ОДАМИЙЛИК МЕЗОНИ ҚОНУНЧИЛИКДА ҲАМ ЎЗ ИФОДАСИНИ ТОПГАН

Инсонийликни улкан уммонга қиёслаш мумкин. Бу уммонда эркин ва бехатар сузмоқнинг завқи, сурури билан бирга талай меҳнат-у, машаққатлари ҳам бор. У оқил-у доно, қобил-у қодир, хушхулқ, ҳар жабҳа-ю ҳар иш­да омилкор кишиларни бу уммоннинг ҳайбатли тўлқинлари узра кўз­ланган манзилга бехатар етказади. Иродаси суст кимсаларни эса, ўз домига тортади.

Яқинда фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди собиқ норасмий эр-хотин — Ж. Қиличев ва Г. Қурбонниёзова ўртасидаги низони кў­риб чиқди.

Ўртадаги норасмий эр-хотинлик муносабатлари чоғи туғилган фарзандига оталик мақомини белгилаш ва алимент ундириш юзасидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилган аёлнинг далил-исботлари ва низони ҳал қилиш чоғида аниқланган ҳо­латлар инсонийлик мезонлари бузилганини кўрсатди. Даъвогар аёл суд жараёнида ўз талабини қувватлай туриб, ўртадаги фарзанд охирини ўй­ламай ташланган қадамларининг аччиқ ҳосиласи эканини рўй-рост баён этди. Маълум бўлишича, Гулчеҳра (аёлнинг исми ўзгартирилган) нинг бир неча йиллик умри чет элда кечган. Бу юртда у хоразмлик Жавлон (исми ўзгартирилган) билан танишган. Никоҳсиз бошланган оилавий турмуш уч йил давом этган. Улар ўтган йил июнь ойида фарзанд кў­ришган. Унинг дунёга келиши орадаги эр-хотинлик ришталарини узиш учун Жавлонга яхшигина дастак бўлган. Гулчеҳра унга иккинчи хотин экани, у бунгача бошқа бир аёлга ҳам уйланиб, оила қурганини шу аснода билиб олади. Афсуски, энди кеч. Фарзанд туғилгач, омонат оила буткул барбод бўлади.

Ота фарзандидан воз кечиб, уни моддий таъминлашдан бўйин товлайди.

Аросатда қолган она боласини ўзининг фамилиясига олишдан бўлак чора тополмайди. Би­роқ фарзандининг отасини кутишда давом этади. Лекин ундан дарак бўл­майди.

…Улар шу йил 28 январь ку­ни судда учрашди. Эр ав­валига фарзандни тан олмади. Ҳатто со­биқ рафиқасидан суддан даъво аризасини қайтиб олишни ҳам талаб қил­ди. Эртаси куни эса, негадир авзойи ўзгариб, барини эътироф этди. Фарзанд ўз боласи эканини тан олди. Аммо болани моддий жи­­ҳатдан таъминлашга қўли қисқалигини рўкач қилди.

Бу оиланинг қисмати кишини ўйга солади. Башарти, одамийликка ошно киши аё­лидан воз кечса, уни тушуниш ва ҳатто кечириш ҳам мумкин, бироқ ўз фарзандини тан олмаган, таъминотидан юз ўгирган отани-чи? Бизнингча, бундай кимсалар табиатидан одамийлик сифатларини излаш бефойда.

Жамият учун фарзанди-ю, оиласига қўл силтаганлар со­ни ҳатто битта бўлса-да, кўплик қилади.

Суд юзага келган оилавий низони қонун йўли билан бар­тараф этиш чорасини белгилади. Отанинг зиммасига фарзандига фамилия­сини бериш ва у то балоғат ёшига етгунга қадар алимент тўлаш мажбурияти юк­­­латилди.

Урганч шаҳрида қайд этилган бошқа бир оилавий ажрашувга ҳам эр — А. Ражабовнинг номуносиб хулқ-атвори сабаб бўлди. Унинг жабрини асосан турмуши барбод бўл­ган аёл ва фарзандлар тортди. Гарчи ҳали ёш бўлса-да, шу пайтгача икки марта уй­ланиб, икки марта ажрашган, оилавий турмуши давомида ҳар бир хотинидан 2 нафардан фарзанд кўрган бу кимса­га фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг буйруғига асосан ойлик даромадининг ярмидан ҳам зиёдроқ миқдорда алимент тўлаш мажбурияти юклатилди.

Инсонийлик таомилларига кўра, оилага нописанд муносабатда бўлишнинг оқибати айнан шундай бўлиши керак. Бироқ ижтимоий турмушнинг адолат ва одиллик аталмиш мезонлари ҳам бор ва жа­мият­нинг ҳар бир аъзоси турмуш неъматларидан бирдай баҳраманд бўлиши даркор. Бинобарин, қонуннинг талаби ҳам шу. А. Ражабов судга мурожаат қилиб, моддий жиҳатдан мураккаб ва­зият­га дуч келгани, топгани харажатларига етмаётгани ва шу муносабат билан фарзандлари таъминоти учун со­биқ хо­тин­ларига тўланаётган маблағ ҳажмини камайтиришни сў­ради. Судда биринчи турмуш ўртоғи собиқ эри ноҳақ эканини айтиб, даъвони рад этишни сўраган бўлса, иккинчи аё­ли тўлов миқдорини озайтиришга қар­ши эмаслигини билдирди.

Суд Оила кодексининг 99-моддасида таъ­минот уч ва ундан ортиқ бола учун ойлик даромаднинг ярмидан зиёд бўл­маслиги юзасидан белгиланган қоидага таянди. Тўлов ҳаж­ми белгиланган ушбу меъёрдан анча ортиб кетганини эътиборга олиб, фарзандлар таъминоти учун даъвогарнинг ҳар бир собиқ турмуш ўр­тоғи фойдасига ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларнинг учдан бир қисми миқдорида ундирилаётган алимент тўловини қо­нунда белгиланган миқдорга камайтиришни мақсадга мувофиқ, деб топди.

Хоразм вилояти Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасида оддий ҳисобчи вазифасида ишловчи Гуласал Саидова ўтган йилнинг 15 июлидан 18 ноябригача бўлган давр учун қўшимча равишда та­йин­ла­ниши зарур бўлган маошини ололмади. Бунга 2020 йил 24 майдаги «Коронавирус пандемияси даврида санитария-эпидемиология хизмати ходимларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғ­ри­сида» Президент қарори, Республика Махсус комиссиясининг 2020 йил 16 июлдаги 36-сонли­ баённомаси, шунингдек, Меҳнат кодексининг 154 ва 161-моддалари талаблари мутасаддилар тарафидан бузилгани сабаб бўлди. Суд вилоят Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасига Г. Саидованинг ҳар кунлик меҳнатига қўшимча равишда ойлик лавозим маошининг 6 фоизи миқдорида иш ҳақи тў­лаш мажбуриятини юклади. Шу тариқа оддий ходимнинг ҳалол меҳнати куймайдиган бўлди.

Инсон шаъни, обрўси, қад­ри-қиммати улуғ­. Бу Конституциямизда ҳам кафолатланган. Шу боис у қонун асосида ҳи­моя қилинади. Бинобарин, қаерда инсонпарварлик тамойилларига амал қилинса, у ерда қонун устуворлиги ҳам таъминланади.

Зафарбек Исоқов,

фуқаролик ишлари бўйича

Урганч туманлараро

суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: