СОХТА ДИПЛОМ ЮЗШУВУТЛИККА САБАБ БЎЛДИ

Мамлакатимизда ёшларга таълим-тарбия берадиган устоз-мураббийлар ҳамиша эл ардоғида бўлиб, уларга чексиз ҳурмат кўрсатилади. Бу бежизга эмас, албатта. Чунки улар фидойилик билан келажагимиз эгалари бўлган ўғил-қизларимизни маънан етук, жисмонан соғлом, билимли, меҳр-оқибатли, ҳалол инсонлар этиб тарбиялашга масъулдирлар. Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ана шундай юксак мақомга доғ туширадиган кимсалар ҳам учраб туради. Қуйидаги жиноят иши тафсилоти ана шу ҳақда.

Юнус Қўлдошев (исм-шарифлар ўзгартирилган) Навоий вилояти спортни ривожлантириш бошқармаси тасарруфидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида кикбоксинг бўйича мураббий вазифасида фаолият юритган. У тарбияланувчиларга машғулот ўтиш, шунингдек, уларни мусобақаларга тайёрлаш ўрнига нафс йўриғига юриб, фирибгарлик йўли билан мўмай даромад олишни кўзлади. Аниқроғи, у давлат бюджети маблағларини ўзлаштириш мақсадида ўзининг фойдаланиши учун муайян ҳуқуқ берадиган расмий ҳужжатни қалбакилаштирди. Энг ёмони, Ю. Қўлдошев ушбу нопок мақсадини амалга оширишда вояга етмаган тарбияланувчилардан фойдаланди.

Гап шундаки, 2021 йилда Навоий вилояти молия бош бошқармаси томонидан олимпиада, халқаро ва мамлакат чемпионатларида иштирок этиб, нуфузли ўринларни эгаллаган спортчиларни тақдирлаш учун давлат бюджетидан 525 миллион сўм миқдорида маб­лағ ажратилади.

Буни эшитиб, Ю. Қўлдошевнинг нияти бузилади. У қандай йўл билан бўлса-да, вазиятдан фойдаланиб қолишни кўзлайди. Шунда унинг ёдига қўшни республикада ўтказилган кикбоксинг бўйича Осиё кубоги мусобақалари тушади. 2021 йилнинг 29 июлидан 3 августига қадар ўтказилган ушбу мусобақада ғолибликни қўлга киритган спортчиларга берилган дипломлардан ташқари яна нечта бўш диплом ташкилот аъзолари томонидан Ю. Қўлдошевга бериб юборилган эди. Дипломлар рангли принтер орқали чиқарилган бўлиб, уларга муҳр босилганди.

Буни қарангки, ўзини уддабурон санаган Ю. Қўлдошев мактаб тарбияланувчилари бўлган Сарвар Каримов, Элдор Искандаров, Иномжон Улуғов ва Сардор Келдиёровни Осиё кубоги мусобақаларида қатнашиб, совринли ўринни эгаллагани тўғрисидаги маълумотларни киритиб, дипломларни қалбакилаштиради. Сўнгра ушбу сохта ҳужжатларни Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби маъмуриятига тақдим этади.

Натижада ғолиб спортчиларни тақдирлаш учун шакллантирилган рўйхатга тарбияланувчиларнинг исм-шарифи киритилиб, С. Каримовга 10 миллион, Э. Искандаров ва И. Улуғовга 7 миллион, С. Келдиёровга 5 миллион сўм мукофот пули ажратилади.

Буёғини сўрасангиз, Навоий шаҳридаги истироҳат боғида ўтказилган тақдирлаш маросимида Сарвар Каримовга қўшни республикада ўтказилган Осиё кубоги мусобақаларида биринчи ўринни эгаллагани эълон қилиниб, 10 миллион сўм мукофот пули топширилади. Аслида С. Каримов ушбу мусобақада умуман иштирок этмаганди. Шу боис у ота-­онасига хабар беради.

Бу пайтда Ю. Қўлдошев сафарда бўлгани учун Сарварнинг ота-онаси кутиб туришга қарор қилишади. У хориждан қайтиб келгач, уларга мукофот олувчилар рўйхатига Сарварни атай киритгани, бу пулга спорт жиҳозларини сотиб олишини маълум қилади. Унинг гапига ишонган ота-она пулни мураббийга беришади. Ишнинг бу тарзда силлиқ кечганидан руҳланган Ю. Қўлдошев тўлов қайдномасига Э. Искандаров, И. Улуғов ва С. Келдиёровнинг ўрнига ўзи имзо қўйиб, мукофот пулини ўз эҳтиёжи учун ўзлаштиради.

Ю. Қўлдошев шу йўл билан давлат бюджетининг катта миқдордаги маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган. У ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолишига ишониб, адашган эди. Чунки унинг қилмиши тезда ошкор бўлиб, жиноят иши қўзғатилади. Суриштирув ва тергов чоғида Ю. Қўлдошев етказилган зарарни тўлиқ қоплади.

Яқинда дастлабки тергов органи томонидан Жиноят­кодексининг 127-моддаси 3-қисми “б”, “в” бандлари, 168-моддаси 2-қисми “б” банди, 228-моддаси 2-қисми “б” банди ва 228-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган Ю. Қўлдошевга оид жиноят иши очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Суд судланувчига нисбатан жазо тайинлашда қонунчилик талаблари ҳамда Олий суд Пленуми қарорларининг раҳбарий кўрсатмаларига амал қилди. Хусусан, Жиноят кодексининг 168-моддаси 5-қисмига мувофиқ етказилган моддий зарарнинг ўрни қоплангани учун судланувчига озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони қўлламади.

Суд Ю. Қўлдошевга Жиноят­кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ойлик иш ҳақининг ўн фоизи миқдорида давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Қонун устуворлиги таъминланган жамиятда содир этилган ҳар қандай жиноят учун жазо муқаррар бўлиб, бундан кўзда тутилган асосий мақсад айбдор шахсни қайта тарбиялашдан иборат. Хусусан, Жиноят кодексининг 42-моддаси талабига кўра, жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятини давом эттиришга тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек, бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади.

Бу Ю. Қўлдошев сингари сохтакорликка қўл уриб, юзшувут бўлган кимсалар учун сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас. Зеро, хатолардан тегишли хулоса чиқариш ҳамиша фойда келтиради. Буни ҳеч қачон унутмаслик зарур.

Суннат БОЛТАЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Навоий шаҳар суди судьяси

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: