Раддия: Суд ишни арз қилинган талаблар доирасида ҳал қилган
Kun.uz сайти орқали эълон қилинган «Узунда бузилаётган бир хонадон ҳақида қисқа ҳикоя: фақатгина туман ҳокимлиги бу ишни тўхтатиши мумкин» сарлавҳали мақола юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича ҳайъати ўз муносабатини билдирди.
Сурхон вилоятининг Узун тумани, Дазира қишлоғидаги 87-дала контурдаги 0,14 га ер майдони фуқаро Ханифа Сафарова томонидан ўзбошимчалик билан эгалланиб, бирор ҳужжжатсиз уй-жой ва ошхона қурилган.
Ушбу қурилган иморатлар бошқаларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказаётгани, ноқулайликлар туғдираётгани сабабли Узун туман ҳокимлиги судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда жавобгар Ханифа Сафарова томонидан 0,14 га ер майдонидаги ноқонуний қурилган уй-жой ва ошхона биноларини буздириш ва ер майдонини туман захирасига қайтариш сўралган.
Фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг 2017 йил 13 июлдаги ҳал қилув қарорига билан Узун туман ҳокимлигининг даъво талаби қаноатлантирилиб, жавобгар Х.Сафарова томонидан ноқонуний эгалланган 0,14 гектар ер участкасида қурилган уй-жойни бузиш ва ер майдони туман ҳокимлиги захирасига қайтарилиши белгиланган.
ФИБ Сурхондарё вилоят суди апелляция судлов ҳайъатининг 2017 йил
2 октябрдаги ажримига кўра мазкур ҳал қилув қарори ўзгартиришсиз қолдирилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 254-моддасига кўра, суд ишни даъвогар томонидан арз қилинган талаблар доирасида ҳал қилади.
Яъни судлар даъво талаби доирасида низони мазмунан ҳал этган.
Амалдаги ер муносабатларини тартибга солувчи қонунчилик талабига кўра, давлат ҳокимияти органлари ер фондидан белгиланган мақсадда ва оқилона фойдаланиш юзасидан давлат назоратини олиб боради.
Жисмоний ва юридик шахслар фақатгина ўзларига тегишли тартибда ажратиб берилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари вужудга келгандан сўнггина унга эгалик қилиш ва қурилиш ишларини амалга оширишга ҳақлидирлар.
Аниқланишича, жавобгар Х.Сафарова эса Узун тумани, Дазира қишлоғидаги 87-дала контурида ўзига уй-жой қуриш мақсадида ажратилмаган ер участкасида, зарур рухсатномаларни олмасдан ўзбошимчалик билан уй-жой қуриб, ундан фойдаланиб келган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддаси ва Ер Кодексининг 91-моддаларига кўра, ўзига тегишли тартибда ажратилмаган ва иморат қуриш учун тегишли рухсатнома олмасдан қурилган уй-жой ёки бошқа иншоатлар ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади.
Ишни кўришда, Узун туман ҳокимлигининг Х.Сафарова томонидан қурилган қурилиш ишлари ўзбошимчалик билан амалга оширилганлиги ҳақидаги важи тўлиқ тасдиқланган. Шунга кўра, судда ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиш ва ер участкаси ҳокимлик захирасига қайтариш масаласи ҳал этилган.
Фуқаро Х.Сафарованинг уйидан йўл ўтказиш, ер участкаси «Сувоқова» корхонасига тегишлилиги ёки бошқа масала ҳал этилмаган.
Шунга қарамай, судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси ўтказиш тўғрисида»ги Фармонининг 4-банди талабига биноан Х.Сафарова ва маҳаллий давлат ҳокимияти органи билан келишув битими тузиш чоралари кўрилган. Бироқ, тарафлар розилик бермагани туфайли Х.Сафарованинг низоли уйга мулк ҳуқуқини бериш масаласи ҳал этилмаган.
Журналист масалага фуқаро Х.Сафарованинг муаммосини ҳал этиш нуқтаи назаридан ёндашган бўлса-да, ушбу муносабатнинг ҳуқуқий томонини эътибордан четда қолдирган. Зеро, қонунчиликда ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаси ва ноқонуний қурилмаларга доир масалани ҳал этишнинг ўзгача усули назарда тутилмаган.
Энди, мақолада ёритилган масаланинг асл моҳиятига келсак, аслида фуқаро Х.Сафарова уй-жойни ўзбошимчалик билан қургани оқибатида мазкур низо келиб чиққан. Яъни, низо келиб чиқишига бош сабабчи Х.Сафарованинг ўзи ҳисобланади.
Бироқ Х.Сафаровани айбдор қилиш билан муаммо ҳал бўлмайди. Аксинча, қурилмага мулк ҳуқуқини олиш масаласида маҳаллий ҳокимликка мурожаат қилиш лозим бўлади.
Журналист иш ҳужжатлари билан танишиб, масаланинг моҳиятини чуқур ўрганиб, мавзуни ёритганида ОАВнинг холислик ва ҳаққонийлик тамойилига зид ахборот тарқатилишининг олди олинган бўларди.
Ўзбекистон Республикасси Олий суди
Фуқаролик ишлари бўйича ҳайъати
Фикр қолдириш