ОИЛАВИЙ АЖРАШИШЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ НАФАҚАТ СУДЛАР МАСЪУЛИЯТИНИ, БАЛКИ КЕНГ ЖАМОАТЧИЛИК ФАОЛЛИГИНИ ҲАМ ОШИРИШНИ ТАЛАБ ЭТАДИ
Оила — инсон тафаккурининг олий маҳсули. Зотан, бу мўъжаз маскан умримизга мазмун, ҳаётимизга файз берибгина қолмай, жамият равнақи, юрт тараққиётида ҳам муҳим ўрин тутади. Айни чоғда оиладаги тотувлик ва аҳиллик кишининг дунёқарашида ҳаётга муҳаббат, касбга садоқат, атрофдагиларга нисбатан ҳурмат ва эътибор сингари юксак инсоний фазилатларни ҳам шакллантиради.
Соғлом муҳит қарор топган оилалар юрт корига ярайдиган, эл хизматига камарбаста бўла оладиган фарзандларни тарбиялаб, камолга етказишнинг энг асосий омилларидандир. Шу боис мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.
Мамлакатимизда ҳар бир оила давлат муҳофазасига олинган. Оила кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари оилавий муносабатларни тартибга солиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, нафақат эр-хотин, айни чоғда вояга етмаган фарзандларнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.
Эътиборли жиҳати шундаки, ажралиш арафасида турган оилаларни яраштириш, юзага келган низоларни тинч йўл билан бартараф этиш борасида фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳамда ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини қошида ташкил этилган яраштирув комиссиялари томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Аниқ мисоллар ёрдамида фикр юритадиган бўлсак, 2022 йилнинг 8 ойи мобайнида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 40 минг 258 та низо кўрилган. Шундан 21 минг 433 та оила яраштириш имкони бўлмагани туфайли никоҳдан ажратилган.
Ўтган йил мобайнида судлар томонидан 25 минг 333 та оилавий ажралишга оид даъво ажрашиш учун етарли асослар бўлмагани туфайли қаноатлантирилмасдан қолдирилган ва иш юритувдан тугатилган. Ушбу оилаларнинг аксарияти ярашиши натижасида 3 минг 148 нафар вояга етмаган боланинг ота-она меҳридан баҳраманд ҳолда улғайишига замин яратилган.
Албатта, жамиятнинг энг оғриқли муаммоси — ажрашган оилалар хусусида сўз борар экан, фарзандлар тақдири кишини беихтиёр ташвишга солади. Негаки, ота-онанинг ажралишидан мурғак қалб эгалари ҳаммадан кўпроқ азият чекади, кўнгли кемтик ҳолда улғаяди. Шуни тан олиш жоизки, маънан етук бўлмаган шахс ҳаётда ўз ўрнини топиш, касб танлаш, ижтимоий ҳаётга мослашиш, тенгдошлари, кенг жамоатчилик билан мулоқотга киришиш борасида кўп қийинчиликларга дуч келади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, дилбандининг бахтли ҳаёт кечиришини истаган соғлом фикрли ҳар бир ота-она юзага келган келишмовчиликни оғир-вазминлик ва чуқур мушоҳада билан ҳал этиши, турмуш қийинчиликларини енгиб ўтиши, оила аъзоларининг бахтли турмуш кечиришини таъминлаши зарур. Оилавий ажралишларнинг салбий оқибатлари нафақат собиқ эр-хотинлар ҳаётида, балки уларнинг меҳнат фаолиятида, жамият ва давлат миқёсида ҳам муайян бўшлиқни юзага келтиради.
Статистик таҳлилларга қараганда, оиласи парокандаликка юз тутган шахсларнинг аксарияти носоғлом турмуш кечиришга одатланган.
Табиийки, бу унинг саломатлиги, хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди.
Яна ҳам аниқроғи, ёлғиз яшаш оқибатида ичкиликни, тартибсиз ҳаёт кечиришни одат қилган шахслар кўпгина ҳолларда турли ҳуқуқбузарлик содир этишдан, жамиятда ўрнатилган ахлоқ-одоб қоидаларига риоя этмасликдан ўзини тия олмайди, ўзининг хатти-ҳаракатини назорат қилишни сусайтириб юборади. Қолаверса, фарзандидан алоҳида турмуш кечира бошлаган ота ёки она зиммасидаги масъулиятни ҳам секин-аста унутади.
Натижада вояга етмаган болаларнинг моддий таъминоти учун алимент ундириш билан боғлиқ муаммо юзага келади. Бу ўз-ўзидан тегишли давлат органларининг иш юкламаси ортишига сабаб бўлади.
Бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш учун оилаларнинг барбод бўлишига йўл қўймаслик, ажралишларнинг сабабларини аниқлаш ва низоларни тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан муайян чора-тадбирларни амалга ошириш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Аввало, никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш юзасидан чора-тадбирларни белгилаш, оила мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва ижросини изчил таъминлаш ғоятда муҳимдир.
Бу борада давлат сиёсатининг муҳим йўналишларига «Никоҳдан ажралишга олиб келаётган ҳар қандай сабабнинг холис таҳлилидан келиб чиқиб, қонунчиликни такомиллаштириш лозим» деган банд киритилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ушбу бандда белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги, албатта, ўз самарасини беради, деган фикрдамиз.
Суд амалиётига оид таҳлиллар шундан далолат берадики, 2021 йилда никоҳдан ажрашиш билан боғлиқ низоларнинг 71 фоизида «эр-хотиннинг феъл-атвори тўғри келмагани» ажрашиш учун асосий сабаб сифатида кўрсатилган.
Мисол учун даъвогар — Аҳрор Абдулазизов (исм-шарифлар ўзгартирилган) судга жавобгар — Рўзигул Салимовага нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, никоҳдан ажратишни сўраган. Суд мажлиси чоғида аниқланишича, А. Абдулазизов жавобгар — Р. Салимова билан 2017 йилда қонуний никоҳдан ўтиб, оила қурган. Уларнинг бир нафар — 2018 йилда туғилган Сайёра Абдулазизова исмли фарзанди бор.
Эр-хотин дастлаб тинч-тотув яшашган. Бироқ орадан бир йил ўтар-ўтмас, оилада арзимас гап-сўзлар юзага келган. Рўзигул Салимова икки ойлик чақалоғи билан ота-онасининг уйига кетиб қолган.
Даъвогарнинг қайд этишича, турмуш ўртоғи билан унинг феъл-атвори мутлақо тўғри келмагани учун ажрашишга қарор қилган. Судда Рўзигул Салимова оиласини тиклаш ниятида экани, норасида фарзанди отасиз катта бўлишини истамаслигини таъкидлаб, даъвони рад этишни сўраган.
Суд ишни атрофлича кўриб чиқиб, Олий суд Пленумининг «Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарорида келтирилган раҳбарий тушунтиришларга риоя қилган ҳолда, эр-хотиннинг ярашиб олиши учун муддат белгилади.
Шундан сўнг эр-хотин билан тушунтириш ишлари олиб борилди, пировард натижада ёш оила тикланди ва ҳозирда тинч-тотув турмуш кечирмоқда.
Бу каби ҳолларда гарчанд оила ярашган бўлса-да, эр-хотиннинг қалбидаги дарз барҳам топмаслиги мумкин. Шу боисдан ҳам никоҳга киришиш арафасида турган ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, турмуш синовларига бардош бера олиш кўникмасини шакллантириш ғоятда зарур.
Бунда ФҲДЁ қошида ташкил этилган оила дорилфунунларида никоҳга қадар икки ёшни оилавий ҳаётга, ота-она бўлишга тайёрлаш талаб этилади. Шунинг баробарида, бўлажак эр-хотин сифатида улар бир-бирининг феъл-атворини ўрганиши учун имконият яратиш, мутахассислар, хусусан, психологларни жалб этиш орқали оила қуришга аҳд қилган ёшларнинг дунёқараши, орзу-истаклари, рўзғор юкини биргаликда торта олиши ёки йўқлигини, дунёқарашлари нечоғлик мувофиқ келишини психологик тестлар, усул ва воситалар ёрдамида аниқлаш амалиётини йўлга қўйиш лозим.
Яна статистик таҳлилларга эътибор қаратайлик. Ажралиш билан боғлиқ фуқаролик ишларининг 5,2 фоизида эр-хотиннинг ахлоқий, руҳий, маънавий жиҳатдан оила қуришга тайёр бўлмаган ҳолда никоҳга киришгани ҳам оилаларнинг бузилишига олиб келмоқда. Бунда рўзғор юкини тортишга тайёр бўлмаган эр-хотиннинг феъл-атворидаги манманлик, майда маиший муаммоларга ечим топиш ўрнига улардан фожиа ясаш, оила бюджетининг имкониятини инобатга олмасдан харид қилиш каби нохуш хатти-ҳаракатлар оиланинг нотинчлигига сабаб бўлаётир.
Бундай тоифага мансуб эр-хотинларнинг дунёқараши, маънавиятини ўзгартириш, уларга оила муқаддаслигини англатиш осон эмас. Бироқ ҳар қандай муаммонинг ечими бўлгани каби бундай оилаларни ҳам тиклаш имкони мавжуд, албатта. Фақат бу муайян вақт, эътибор ва масъулият талаб қиладиган жараён.
Касалликни даъволашдан кўра, унинг олдини олиш осон, дейдилар. Шу маънода бузилиш арафасидаги оилани тиклашдан кўра, оила қуриш арафасидаги ёшларни ҳам жисман, ҳам маънан оилавий ҳаётга тайёрлаш ҳар жиҳатдан афзалроқдир.
Никоҳдан ажрашиш билан боғлиқ ишларнинг бошқа сабаблари хусусида ҳам фикр юритайлик.
Шу ўринда амалиётга назар ташласак, 6,3 фоиз оилаларда асосан эр бошқа никоҳ муносабатига киришгани туфайли унинг аёли ажрашишга қарор қилганини кўриш мумкин. Аслида ўз оиласи бўла туриб, яна бошқа биров билан эр-хотинлик муносабатига киришиш нодонликдир.
Бундай номаъқул хатти-ҳаракат табиийки, оила аъзоларининг кескин норозилигига сабаб бўлади. Бинобарин, ўз уйида ҳузур-ҳаловат тополмаган киши бошқа оила қурганидан кейин ҳам ўз истагига эришолмаслиги аниқ.
Шаръий никоҳ асосида бошқа оила қурган шахслар маълум муддат ўтгач, ўз оиласи бағрига қайтиб келаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бундай вазиятда ҳам судлар эр-хотиннинг ярашиб олиши учун зарур чора-тадбирларни амалга ошираётгани алоҳида эътиборга лойиқ.
Статистик маълумотларга кўра, 6 фоиз ҳолатда фарзандсизлик туфайли эр ёки хотин ажрашиш фикрига келган.
Бу масалада тиббиёт ходимларининг амалий ёрдами ва тавсиясига эҳтиёж мавжуд. Чунки судлар амалиётида аввало никоҳ тузилгунга қадар никоҳланувчиларнинг ҳар бири ота ёки она бўлиш қобилиятига эга ёки йўқлиги, иккинчидан, шу икки шахснинг қони ва бошқа белгиларига кўра, биргаликда ота-она бўлиш имконияти ўрганилиши, учинчидан, ота-оналар ва бошқа мутасаддиларнинг фарзандсизлик масаласини ҳал этишга етарлича эътибор қаратмасдан, фақат келин ёки биргина куёвни бепуштлик касалига чалинганликда айблаш ҳоллари учрамоқда.
Яна бир жиддий ҳолат: 1,2 фоиз оилаларда қўшимча даромадга эҳтиёж мавжудлиги сабабли ажралиш келиб чиққанлиги аниқланди. Бунда эр ёки хотиннинг хорижга иш излаб кетиши, аёлнинг ишлашига қаршилик, бегона юртларда қолиб кетиш, бедарак кетиш, чет элда бошқа шахс билан никоҳ муносабатларига киришиш каби ҳолатлар оиланинг дарз кетишига сабаб бўлган.
Никоҳланувчиларнинг иш билан банд бўлишга интилиши, оиласини моддий таъминлаш мақсадида ишлаш учун узоққа кетишга оид истаклари кейинчалик бошқа омиллар таъсирида оиланинг бузилишига олиб келган, дейиш мумкин. Эр-хотинни иш билан таъминлаш, оила бюджетини қўшимча даромад эвазига мустаҳкамлаш сингари муаммоларни бартараф этиш у қадар мушкул эмас, яъни ечимини топиш мумкин бўлган масаладир.
Айни йўналишда давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорликда фаолият кўрсатиши бундай муаммолар ечимининг асосий калитидир.
Хулоса қилиб айтганда, оилани асраб-авайлаш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, ажрашиш арафасидаги оилаларни яраштириш энг эзгу амаллардан ҳисобланади. Шундай экан, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш, низолашаётган эр-хотинни ўзаро муросага келтириш борасида нафақат судлар, балки кенг жамоатчилик ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатиши жамиятимиз ривожига муносиб улуш бўлиб қўшилиши шубҳасиздир.
Муҳаммади МАМАТОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси,
Фозилжон СУБҲОНОВ,
Олий суд катта консультанти
Фикр қолдириш