17 НАФАР ФУҚАРО МУДДАТИДАН ОЛДИН ОЗОД ҚИЛИНДИ

07 апрель 2019

Фарғона вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Х. Ёдгоров ва Олий суд судьялари томонидан аҳолининг жиноий, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судларга оид мурожаатлари юзасидан сайёр қабуллар ўтказилди.

Марғилон ва Фарғона шаҳрида ташкил этилган сайёр қабулда 125 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди. Шунингдек, маҳалла раислари, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган шахслар, муқаддам судланган шахслар, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган шахсларнинг яқин қариндошлари билан, шу билан бирга оила ва никоҳ, уй-жой, мол-мулк, оммавий ҳуқуқий муносабатлар, маъмурий ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ масалалар юзасидан фуқаролар билан мулоқотлар ташкил этилди.
 
Фуқароларнинг назорат тартибидаги аризалари ҳам қабул қилинди. 91 фуқарога шикоят қилиш тартиби ва муддатлари, авф этиш бўйича мурожаат қилиш тартиби юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди.
 
Шунингдек, Жиноят ишлари бўйича Қўштепа тумани суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан Исмоилжон Оталиқов, Камронбек Қодиров ва 168-модданинг 2-қисми “б” банди билан Нурилло Ҳайдаровни айблаш ҳақидаги жиноят иши Фарғона юридик коллежида сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. 
 
Судланувчиларнинг оилавий аҳволи, улар томонидан етказилган моддий зарар қопланганлиги ва ишдаги бошқа енгиллаштирувчи ҳолатлар инобатга олиниб, уларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиб, суд залида қамоқдан озод қилинди.
 
Бундан ташқари, сайёр қабулларда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган 17 нафар фуқароларга оид материаллар жиноят ишлари бўйича Фарғона ва Марғилон шаҳар ҳамда Фарғона туман судлари томонидан кўриб чиқилиб, ушбу фуқаролар Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди.
 
Хусусан, Фарғона шаҳар Меҳрибонлик маҳалласида яшовчи Қ. Исроилова 2017 йилда қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш жиноятини содир этиб, Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2018 йил 12 февралдаги ҳукми билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судланган. Сайёр қабул давомида Қ. Исроилова қилмишидан пушаймонлигини, жазодан ўзига тегишли хулоса чиқарганлигини билдириб, жазодан муддатидан олдин озод қилиш ҳақида мурожаат қилди. Унинг мурожаати юзасидан Фарғона шаҳар ички ишлар органлари пробация гуруҳи инспектори иштирокида жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш юзасидан мурожаат қилишнинг қонунда белгиланган тартиби ҳақида тушунтириш берилди. 
 
Шу куни Қ. Исроиловага оид материал Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан кўриб чиқилиб, у томонидан жазо муддатини ўташ тартиби бузилмагани, ушбу даврда ҳеч қандай ҳуқуқбузарликлар содир этилмагани, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани эътиборга олиниб, ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг ўталмаган 1 йилидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли озод қилинди.
 
Ўтказилган сайёр қабулларда “Фарзанд омонат” номли қисқа метражли видеофильм намойиш этилиб, юздан ортиқ фуқарога ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга, 2 та оилани яраштиришга эришилди.
 
Бу каби сайёр қабул Данғара туманидаги Халқ қабулхонасида ҳам бўлиб ўтди.
 
 
ЎзА
 
 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: