БЕЗОРИГА МАЪМУРИЙ ҚАМОҚ ЖАЗОСИ ТАЙИНЛАНДИ
Шундай фуқаролар борки, улар жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан, жамоат жойида маст ҳолатда фуқароларнинг осойишталигини бузиб безорилик қилишни ўзига касб қилиб олган.
Лекин ҳар қандай ҳуқуқбузарлик жазосиз қолмайди. Зарафшон шаҳар ИИБ ХПБ профилактика инспектори М.Иззатуллаевнинг билдиргисига асосан суриштирув органи томонидан Н.Й.га Ўзбекистон Республикаси МЖтК 183-моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатилган.
Ҳуқуқбузар Н.Й. жорий йил 4 май куни Зарафшон шаҳар, 11-кичик туман академик лицей ётоқхонаси олдида фуқаро М.Э.(қиз бола)га уятсиз ҳаракатлар билан шилқимлик қилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан майда безорилик қилган.
Н.Й. МЖтК 183-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганлиги унинг судда ҳаракатига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатувлари, ишда мавжуд бўлган ИИБ ходимларининг билдиргиси, жабрланувчининг кўрсатуви ва бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган.
Зарафшон шаҳар маъмурий суди Н.Й.нинг ушбу ҳуқуқбузарликни содир этгани учун 5 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Зарафшон шаҳар маъмурий суди
Фикр қолдириш