ЎЗГАЛАР ҲАҚИ ҲЕЧ ҚАЧОН БОШҚАГА БУЮРМАЙДИ

Ҳаётда баъзан содир этилаётган жиноий қилмишлар ҳақида ўйлаганда, кўнглида шундай саволлар туғилади: айрим кимсалар кенг ва равон йўллар турганида нега ўзларини чоҳга ташлашади?

Ҳолбуки, ҳаётда ҳеч ким ўз­ганинг ҳақини топташ, ризқ-насибасини қирқиш эвазига орт­тирилган мол-дунё, бойликдан бахт-иқбол топмаган.

Демак, жиноий кирдикор са­баб рўшноликка, мурод-мақсадга, бахтли-тотли ҳаётга етишган кимсани бу ҳаётдан излаб топиш амри маҳол. Би­роқ буни ҳаёт дейишади. Унда поклик, халоллик манзилларини кўзлаганлар сони, сафи адоқсиз бўлмасин, турмушнинг қалтис, хатарли кўчалари бўй­лаб санқувчиларга ҳам бот-бот дуч келасиз. Башарти, жиноий кирдикор қирқ йил ўтса-да, барибир ошкор бў­либ, гуноҳкор банда муқаррар жазодан қочиб қутулмас экан, яхшиси, бундай қора қилмишдан ўзини тиймоқ, шайтоний васвасани дилидан ҳайдамоқ, бахтли ҳаёт йўлидан юр­моқ аф­зал эмасми?

Ҳа, шундай. Ам­мо баъзиларнинг фаҳм-фаросати бунга етмаса, на чора?

…Ҳазорасплик Ойбек Аҳмадов ва Ортиқбой Алимовнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) ножўя хатти-ҳаракати ҳа­қида ҳам шундай дейиш мумкин.

Улар бу қилмишга ўз хатти-ҳаракатларининг оқибати, жазонинг муқаррарлигини билган, англаган ҳолда қўл уришди.

Ойбек Аҳмадовнинг айтишича 2018 йилнинг ёзида маҳалласидаги автомашиналарга хизмат кўрсатиш шохобчасида ишлаётган пайт ҳамқишлоғи Умр­бек Ҳакимов олдига келиб, мўмай даромаддан сўз очган ва Ойбекни Европанинг Финляндия давлатида ишлашга таклиф қилган. Узоқ юрт­даги меҳнат фаолиятини расмийлаштириш учун 12 минг Россия рубли миқдорида пул сарф­ла­ни­шини билдирган. Мўмай даромаднинг дарагини эшитган Ойбек ўша онданоқ тинчини йўқотган. Умрбекка эргашган куйи Питнак шаҳрига бориб, хорижга кириш ва чиқиш ҳуқу­қини берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришга муваффақ бўлган. Бу ҳолат Финляндия фуқароси Дея Пулккинен номига битилган ишончномада ўз аксини топган.

«Ҳожатбарор» Умрбек бу билан ҳам кифояланмаган. Хорижий мамлакатда 180 та бўш меҳнат ўрни мавжудлигини айтиб, ишга борувчиларни «ёл­лаш» бўйича ҳамкорлик қилишга чақирган.

Катта миқдордаги пулнинг дараги Ойбекни чиндан ҳам, жунбушга солди, ғайрати тағинда жўш урди: хорижий мамлакат корхоналари учун ишчи «ёллаш»га боши билан шўнғиди, шу аснода автомашиналар таъмирланадиган устахонаси хорижга ишлашга талабгор фуқаролар билан тўлиб-тошди. Даст­аввал Дадахон Жуманиёзов 12 минг рубль миқдоридаги Россия валютасини ҳеч иккиланмай Ойбекнинг қў­лига тутқазди.

Бу воқеа 2018 йилнинг 17 августида рўй берди. Шу куни Питнак шаҳридаги нотариал идорада кўпчиликка нотаниш хорижлик фуқаро Д. Пулккиненнинг номига ғаройиб мазмунда ишончнома битилди. Бу ҳужжат ўзга фуқароларнинг Финляндия каби мамлакатларга бемалол кириш ва чиқиш имконини кафолатлайди. Бу борада ишонч­нома соҳибига ҳам муайян ваколатлар берилади. У чет эл фукароларининг хорижга ташрифи билан боғлиқ бир қатор ҳужжатларни тегишли тартибда расмийлаштириш ҳу­қуқига эга бўлади. Аммо хориждаги етти ёт бегона фуқаро номига, узоқ Ўзбекистонда туриб, шундай мазмунда ишончнома расмийлаштиришнинг талай қийинчилик ҳамда мушкулликлари бор. Ойбек хориж фуқароси номига ишончнома расмийлаштириш билан боғлиқ «холис» хизмат эвазига Д. Жуманиёзов тарафидан тўланган пулни ҳеч иккиланмай чўнтагига урди. Бу аслида хамир учидан патир эди.

Бундан ташқари айни шу куни у Турсунбой Ўринбоев, Улуғбек Бобожонов, Зафарбек Сафарбоев қуртдай санаб берган 36 минг рубль миқдоридаги хориж пулининг аризмас қисмини ишонч­нома учун сарфлади. Чет элда ишлашни ният қилган ҳамқишлоқлари сафи ку­тилганидан ҳам кўп экан. Бу Ойбек учун айни мудддао эди. Ўша йилнинг октябрь ойида «мижоз»лар сафига ҳамқишлоқлари Руслан Саидов, Зафарбек Сафарбоев, Нодирбек Бобоев, Зафарбек Рўзимов, Д. Камолбердиев ва бошқалар қўшилди. Улар Ойбекка 12 минг Россия рублидан «хизмат ҳақи» беришди.

Шу орада Ойбек хорижга ишчи жў­натиш ҳақидаги ғояни таниши Ортиқбой Алимовга ҳам сўзлаб берди. Бу таклиф унга жуда маъқул тушди. Шундан сўнг у ҳам бу ишга бош қўшди. Бироқ у Д. Пулк­кинен номига битиладиган ишонч­нома нархини ҳар бир талабгор учун минг АҚШ доллари миқдорида белгилади. Шоҳруҳ Самандаров, Мухтор, Мақсуд, Шехназар Машариповлардан минг АҚШ доллар миқдорида пул ундирди. Аммо буни кам билди, чоғи, узоқ мамлакатга кириш визаси баҳона ҳар биридан яна 500 АҚШ доллари миқдоридаги тўлов талаб қилди. Хориждаги мўмай даромадга умид боғлаганлар бу талабни ҳам адо этишди.

Ҳазорасплик бир гуруҳ фуқаролар (улар 15 нафар) нинг пешона тери эвазига жамғарган пули шу аснода фирибга муккасидан кетган ғараз ният­ли кимсалар ихтиёрига ўтди.

Аммо фирибгарлар ўзларининг алдовига учганларга берилган қоп-қоп ваъдаларни адо эта олмади. Жарақ-жарақ пулларни О. Аҳмадов ва О. Алимовнинг қўлига қўшқўлаб тутқазганларнинг орзуси ора йўлда қолди. Чет элда ишлаш имкони ҳеч кимга насиб этмади. Икки нафар фирибгарга чув тушганини фахмлаб етган фуқаролар ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилишди. Шундан сўнг уларга нисбатан жиноят иши қўз­ғатилди. Тергов ҳаракатлари чиндан ҳам, Жиноят кодексининг фирибгарликка оид 168-моддаси 3-қис­ми «б» бандида назарда тутилган қо­нун­бузарлик ҳолати содир этилганини кўр­сатди. Алданган 15 нафар фуқаронинг шикояти асосли бўлиб чиқди. Улардан фириб ва алдов йўли би­лан катта миқдорда пул ўзлаштирилгани айбланувчи ва фуқаровий даъвогарларнинг кўрсатмалари асосида яққол тасдиқланди. Аммо ишни судда кў­риш пайти фуқаровий даъвогарлар ўзлари ҳамда яқинларига етказилган зарар О. Аҳмадов ва О. Алимов тарафидан тўлиқ қоплангани боис даъводан воз кечишганини билдиришди.

Жиноий қилмишни оқлаш имкони йўқ. Бироқ уни енгиллатувчи ҳолатларни ҳам инобатга олиш жоиз. Суд О. Аҳмадов ва О. Алимовнинг қилмишини қонуний баҳолашда жазони оғирлаштирувчи ҳолатлардан кўра, уни енгиллаштиришни тақозо қилувчи жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратди.

Бунда ҳар икки айбланувчи тарафидан жабр­ланувчиларга етказилган моддий зарар суд ва тергов маҳали тўлиқ қоплангани жазони енгиллаштиришувчи ҳолат си­фатида эътироф қи­линди. Айни пайт­да рўй берган жиноий ҳодисанинг хусусияти, ижтимоий хавф­лилик даражаси ҳамда айбланувчиларнинг шахсига оид маълумотларга ҳам баҳо берилди. Бунинг мантиқий якуни сифатида Жиноят кодексининг 168-моддаси тегишли қисми ва банди бўйича жавобгарликка тортилган О. Аҳмадовга нисбатан мазкур кодекснинг белгиланганидан ҳам камроқ жазо тайинлашга изн берувчи 57-моддаси қўл­ланилди. Айбига қисман иқ­рорлиги, пушаймонлиги, оилавий шароити, моддий аҳволи, ишсизлиги, му­қаддам судланмагани, ўзи яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғини томонидан ижобий тавсифлангани, «гаров» эҳтиёт чораси бўйича белгиланган мажбуриятлар бузилмагани назарда тутилди. Бағри­кенг­лик ва кечиримлиликнинг айни шундай намуналари судланувчи О. Алимовга нисбатан ҳам тадбиқ этилди.

Бинобарин, ахлоқан тузалиш йўлига ўтган, жиноят ва унинг оқибатларини бартараф этган, қилмишига иқрорлик ва пушмаймонлик билдирган кишига оғир жазо тайинлаш инсофдан эмас. Суд ана шу таомилга суянди. Ҳар икки айбланувчини оила ва жамиятдан ажратмаган ҳолда тарбиялаш мумкин, деган хулосага келди. Чиқарилган ҳукм­га мувофиқ О. Аҳмадов 2 йил мудадатга озодликни чеклаш, О. Алимов иш ҳа­қининг муайян қисмини чегириб қолиш эвазига шу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига маҳкум этилди.

Бу дунёда тинч, хотиржам, осуда ҳаёт, бахтли ва бахтиёр турмушга не етсин? У — қиёси йўқ неъмат! Унга ҳа­лоллик, поклик, фидоийлик, чин инсонийлик туфайли эришиш мумкин.

Муродбек Рўзиматов,

жиноят ишлари бўйича

Ҳазорасп тумани суди раиси,

Абдулла Собиров,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: