17 НАФАР МАҲКУМА БАЙРАМНИ ОИЛАСИ БАҒРИДА НИШОНЛАЙДИ

20 март 2019

Зангиота туманида жойлашган жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган маҳкумалар билан очиқ мулоқот ўтказилди. 

Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Г. Маруфова ва Олий суд раиси ўринбосари Х. Ёдгоров Зангиота туманида жойлашган жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган маҳкумалар билан очиқ мулоқот ўтказди. Мулоқот жараёнида уларнинг муаммолари тингланди, 15 нафар жазо ўтаётган аёлнинг аризалари қабул қилинди. 
 
Маҳкумаларга юртимизда аёллар учун яратилган имтиёз ва шарт-шароитлар ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилди. 
 
Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ҳамда жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани судининг аёллар жазони ижро этиш муассасаси ва манзил-колонияда сайёр суд мажлислари бўлиб ўтди. 
 
5 нафар жазо ўтаётган аёлнинг иши Олий суд томонидан назорат тартибида кўриб чиқилиб, уларнинг содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, ахлоқан тузалиш йўлига ўтганлиги ҳамда жазонинг асосий қисмини ўтаганлиги ҳисобга олиниб, жазодан озод қилинди. 
 
Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман суди томонидан 5 нафар аёл жазони ижро этиш муассасасидан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди. 
 
Шунингдек, ахлоқ тузатиш иши жазосини озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштириш ҳақидаги суд қарорлари бекор қилиниб, 2 нафар аёл оиласи бағрига қайтарилди. 
 
Бундан ташқари, манзил-колонияда жазо ўтаётган 5 нафар аёл жазодан озод қилинди. 
 
Наврўз юртимизга кириб келаётган паллада 17 нафар аёл бу қутлуғ айёмни оиласи бағрида кутиб олиш бахтига муяссар бўлди. 
 
Бундан ташқари, яна 22 нафар аёл жазони ижро этиш муассасасидан манзил-колонияга ўтказилди. 
 
 
ЎзА

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: