САМАРАЛИ КЕЛИШУВ УСУЛИ – СУД МЕДИАЦИЯСИ АФЗАЛЛИКЛАРИ

2018 йил 1 апрелда қабул қилинган янги таҳрирдаги Иқтисодий процессуал кодекс суд ишларини қулай ва содда усулда, вақт ҳамда маблағ тежамкорлиги асосида ҳал қилишнинг янги ва мақбул босқичини бошлаб берди. Аниқроқ айтганда, кодекснинг 107-моддаси биринчи қисми 5-1, 5-2 ҳамда 5-3-бандлари иқтисодий низолар юзасидан ҳавола этилган суд ишларини маълум шарт ва келишувларга мувофиқ кўрмасдан қолдириш тартибини белгилайди ва бундан биринчи галда низолашаётган тарафлар наф кўради.

Бу ҳақида гап борганда, яқинда суд лексикасига кириб келган «медиация» ибораси мазмун-моҳиятига эъ­тибор қаратиш зарур. «Медиация» сў­зи лотин тилидан олинган бўлиб, тарафлар ўртасида воситачилик қилиш, уларни ўзаро яраштириш, муросага келтириш, аралашиш, деган маъноларни англатади. Иқтисодий судлар фао­лия­тига татбиқ этилганида эса, бир қатор ҳуқуқий омил ва оқибатларни юзага келтиради.

Бу иборанинг аниқ таърифи амалдаги «Медиация тўғ­ри­сида»ги қонунда баён этилган бўлиб, у иқтисодий келишмовчиликлар боис юз берган низони ўза­ро мақбул қарорга эришиш мақсадида тарафларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қи­лишни англатади.

Жаҳон тажрибасидан аён бў­ли­шича, медиация нафақат фуқаролик, балки иқ­тисодий-ҳу­қуқий муносабатлардан ке­либ чи­қадиган низоларни ҳал этиш­да­ самарали усул саналади. Иқ­тисодий процессуал кодекснинг 107-моддаси 5-3-бандига киритилган ўз­гар­ти­ришдан сўнг медиация тартиб-таомилини қўллаш амалиёти мамлакатимизда ҳам йўлга қў­йилди. Унга кўра,тарафлар медиатив келишувга эришган тақдирда, суд даъвони кўр­масдан қолдиради.

Даъволарни медиатив келишувлар асосида профессионал медиатор (воситачи) лар ёрдамида ҳал этиш судда иштирок этаётган тарафлар учун чиндан ҳам, муҳим янгилик бўлди ва масалани турли зиддиятлар, асаббузарликлар, нозарур тортишувлардан бирмунча холи тарзда суднинг аралашувисиз ҳал этиш имкониятларини кучайтирди. Бундай тартиб яқиндагина жорий этилишига қарамай, жорий йилнинг I-чорагидаёқ 7 та суд иши тарафларнинг медиатив келишувига мувофиқ туманлараро иқтисодий судлар тарафидан кўрмасдан қолдирилди.

Башарти, масалага медиатор-воситачилар аралашмаганида, вилоятда фаолият кўр­сатаётган «SARXON» ва «SEVINCH» масъулияти чекланган жамиятлари ўр­тасида юзага келган низо ҳали-бери барҳам топмасди.

Қонунчиликда ўз ифодасини топган янги тартиб рўй бериши муқаррар бўлган кўн­гилсизликка чек қўйди, зиддиятнинг олди олинди. Орага тушган воситачилар фаол ҳаракат қилишди. Масаланинг қонуний,адолатли, холисона ва мақбул ечими ҳамда чораларини кўрсатиб беришди. Тарафлар профессионал медиатор кўмагида ўзаро келишув битимини тузишди.

«SARXON» масъу­лияти чекланган жа­мия­тининг «SEVINCH» масъу­лия­ти чекланган жамиятидан қарийиб 704 миллион сўмлик асосий қарзи ҳамда 350 миллион сўм миқдоридаги пеня ундиришга қаратилган талаби боис тарафлар ўртасида юза­га келган низо медиация туфайли барвақт барҳам топди. Орадаги медиатив келишувга мувофиқ жавобгар даъвогар тарафга салкам 704 миллион сўм ҳажмидаги асосий қарз­ни 5 кун ичида тўлаш, даъвогар эса, 350 миллион сўм миқдоридаги пеня тўловидан воз кечиш мажбу­рият­ини зиммасига олди. Медиатив келишувга биноан суд даъвони кўр­масдан қолдирди.

Иқтисодий процессуал кодекснинг 131-моддасида баён этилганидек, тарафлар мавжуд низоли ҳолатни келишув битими ёки медиатив келишув ор­қали бартараф қилиши мум­кин. Қонун даъвога оид бар­ча ишни муроса битими ёки медиатив келишув асосида ҳал қилиш бўйича тарафларга кенг ҳуқуқ ҳамда ваколатлар беради. Келишув битими иқтисодиётга тааллуқли суд ишларини юритишнинг барча босқичлари, ҳатто чиқарилган ҳал қилув қарори ва ажримларини ижро этиш жараёнида, медиатив келишувни эса, биринчи инс­танция су­ди то ўз қа­рорини қа­бул қи­­лин­гунга қадар бўлган вақт оралиғида тузиш мумкин.

Шунингдек, «Давлат божи тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддаси биринчи қисми 9-бандида, агар тарафлар ўртасида медиатив келишув қайд этилган бўлса ёки ариза кўр­масдан қолдирилганда давлат божи уни тў­лаган тарафга қайтарилиши белгиланган.

Мазкур қоидага мувофиқ «SAR­XON» ва «SEVINCH» масъу­лияти чекланган жамиятлари бу мажбуриятдан хо­ли қолдирилди. Давлат божини тўлаш мажбурияти ҳеч кимнинг зиммасига юк­латилмади. Даъвогар аризимас миқдордаги почта харажатинигина қоплади, холос.

«OXANGRABO» фирмаси ва «O’Z­BEGIM» хусусий корхонаси ўр­тасида 150 миллион сўм­лик қарз­дорлик юзасидан келиб чиққан низо ҳам ана шу қоидага мувофиқ якун топди.

Бироқ бунгача ўтган вақт оралиғида жавобгар тараф ҳам қа­раб турмади.

Судга қарши даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «OXANG­RABO» фирмаси ҳисобидан 250 миллион сўм миқдорида пеня ундиришни сўради.

Бироқ иш судда кўриб чиқилмади. Тарафлар воситачининг саъй-ҳаракати боис ўз даъвосидан воз кечди. Улар судга медиатив келишувга доир битим ҳамда Адлия вазирлигининг профессионал во­ситачи номига берилган сертификатни тақдим қилишди. Суд тарафларнинг бу келишувини мақсадга мувофиқ, деб топди ва ҳар икки тарафнинг даъво аризасини кўр­мас­дан қолдирди. Эътиборли жиҳати шундаки, ишнинг судда кў­рилмасдан қолдирилгани эъ­тирозга сабаб бўлмади. Кўр­масдан қолдирилган иш бўйича шикоят келиб тушмади.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармасининг «Қишлоқ қурилиш банк» манфаатини кўз­лаб қилган мурожаати ҳам ни­зони суд тартибида кўриб чиқишгача бориб етмади.

Медиатив келишув орадаги низони бартараф этди. Якка тартибдаги тадбиркор Абдуллаев Абдулазиз Асадбек ўғли ҳамда «BOG`I SHAAMOL» масъулияти чекланган жамиятига нисбатан 230 миллион сўмлик асосий кредит қарзи ва унинг 156,2 минг сўм миқдоридаги фоизини ундириш ҳақидаги талаби ҳам ушбу ке­лишув кўмагида ҳал этилди. Суд тарафлар ўртасида медиатив келишувни эъ­тироф этди ва даъвони кўрмасдан қолдиришни мақсадга мувофиқ, деб топди.

Худди шундай ҳолат мазкур ҳудудий бошқарманинг «QURUV­CHI SHAXZOD» масъу­лия­ти чекланган жамиятидан 600 миллион сўмлик асосий кредит қарзи ҳамда 19 миллион сўм миқдоридаги фоиз тў­ловини унинг гаровдаги мол-мулки эвазига ундириш бўйича судга киритган даъво аризасини ўрганиш жараё­нида ҳам кузатилди. Аввалига ўз­а­ро зиддиятга борган тарафлар орадан кўп ўтмай низони тинч йўл билан ҳам бемалол ҳал этиш мумкинлигини англаб етишди. Тарафларнинг хоҳишига биноан ўртага тушган воситачи уларни муросага келтирди. Можародан муроса афзал. Буни судлашаётган тарафлар ҳам дилдан англашди ва ўзаро келишувга розилик беришди. Тарафларнинг хоҳиши ва профессионал медиаторнинг битимга оид таклифи ишни кўр­масдан қолдириш юза­сидан чиқарилган суд ажрими учун ҳу­қуқий асос бўлди.

Хулоса ўрнида айтганда, медиация — низони муроса ва музокара йўли билан ҳал этишнинг мақбул ва ишонч­ли усули. У қонуний мақомга кўтарилгани, Иқтисодий процессуал кодексга алоҳида модда сифатида киритилгани ва суд жараёнида тарафларни турли ташвиш-у оворагарчиликлар, қо­ғозбозликлар, ортиқча харажатлардан ха­лос этаётгани, ишларни тез кўриш ва ҳал этиш омилига айланаётгани, тарафларнинг судга кейинчалик ҳам мурожаат қилиш ҳуқу­қидан маҳрум этмаслиги билан эътиборлидир.

Нилуфар Аллаберганова,

Урганч туманлараро

иқтисодий суди раиси,

Абдулла Собиров,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: