ҲАВОЙИ НАФС АСИРИ УЗОҚ МУДДАТГА ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИЛДИ

Балиқчи туманида яшайдиган Дилобар Сувонова (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2017 йилнинг сентябрь ойида “Чинобод намуна” фермерларга ёқилғи тарқатиш шохобчаси бош оператори Ҳамидулло Ғаффоров билан танишиб қолади.

Тез орада улар ўртасида илиқ муносабат пайдо бўлади. Шундан сўнг улар кун-кунора учрашиб туришади. Ҳ. Ғаффоров аёлга турли хил совға ва моддий ёрдам бериб, илтифот кўрсата бошлайди. Натижада у аёлнинг уйида бемалол қолиб кетадиган, ҳатто унинг уч нафар етим ўғлига отасидек муомала қиладиган бўлади.

2021 йилнинг ёз ойларида улар шаръий никоҳ ўқитишади. Ҳ. Ғаффоров Д. Сувонованинг рўзғор ва бошқа харажатларини ўз зиммасига олади. Ўз навбатида, Д. Сувонова ҳар ойда турли сабаблар билан Ҳ. Ғаффоровдан 300-400 АҚШ доллари олиб туради. Аммо у бу пулни нималарга сарфлашини айтмайди.

Буни қарангки, аста-секин Д. Сувонованинг сарф-ҳаражатлари кўпайиб кетади. Ҳ. Ғаффоров гарчи, бундан норози бўлса-да, эътироз билдирмайди. Лекин шу орада унинг топиш-тутишидан барака кўтарилади. Шунинг учун у Д. Сувоновага тежаб-тергаб пул берадиган бўлади. Бунинг оқибатида уни ҳар доим очиқ чеҳра билан кутиб оладиган Д. Сувонованинг муомала-муносабати ҳам бирдан ўзгаради.

Аниқроғи, у секин-аста Ҳ. Ғаффоровдан ўзини олиб қоча бошлайди. Шу билан бирга, қўнғироқларига ҳам жавоб бермай қўяди. Аҳвол шу даражага бориб етадики, Д. Сувонова Ҳ. Ғаффоровнинг телефон рақамини “қора рўйхат”га киритиб қўяди.

– «Ҳали шунақами? Пулим борлигида яхшиман-у, чўнтагим қуриқ пайтда кераксиз одамга айландимми? Ёки бошқа бирортасини топиб олдимикин? Мен осонликча жон берадиган аҳмоқ эмасман», – дейди Ҳамидулло ўзига-ўзи.

Шу боис у бошқа бир танишининг рақамидан Д. Сувоновага қўнғироқ қилиб, бафуржа гаплашиб олишлари зарурлигини айтади. Аммо такаббур аёл бунга кўнмайди. Аксинча, қўпол муомала қилиб, эрини масъулиятсизликда айблайди. Натижада Ҳ. Ғаффоровнинг шубҳа-гумонлари яна аланга олади. Бинобарин, у Д. Сувонова билан бирга ишлайдиган Ҳанифа исмли аёлнинг олдига боради. Чунки хотини бир неча кун аввал Ҳанифа опадан 300 АҚШ доллари, дугонаси Шаҳзодадан 200 АҚШ доллари, қўшни маҳалладаги тиллафуруш аёлдан 1 200 АҚШ доллари миқдорида қарзи борлигини айтиб, пул олган эди.

– Тўғри, хотинингизнинг қарзи бор. Лекин ҳали бергани йўқ, – дейди аёл.

– Мен унга пул берганман. Бир сўраб кўринг-чи, нима дер экан?, – дея уқтиради Ҳ. Ғаффоров.

Шундан сўнг Ҳанифа Мамарўзиева Д. Сувоновага қўнғироқ қилиб, қарзини қайтаришни сўрайди. Аммо Д. Сувонова ойнинг охирида қарзини беришни айтади. Бундан Ҳ. Ғаффоровнинг баттар жаҳли чиқади. Шундан сўнг у Д. Сувоновадан қасд олиш пайига тушади.

Қисқаси, 2022 йилнинг 13 июнь куни Ҳ. Ғаффоров қабиҳ режасини амалга оширишни мўлжаллайди. Шу мақсадда у Ҳанифа Мамарўзиевага қўнғироқ қилиб, хотинининг ишда эканини билгач, кечки пайт уйидан чиқади. Сўнгра туман марказидаги хўжалик моллари дўконидан буёққа қўшиладиган тез ёнувчи кимёвий суюқлик сотиб олади. У кечқурун Д. Сувонованинг уйига борганда хонадон соҳибаси уни хушламайгина қарши олади.

– Охирги пайтларда ўзгариб қолдинг. Мени кўп алдаяпсан, ўзингни олиб қочяпсан. Яқиндагина сени огоҳлантиргандим-а? – дейди Ҳ. Ғаффоров хотинига.

– Сиз аввало ўзингизга жавоб беринг. Аввал эрлик вазифангизни уддалаб қўйинг, кейин менга гапирасиз, – дейди аёл тап тортмай.

– Кўп асабимга тегаверма. Биласан-а, жаҳлим чиқса, ўзимга жавоб бермайман. Ёқиб юбораман, – дея Ҳ. Ғаффоров остонада турган кимёвий суюқликка ишора қилади.

– Қўлингиздан келганини қилинг. Мени қўрқитолмайсиз, – дея Д. Сувонова баттар саркашлик қилади.

Аёл бу билан чекланмай эрини ҳақорат қилишга тушади. Бироқ Ҳ. Ғаффоров ғазаби қайнаб турса-да, ўзини базўр босиб, ташқарига чиқиб кетади. Орадан бир соатча ўтгач, қайтиб уйга кирганида хотини аллақчон ухлаб қолганди. Шунда у Д. Сувонованинг устига кимёвий суюқликни сепиб, ёқиб юборади. Олов исканжасида уйғонган аёл отилиб ҳовлига чиқади-да, идишда турган сувни устидан қуяди. Д. Сувонова куйлаги ва баданини аёвсиз куйдираётган оловни ўчиришга уринаётганда кўзи қонга тўлган эр идишдаги суюқликни яна хотинининг устига сепиб, ёндиргични унинг кийимига тутади. Пировардида бояқиш Д. Сувонова яна олов ичида қолади. Шунга қарамай, у югурганча кўчага чиқиб, қўшнисининг уйига кириб яширинади.

Албатта, қўшниси унинг аянчли аҳволини кўриб, дарҳол шифокорларни чақиради. Натижада Д. Сувонова зудлик билан тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилади. Аммо шифокорларнинг барча уринишлари бесамар кетади – Д. Сувонова фожианинг учинчи куни вафот этади.

Шундан сўнг қотил Ҳ. Ғаффоровга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Тергов жараёнида Ҳ. Ғаффоровнинг 2020 йил март ойида содир этган фирибгарлик жинояти ҳам фош бўлади. Аниқланишича, аввалига у туманнинг “Шўр” маҳалласида яшовчи А. Адизовдан музлатилган балиқ маҳсулотлари савдоси билан шуғулланишини айтиб, бир ойда қайтариш шарти билан 4 000 АҚШ доллари миқдорида қарз сўрайди.

Пулни олгач, шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборади. Кейинчалик чорвачиликни йўлга қўйиш мақсадида Бўстон туманидан 10 гектар ер олаётганини билдириб, иш бошлаш учун яна ундан 4 000 АҚШ доллари сўрайди. Борди-ю, қарзини қайтаролмаса, эвазига 10 гектар ерни унинг номига расмийлаштириб беришини айтади. Хуллас, Ҳ. Ғаффоров шу тарзда 3 маротаба 4 000, бир марта 2 000 АҚШ долларини олиб, А. Адизовни чув туширади. А. Адизов пулини сўраб уйига боравергандан кейингина 1 500 АҚШ долларини қайтариб беради.

Тергов-суриштирув мобайнида Ҳ. Ғаффоров 4 000 АҚШ доллари миқдоридаги қарзини тан олади, холос. Аммо А. Адизов, унинг рафиқаси Ҳилола Адизованинг кўрсатмалари ҳамда терговга тақдим этилган аудио ёзувлар Ҳ. Ғаффоров фирибгарлик жиноятини ҳам содир этганини тўлиқ тасдиқлади.

Шу тариқа ҳам қотиллик, ҳам фирибгарлик жиноятини содир этган Ҳ. Ғаффоров Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “ж” банди ва 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, суд ҳукмида судланувчидан жабрланувчи А. Адизовга етказилган 12 500 АҚШ долларининг миллий валютамиздаги қиймати – 139 062 500 сўмни ундириш ҳам белгиланди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, тўғри йўлдан адашиш, ҳалолликни унутиш кишини жиноятга бошлайди. Жиноятга эса, ҳар доим жазо муқаррар. Айни ҳақиқатни теран ҳис қилган инсон асло ютқазмайди. Баён этилган воқеа тафсилоти бошқалар учун ҳам сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас. Зеро, ҳар бир нарсадан тегишли хулоса чиқариш фақат фойда келтиради.

Фурқат СОБИРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Балиқчи тумани суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: