ҚАНОАТЛАНТИРИЛГАН ДАЪВО
Бугунги кунда юртимизда демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари қатъият билан амалга оширилмоқда. Айни жараёнда суд орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Суд тизимининг энг юқори бўғини бўлган Олий суд қуйи турувчи судлар томонидан йўл қўйилган баъзи хато ва камчиликларни ўз вақтида бартараф қилиб, адолатни қарор топтираётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Шаҳзод Асатов судга Самарқанд вилояти Давлат солиқ бошқармасига нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, бошқарманинг шу йил 27 майдаги 00365-шт-сонли буйруғини бекор қилиб, ишга тиклаш ҳамда жавобгардан мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ундириб беришни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2022 йил 20 июлдаги ҳал қилув қарорига мувофиқ Ш. Асатовнинг даъво талабларини қаноатлантириш рад қилинган. Самарқанд вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 22 сентябрдаги ажрими билан суднинг ушбу ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Бундан норози бўлган Шаҳзод Асатов Олий судга мурожаат қилган.
Иш ҳужжатларига кўра, даъвогар Ш. Асатов 2018 йил 1 ноябрдан Пайариқ тумани Давлат солиқ инспекциясида қоровул вазифасида иш бошлаб, 2021 йил 18 мартдан инспектор лавозимига ўтказилган.
Самарқанд вилояти Давлат солиқ бошқармасининг 2022 йил 27 майдаги 00365-шт-сонли буйруғига кўра, даъвогар Ш. Асатов билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига асосан бекор қилинган.
Меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос сифатида Ш. Асатов Давлат солиқ инспекцияси раҳбарияти билан қўпол муносабатда бўлгани, ходимлар ўртасида маънавий-руҳий муҳитга таъсир ўтказишга урингани, ахлоқ-одоб қоидаларига риоя қилмагани, топшириқларни ўз вақтида бажармагани каби важлар кўрсатиб ўтилган.
Ўз навбатида, Ш. Асатов Давлат солиқ инспекциясининг важлари асоссизлиги, шартномани бекор қилишда бир ойлик муддат ўтказиб юборилгани, иш берувчи томонидан Меҳнат кодекси талаблари бузилганини таъкидлаган.
Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ишдаги ҳужжатларни атрофлича ўрганиб чиқиб, тарафларнинг тушунтиришларини эшитиб, қуйи турувчи судларнинг фуқаролик иши бўйича қабул қилган қарорларини бекор қилди ва даъво аризасини тўлиқ қаноатлантириш тўғрисида қарор қабул қилди. Чунки иш ҳужжатлари ўрганилганда, иш берувчи томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишда қилмишнинг оғирлик даражаси, уни содир этиш ҳолатлари, ходимнинг хулқ-атвори ҳамда тушунтириш хатида ёзган ҳолатлар қуйи турувчи судлар томонидан ўрганилмагани ва ҳуқуқий баҳо берилмагани, шунингдек, интизомий жазо қонунда белгиланган бир ойлик муддатдан кечиктириб қўлланилгани аниқланди.
Ҳозирги пайтда Олий суд томонидан ишга тикланган Ш. Асатов Пайариқ тумани давлат солиқ инспекцияси солиқ тўловчиларининг бухгалтерия ҳисобини юритиш ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш хизмати солиқ бўйича инспектори лавозимида фаолият юритмоқда. Унга мажбурий прогул юрган кунлари учун иш берувчидан 19 422 075 сўм ундириб берилди. Бу мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари қонун, ижтимоий адолат ва холислик асосида тўлиқ таъминланаётганининг амалдаги намунасидир. Зеро, демократик ҳуқуқий давлатда барча низолар суд орқали ҳал этилади.
Фируза Азимова,
Олий суд катта консультанти
Фикр қолдириш