ҚАРИНДОШИНИ АЛДАГАН ФИРИБГАР
Маълумки, бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда фаолият юритиш кўпгина ёшларнинг орзусига айланган. Ахир, юртимизда қонун устуворлиги, эл-юрт тинчлигини таъминлаш, ҳамюртларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга ҳисса қўшишдан ҳам шарафли бахт борми?!
Аммо ҳаётда ёшларнинг ана шундай орзусидан ўзининг чиркин ва тор манфаати йўлида фойдаланиб қолишга уринадиган кимсалар ҳам учраб туради.
Қарши шаҳрида яшовчи Ўткиржон Ҳамдамов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам 2020 йилнинг март ойида ҳарбий хизматдан қайтгач, ички ишлар идораларига ишга киришга ҳаракат қилади. Унинг мақсади Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида фаолият юритиш эди.
Бинобарин, у айни шу тизимда фаолият юритадиган қариндоши — тоғасининг ўғли Отабек Эрматовдан маслаҳат сўрайди.
— Майли, мен танишларим билан маслаҳатлашиб кўраман. Аммо ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди, ишга киришнинг “харажати“ бор, — дейди Отабек суҳбатда чоғида.
— Тушундим, — дейди унга жавобан Ў. Ҳамдамов. — Нима хизмат бўлса, тайёрман.
— Ишга киргач, дастлаб вазирлик академиясида — сержантлар тайёрлаш курсида ўқийсан. Кейин асосий хизматга ўтасан, — деб тушунтиради унга Отабек Эрматов.
Шундан сўнг О. Эрматов айни масалада таниши Рустам Қўлдошев билан гаплашади. Ўзаро суҳбат асносида Отабек унга қариндошининг моддий имконияти етарли эканини ҳам айтади.
— Ҳаммасини тушундим. Жиянингиз келиб, менга учрашсин, — дейди Р. Қўлдошев.
Шундан сўнг Ў. Ҳамдамов Р. Қўлдошев билан учрашади.
— Аввал бир қатор синовлардан ўтишингиз керак. Шу боис ҳозирдан жисмоний тайёргарлик бошлайверинг, — дейди Р. Қўлдошев.
Орадан икки ой ўтгач, Отабек Эрматов унга қўнғироқ қилиб, ишга киритиш учун 4 500 АҚШ доллари бериш лозимлигини айтади. Бинобарин, Ў. Ҳамдамов “Нексия” русумли автомашинасини 37 000 000 сўмга сотиб, банк орқали хорижий валютага айлантиради. Аммо у қариндошига 2 500 АҚШ доллар беради, “харажат”нинг қолган қисмини ишга киргач, беришни мўлжаллайди.
Шундан сўнг орадан тўрт ой ўтса-да, Ў. Ҳамдамов ишга жойлаша олмайди. У бунинг сабабини билиш мақсадида, Отабекнинг олдига боради.
— “Хизмат ҳақи“нинг қолганини ҳам беришинг керак, — дейди О. Эрматов.
2020 йилнинг сентябрь ойида Ў. Ҳамдамов 900 АҚШ долларини О. Эрматовга беради. Шундан сўнг у муайян муддат Тошкентда ижарада яшаб, ишга кириш учун тайёргарлик кўради. Ҳатто тиббий кўрикдан ўтиш жараёнида танасида аниқланган “варикацел” касаллигидан жарроҳлик йўли билан халос бўлади. Аммо орадан яна бир йил ўтиб кетса ҳам, ваъда қилинган ишдан дарак бўлмайди. Аксинча, О. Эрматов ва Р. Қўлдошев турли важ-карсонларни тўқиб, уни алдаб юришади.
Қисқаси, Ў. Ҳамдамов тишини тишига қўйиб, яна беш ой кутади. Лекин унга ишга кириш насиб этмайди. Охир-оқибат у алданганини, фирибгарлар “чув” туширишганини англаб етади. Шундан сўнг 2022 йилнинг февраль ойида О. Эрматов ва Р. Қўлдошевга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилади.
Буни қарангки, унинг мурожаатидан сўнг О. Эрматов югургилаб қолади.
Яъни у Ў. Ҳамдамовнинг уйига келиб, пулни Р. Қўлдошевга берганини айтишини илтимос қилади. Аммо суриштирув жараёнида О. Эрматов билан Р. Қўлдошев юзлаштирилганда барчаси ойдинлашади. Оқибатда икки фирибгарга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Касби тумани суди уларни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди, 28,211-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, қонуний жазо тайинлади.
Шуни қайд этиш жоизки, суд жараёнида Ў. Ҳамдамов ва унинг отаси Д. Ҳамдамов пора сифатида берилган 3 400 АҚШ долларини судланувчилардан ундириб беришни, зарар қопланган тақдирда уларга нисбатан даъводан воз кечишни таъкидлашди. Аммо суд бу маблағни давлат эгалигига ўтказди. Чунки Олий суд Пленумининг 1999 йил 24 сентябрдаги “Порахўрлик ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори 16 ва 17-бандларига мувофиқ, пора берувчиларни порада товламачилик ёки пора берганлик тўғрисида ихтиёрий ариза бериш асосларига кўра, жиноий жавобгарликдан озод этиш бу шахсларнинг ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлигини билдирмайди. Шу сабабли улар жабрланувчи деб топилмайди ва пора тариқасида берилган бойликларни қайтариб олишни талаб қилишга ҳақли эмас. Агар жабрланувчи пора талаб қилингани ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган бўлиб, тезкор тадбир давомида жабрланувчининг мулкидан пора предмети тариқасида фойдаланилган бўлса, ушбу мулк Жиноят-процессуал кодекснинг 211-моддаси 4-бандига асосан жабрланувчига қайтарилиши лозим. Бошқа ҳолатларда пора предмети суд ҳукми билан давлат эгалигига ўтказилади.
Қисқаси, пора орқали ўз мақсадига эришмоқчи бўлганлар қаттиқ адашишди. Зеро, коррупцияга қўл урганларнинг қисмати ҳамиша аянчлидир.
Маҳфират ОЧИЛОВА,
жиноят ишлари бўйича
Касби тумани суди раиси
Фикр қолдириш