш «операцияси» эса, тамомила пинҳона тарз­да амалга ошди. Аниқроғи, С. Кенжаев ва Э. Абдуллаев ўзларининг номига расмийлаштирилган 101 миллион сўм миқдоридаги кредит маблағини Ж. Янгибоев аллақачон шахсий эҳтиёжи учун сарфлаб юборганидан кредит маблағини сўндириш бўйича банк талабномаси келгандан сўнггина хабар топишди. Ж. Янгибоев бу қилмиши билан чекланмади. Орадан кўп ўтмай у туманнинг Вазир қишлоғида яшовчи М. Матёқубовнинг ҳузурида пайдо бўлди. Ўзини тадбиркор сифатида кўр­сатиб, 3 минг 161 килограмм миқдоридаги «Лазур» навли гуручга харидор бўлди. Ўзаро савдолашиш чоғида гуруч 44 миллион 246 минг сўмга баҳоланди. Ж. Янгибоев пулини уч кун ичида қайтариш шарти билан 6 миллион 830 минг сўмга тенг бўлган 489 килограмм гуручни насияга олиб кетди. Би­роқ орадан ойлар ўтса-да, гуручнинг пулини М. Матёқубовга бермади. Натижада Ж. Янгибоевга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Содир қилинган жиноий қилмишнинг барча тафсилоти суд жараёнида ойдинлашди. Ишни кўриш жараёнида айбланувчи сифатида кўрсатма берган Ж. Янгибоев айбига иқрор бў­либ, пушаймонлигини билдирди.

Бундан ташқари тоғаваччалари С. Кенжаев ва Э. Абдуллаевнинг номига расмийлаштирилган 101 миллион сўм миқдоридаги кредит маблағини банк­ка қайтариб берганини маълум қилди.

Судда Э. Абдуллаев ва С. Кенжаев айбланувчининг важларини тасдиқлаб, банк олдидаги қарздорлик Ж. Янгибоев томонидан бартараф қилингани сабабли даъвога ҳожат қолмаганини баён этишди. Судда гувоҳлик берган М. Матёқубов ўзига етказилган 6 миллион 830 минг сўм­лик зарарни ундириб беришни сўради.

Қўшкўпир туманининг «Баҳористон» маҳалласида яшовчи С. Авазмуродов ҳам қариндошига нисбатан фирибгарлик содир этган. У яқин қариндоши А. Болтаевага банк кредити эвазига «Cobalt» русумли автомашина сотиб олиш ниятидалиги, расмий иш жойи йўқлиги учун кредитни унинг номига расмийлаштиришни илтимос қилган. Табиатан оқкўнгил бўлган А. Болтаева кредит қарздорлигини банкка қайтариш билан боғлиқ барча мажбуриятларини ўз вақтида бажаришга ваъда берган қариндоши С. Авазмуродовнинг илтимосини рад этмаган. Орадан кўп вақт ўтмай банк томонидан бир йил муддатга 34 фоизлик устама асосида ажратилган 20 миллион сўмлик кредит маблағи С. Авазмуродовнинг шахсий пластик картасидан жой олган.

Енгил йўл билан топилган мол-дунё иймони суст кимсани ҳар мақомга йўрғалатади, дея бежизга айтишмаган.

С. Авазмуродовнинг кейинги хатти-ҳаракати ушбу ибора нечоғлиқ ҳаққоний эканини яққол тасдиқлади. Кредит маблағини қўлга киритгач, у автомашина сотиб олиш ниятидан воз кечди. Автомашина баҳона қариндошини чув туширганини унутиб, 20 миллион сўм миқдоридаги кредит маблағини ўз шахсий эҳтиёжи учун ишлатиб юборди. Кейин эса, автомашина сотиб олишга маблағ етмаётганини рўкач қилиб, «Агробанк»нинг Қўшкўпир тумани филиалидан А. Болтаеванинг номига такроран 13,5 миллион сўм миқдорида кредит олди. Аммо бу гал ҳам кредит маблағини ўзлаштириб юборди.

Таассуфки, С. Авазмуродовнинг ҳакалак отган нафси бу билан ҳам тийилмайди. У таниши С. Матёқубовга тегишли 17 миллион сўмлик 4 та тикув дастгоҳи, яна бир таниши Т. Худойбергановнинг 400, С. Тиллабоевнинг 900 АҚШ доллари, Ж. Матниёзовнинг 7,6 миллион сўмлик иккита «Immer» русумли кондиционери, У. Дурдиевнинг 1 миллион 134 минг сўм пулини алдов ва фирибнинг турли усуллари ёрдамида қўлга киритиб, уларни ўз эҳтиёжлари учун сарф­лаб юборди.

Фирибгарлик гирдоби гурланлик Нодирбек Маткаримовни ҳам ўз домига тортди. «Халқ банки»нинг ту­ман филиали ғазнасида ҳисобчи-назоратчи лавозимида ишлаган Н. Маткаримов эндигина 27 ёшга тўлган бўл­са-да, фирибгарлик сингари жирканч қилмишнинг ҳадисини олган.

Н. Маткаримов 2020-21 йилларда турли ҳийла-найранглар орқали «Тўлқинбек Қурамбаев» масъулияти чекланган жамияти раҳбари У. Болтабоевнинг 78 миллион, «Зоир Чорва» масъулияти чекланган жамияти раҳбари З. Ўрозматовнинг 7,2 миллион, Н. Собировнинг 1.9 миллион, Ж. Каримовнинг 8,7 миллион, «Муҳаммаджон-Фарангиз» масъулияти чекланган жамияти бошқарувчиси Ф. Хизровнинг 15,5 миллион сўм маблағини қўлга киритган ва ўз эҳтижига сарфлаган.

Суд фирибгарлик жиноятини содир этган Ж. Янгибоев, С. Авазмуродов ва Н. Маткаримовни амалдаги Жиноят кодексининг 168-моддасига асосан айбдор деб топди ҳамда Ж. Янгибоевга 2 йил-у 6 ой, С. Авазмуродов ва Н. Маткаримовга нисбатан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади. Шунингдек, Н. Маткаримовга нисбатан қўшимча таъсир чора ҳам қўлланилди. Яъни у давлат иштирокидаги кор­хона ва ташкилотларда бир йил мобайнида мансаб ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Ҳаётда ҳеч кимга нопок луқма буюрмайди. Бу гал ҳам шундай бўлди.

Бировнинг пешона тери ҳисобига орт­тирган пули ва мулки эвазига бойишни кўзлаганлар ниятига етолмади. Уларга қилмишига яраша жазо та­йинланди. Бу энди уларга сабоқ бўлса, ажаб эмас.

Акбар АМИНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қўшкўпир тумани суди раиси,

Абдулла СОБИРОВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: