БУХОРОДА ПОРА УСТИДА ҚЎЛГА ОЛИНГАН ИИБ ХОДИМИ ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИЛДИ
2017 йилдан бошлаб Қоракўл туман ИИБ ҲПБ профилактика инспектори лавозимида ишлаб келган олотлик фуқаро Нурали Беков хизмат вазифасидан фойдаланиб, тамагирлик йўли билан пора олиш жиноятини содир қилган. Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди раиси Жалол Садиров қуйидагиларни маълум қилади:
Нурали Беков жиноят устида қўлга олиниб, унга нисбатан озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилган.
Ҳолатга кўра, 2018 йилнинг декабрь ойида Қоракўл туманидаги «Диёр» чойхонасига овқатлангани келган фуқаролар Ғ.А. ва Э.Р. спиртли ичимлик истеъмол қилган. Оқибатда кафе ишчиси Н.Т. исмли аёл билан жанжал содир қилган. Ғ.А. аёлни ҳақоратлаган ва урган. Ушбу юзасидан Н.Т. тумандаги «Пахтакор» маҳалла фуқаролар йиғини, «Гулобод» кўчасида жойлашган ички ишлар органлари таянч пунктига борган ва ИИБ ҲПБ профилактика инспектори Нурали Бековга шикоят аризасини қолдирган. Инспектор хизмат вазифаси ва Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг талабига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан баённома юритиб, ҳужжатларни белгиланган тартибда ва муддатда судга жўнатиши лозим бўлган. Бироқ ғараз йўл билан жавобгар томондан 400 минг сўм ундириш мақсадида иш юритувидаги 2018 йил 8 декабрда тузилган маъмурий баённомани 2019 йил 17 январь кунига қадар судга топширмаган.
Маъмурий баённома бўйича Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 183-моддаси (Майда безорилик) билан жавобгарликка тортилаётган Ғ.А.га, «Агар 400 минг сўм пул берсанг, жабрланувчидан даъвоси йўқлиги тўғрисида ариза оламан, йўқса, ишни судга тақдим қиламан. Суд қарорига кўра, 15 суткага қамаласан», — дея қўрқитиб, уни пора беришга мажбур қилиб келган.
Кам таъминланган ва ночор фуқаро ИИБ ҲПБ профилактика инспектори талаб қилаётган пулни тўплай олмаган. Нурали Беков қайта-қайта қўнғироқ қилиб, 400 000 сўм миқдоридаги пулни талаб қилиб чақиравергач, Ғ.А. унинг хизмат хонасига келиб, ўзининг Тошкентга пул ишлаш учун кетганини, бироқ етарлича маблағ тўплай олмаганини тушунтирган. Нурали Беков эса ўз хизмат хонаси деразаси ойнасига парда ўрнатишини ва пулини тўлашни эса Ғ.А. зиммасига «юклаган».
Орадан бир неча кун ўтгач, инспектор ходими Ғ.А.га яна қўнғироқ қилиб, ўз хизмат хонаси деразасига парда ўрнатгани ва зудлик билан келиб, унинг пулини тўлаб кетишини талаб қила бошлаган. Ўзи ва оиласини боқиш учун топаётган харажатидан орттира олмаётган фуқаро Ғ.А. инспектор талаб қилаётган 400 000 сўм миқдоридаги пулни тўплай олмагач, ДХХ Олот туман бўлинмаси бошлиғи номига ҳолат юзасидан ариза ёзишга мажбур бўлган. 2019 йилнинг 15 январь куни ушбу ариза юзасидан ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан назорат тариқасида Ғ.А.га 200 минг сўм пул берилган. Жавобгар шахс бу пулларни ИИБ профилактика инспектори Нурали Бековнинг хизмат хонасига олиб борган. Бироқ Нурали Беков «Бу пулларингни олмайман, 400 минг сўмни тўлиқ қилиб келмасанг, 15 суткага қамаласан!» — деган таҳдид ва қўрқитув билан ўзининг хизмат хонасидан чиқариб юборган.
Шундан сўнг туман ИИБ, прокуратура ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилиб, жавобгар шахсга кимёвий ишлов берилган 400 минг сўм пуллар берилган. ИИБ ҲПБ профилактика инспектори Нурали Беков Ғ.А.ни пора беришга мажбур этадиган шароитга қасддан ундовчи хатти-ҳаракати билан жиноят устида қўлга олинган.
2019 йилнинг 25 май куни жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди ҳукмига кўра, судланувчи Нурали Беков Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 210-моддаси 2-қисмининг «в» банди (Тамагирлик йўли билан пора олиш) билан айбдор деб топилган. Унга нисбатан Жиноят Кодекси 57-моддасини қўлланилиб, 2 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Фикр қолдириш