ПРОКУРОР АЙБЛОВДАН ВОЗ КЕЧДИ
Маълумки, 2021 йил суд-ҳуқуқ тизимида муҳим тарихий янгиланиш ва ўзгаришлар юз бераётгани билан эсда қоларли тарзда бошланди. Яъни Президентимизнинг 2020 йил 24 июлда имзоланган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 2020 йил 10 августдаги «Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонлари доирасида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари кўлами янада кенгайди.
Энг асосийси, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июлда имзоланган Фармони 2-бандида давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра, жиноят ишини тугатиш масаласи қайд этилган. Яқинда Фарғона вилояти судида ана шундай иш кўриб чиқилди. Бу Фарғона туманининг «Хўжа Аҳмад Вале» маҳалласида яшовчи Фарҳод Шаҳобовга оид жиноят ишидир.
Айтиш керакки, Қирғизистон Республикасида яшовчи, дастлабки терговда шахсини аниқлашни имкони бўлмаган «Нурилло» исмли шахс ўзаро савдо-сотиқ жараёнида Фарҳоддан 1 500 АҚШ доллар миқдорида қарз бўлиб қолади. Бунинг эвазига иккала йигит давлат чегарасини кесиб ўтиш қоидаларини бузмаган ҳолда тамаки маҳсулотларини Қирғизистон Республикасидан мамлакатимиз ҳудудига олиб ўтиш режасини тузишади.
Шунга биноан, 2020 йил 10 сентябрь куни соат 12:30 ларда Нурилло уч дона целофан пакетга солинган, 2 960 қути «Милано» номли тамаки маҳсулотини икки қўшни давлатни ажратиб турувчи, шох-шаббалар билан ҳосил қилинган тўсиқ устидан ирғитиб, ўтказиб беради. Кейин эса, Фарҳод тамаки маҳсулотини отаси Ш. Шаҳобовга тегишли «Хундай портер» русумли автомашинага юклаб, туман марказига йўл олади. Унинг мақсади тамаки маҳсулотини бозордаги савдогарларга сотиш эди. Бироқ йўлда уни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари тўхтатишади. Натижада Ф. Шаҳобовнинг қилмиши фош бўлади. Фарғона шаҳридаги «Континент имкон баҳо» масъулияти чекланган жамияти мутахассислари эса, 2020 йил 14 декабрдаги 516-сонли баҳолаш ҳисоботи билан ашёвий далил тариқасида олинган маҳсулотнинг умумий нархини 24 272 000 сўмга баҳолашади.
Оқибатда Ф. Шаҳобовга нисбатан Жиноят кодексининг 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этиш) нинг 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу жиноят объектив томондан анча миқдорда ёхуд худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган этил спирти, алкоголли ёки тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритишда ифодаланади. Жиноят қонунчилигида эса, анча миқдор деб, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача бўлган миқдорга айтилади. Президентимизнинг 2020 йил 30 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 февралдан бошлаб мамлакатимиз ҳудудида базавий ҳисоблаш миқдори 245 000 сўм этиб белгиланган. Мазкур сумманинг юз баравари 24 500 000 сўмни ташкил этади. Бинобарин, айни пайтда Фарҳод Шаҳобов содир этган 24 272 000 сўмлик тамаки маҳсулотларини муомалага киритиш жинояти анча эмас, балки кўп бўлмаган миқдорни ташкил қилади. Бундан кўринадики, тергов органи томонидан унга нисбатан тўғри айб эълон қилинган бўлса-да, лекин содир этилган жиноят ишини судда кўриш жараёнида жиноят таркибини бермайди. Қолаверса, Ф. Шаҳобов муқаддам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 186-1-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилмаган. Шу боис ушбу ишда қатнашган прокурор айбловдан воз кечди.
Ўз навбатида, жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг қараши ҳам худди шундай эди. Шунинг учун суд Ф. Шаҳобовни айбсиз деб топиб, оқлади.
Шу билан бирга, унинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 186-1-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлгани сабабли иш материаллари маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун ажратиб олиниб, Фарғона тумани прокуратурасига юборилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 10 августдаги «Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони тизимдаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Ушбу Фармоннинг 1-бандида жиноятчиликнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, шунингдек, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва уларда қонунга итоатгўйлик руҳини шакллантириш механизмини жорий қилиш вазифаси белгиланган. Мазкур қоидага биноан, Фарғона вилояти судлари томонидан 319 та хусусий ажримлар чиқарилди.
Бундан ташқари Фармоннинг 2-бандида ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича, шунингдек, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда ҳимоячининг иштирок этиши шартлиги белгиланган. Албатта, ушбу янги қоида бугун амалда ҳам ўзининг тўлиқ ифодасини топмоқда.
Муҳими, ушбу янги қоида ижросини таъминлаш мақсадида Жиноят-процессуал кодексининг 51-моддаси (ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳоллар) биринчи қисми 8-1 – 8-4-бандлари билан тўлдирилди. Эндиликда суд томонидан дастлабки эшитув ўтказилаётган ишларда, ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, шунингдек, қамоқда сақлаш, уй қамоғи муддатини узайтириш масаласи кўриб чиқилаётганда, айбига иқрорлик тўғрисида келишув тузилган ишлар бўйича ҳимоячининг иштирок этиши шарт экани белгилаб қўйилди.
Шунинг учун ҳам 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида Фарғона вилоятидаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларига қамоққа олиш, уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳамда ўта оғир жиноятлар учун қамоққа олиш ҳақида 326 та илтимоснома келиб тушган бўлиб, уларнинг 319 тасида ҳимоячининг иштироки таъминланган.
Президентимизнинг юқорида қайд этилган Фармонида ўз аксини топган энг эътиборли масалалардан яна бири бу — терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан шахсни ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишга ундаш ва бундай ундаш оқибатида содир этилган жиноят учун уни айблашни тақиқлашдир. Афсуски, 2020 йилда бундай қонунбузилиш ҳолатлари кузатилган. Хусусан, 2020 йилнинг 17 январь куни Учкўприк тумани, Янгиқишлоқ маҳалласида яшовчи, савдо-сотиқ фаолияти билан шуғулланувчи Музаффар Умаралиев таниши Беҳруз Маликовнинг илтимосига кўра, Ҳомиджон Икромов (исм-шарифлар ўзгартирилган) га 33 565 000 сўмни 3 500 АҚШ доллари (1 АҚШ долларини 9 670 сўмдан) га алмаштириб бераётган пайтда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Учкўприк тумани бўлими ходимлари томонидан ушланади.
Аниқланишича, Департаментнинг Бувайда тумани бўлими инспектори вазифасида ишловчи Ҳомиджон Икромов 2019 йилнинг ноябрь ойида таниши И. Қодировга автомашина сотиб олмоқчи эканини, шунинг учун пулини АҚШ долларига алмаштириш зарурлигини айтади. Аслида унинг мақсади бутунлай бошқа эди. Аниқроғи, у Департаментнинг Учкўприк тумани бўлими томонидан валюта олди-сотдиси бўйича бирор-бир ҳолатни аниқлаш ҳамда бу юзасидан ўтказилиши режалаштириладиган тезкор тадбирда иштирок этишни кўзлаганди. Бироқ бу гапдан бехабар И. Қодиров Беҳруз Маликовга қўнғироқ қилиб, ёрдам сўрайди. Б. Маликов эса, инспекторни Музаффар билан таништириб қўяди. Шунда Ҳомиджон ўзининг қалампир савдоси билан шуғулланувчи сифатида таништириб, автомашина сотиб олиш ниятида экани, шунинг учун пулнинг бир қисмини 500 АҚШ долларига алмаштириш лозимлигини айтади. Шу мақсадда махсус ишлов берилган пулдан 5 000 000 сўм олиб, М. Умаралиевга беради. Музаффар эса, пулни олгач, туманнинг Янгиқишлоқ қишлоғида жойлашган ўзининг савдо дўконидан айтилган валютани олиб чиқиб беради.
Шундан сўнг декабр ойининг ўрталарида Ҳ. Икромов уйида усталар ишлаётганини баҳона қилиб, яна Беҳруз орқали М. Умаралиевдан 500 АҚШ доллари сотиб олади. Лекин Ҳ. Икромов 2020 йил 16 январь куни кеч соат 18:00 ларда Б. Маликовга сим қоқиб, 34 миллион сўми борлиги, уни АҚШ долларига алмаштириш ниятида эканини айтади ҳамда оғайниси Музаффардан хорижий валюта бор-йўқлигини сўраб беришини илтимос қилади. Бироқ Шерзод кун кеч бўлганлиги боис айни масалани эртага ҳал қилишини айтади. Эртаси куни эса, унинг жавобини кутмай, яна Ҳ. Икромовнинг ўзи қўнғироқ қилади. Шунга биноан, Б. Маликов М. Умаралиев билан гаплашиб, инспекторга аввалги учрашув жойига келаверишини тайинлайди. Худди шу жавобни кутган Ҳ. Икромов эса, дарҳол ҳамкасбларига хабар беради. Сўнгра кимёвий ишлов берилган 34 миллион сўмни олгач, ўзи, 2 нафар холислар билан бирга Беҳрузнинг ёнига боради.
Кейин Б. Маликов Музаффарнинг дўконидан ҳар бир АҚШ долларини 9 670 сўмдан ҳисоблаб, 33 845 000 сўмни 3 500 АҚШ долларига алмаштириб чиқади. Шунда тезкор ходимлар келиб, уни қўлга олишади. Қолаверса, ўша заҳотиёқ М. Умаралиевни ҳам ушлашади. Оқибатда ҳар иккаласига нисбатан Жиноят кодексининг 177-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилади. Мазкур ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Учкўприк тумани суди эса, уларни қонуний жазога маҳкум этади. Аммо…
Аммо суд мажлисида инспекторнинг ғайриқонуний ҳаракати фош бўлиб қолди. Яъни 2012 йил 25 декабрда қабул қилинган «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 17-моддасида тезкор қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар фуқароларни ҳуқуқбузарлик содир этишга оғдириши ва ундаши тақиқланиши қайд этилган. Аммо Ҳ. Икромов ўзи Департамент ходими бўла туриб, 2019 йил ноябрь ва декабрь ойларида 2 маротаба Б. Маликов ва М. Умаралиевни жиноят содир этишга ундаган.
2020 йил январь ойидаги ҳолат эса, учинчи ундов бўлган. Қолаверса, 2019 йил ноябрь ва декабрь ойларида 500 АҚШ долларидан хорижий валютани сотиб олгач, уларни қонуний жазога тортилмагани ҳамда бу ҳолатлар қонуний тартибда расмийлаштирилмагани ҳам Департамент ходимининг хатти-ҳаракати ноқонуний эканлигини тасдиқлайди. Бинобарин, суд айбдорларга жазо тайинлаш баробварида инспектор Ҳ. Икромовнинг ноқонуний ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун хусусий ажрим чиқариб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборди.
Албатта, энди бундай ҳолатларга йўл қўйилмайди. Энг эътиборлиси, давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган фармонлари ижроси судларда ҳар бир ишда адолат қарор топаётгани билан таъминланмоқда.
Натижада ҳамюртларимизнинг давлат идоралари ва одил судловга бўлган ишончи ҳам ортиб бормоқда.
Шуҳрат КАМОЛОВ,
Фарғона вилояти суди раиси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
Фикр қолдириш