«КЕЧИКИБ ТУҒИЛГАН» ФАРЗАНДЛАР
Учкўприклик Ҳасанбой Остонақулов ва Санобар Раҳмонова 1990 йилда шаръий никоҳ асосида турмуш қуришганда қонуний никоҳнинг аҳамияти нечоғлик юқори эканини хаёлларига келтиришмаган эди. Аммо ўтган йиллар мобайнида улар бу борада кўпгина муаммоларга дуч келишди.

Тўғриси, ўтган вақт давомида эр-хотин бир жойда муқим яшашгани йўқ.
Гоҳ Сирдарёда, гоҳ Тошкент вилоятида истиқомат қилишни шароитнинг ўзи тақозо қилди. Аниқроғи, улар ижара асосида деҳқончилик билан машғул бўлишган. Ҳозир ҳам шундай. Энг эътиборлиси, ўтган давр ичида 6 нафар фарзанд — Наргиза, Авазбек, Феруза, Муҳайё, Муштарий ва Нодирабегим туғилди, ўсиб-улғайди. Боғча, мактаб ва касб-ҳунар коллежларида таълим-тарбия олишди. Бироқ…
Бироқ ота-онанинг эътиборсизлиги, бепарволиги туфайли фарзандларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олинмади. «Қолган ишга қор ёғар», деганларидек, ўғил-қизларининг туғилганлиги ўз вақтида қайд этилмагани кўп оворагарчиликларни келтириб чиқарди. Буни қарангки, ҳатто туғруқхоналардан болаларнинг туғилганлиги ҳақидаги тиббий маълумотномалар ҳам олинмаган экан. Албатта, бундай вазиятда фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ёзуви бўлими ҳам, бошқа бир идора ҳам муаммога ечим тополмайди. Шу боис улар кўпгина оворагарчилигу сарсонгарчиликларни бошдан кечиришди.
Охир-оқибат Ҳ. Остонақулов ва С. Раҳмонова туғилганлик ҳақидаги фактни белгилашни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судига мурожаат қилишди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, аввалига суд иш ҳолатларини атрофлича ўрганиб чиқди. Сўнгра одам ДНКси экспертизаси тайинланди.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг 2021 йил 2 ноябрдаги судга оид одам ДНКси экспертизаси хулосаси билан Раҳмонова Санобар Патидиновна 1993 йил 12 августда туғилган Абдураҳмонова Наргиза Ҳасанбой қизи, 1997 йил 27 январда туғилган Абдураҳмонов Авазбек Ҳасанбой ўғли, 1998 йил 11 февралда туғилган Абдураҳмонова Феруза Ҳасанбой қизи, 2000 йил 15 июнда туғилган Абдураҳмонова Муҳайё Ҳасанбой қизи, 2004 йил 21 мартда туғилган Абдураҳмонова Муштарий Ҳасанбой қизи ва 2009 йил 12 апрелда туғилган Абдураҳмонова Нодирабегим Ҳасанбой қизи исмли фарзандларнинг билогик онаси, Остонақулов Ҳасанбой Абдураҳмонович эса, уларнинг биологик отаси экани тасдиқланди.
Тошкент вилояти, Қибрай тумани «Боғишамол» маҳалла фуқаролар йиғини томонидан тузилган далолатномада Ҳ. Остонақулов ва С. Раҳмонова фарзандлари билан бирга ижарада яшаб келаётгани кўрсатилган.
Фуқаролик процессуал кодексининг 295-моддасига биноан, суд фуқаролар ёки ташкилотларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқлари юзага келишига, ўзгаришига ёки тугашига сабаб бўладиган фактларни аниқлайди. Аризачи юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни тасдиқлайдиган зарур ҳужжатларни бошқача тартибда олиши мумкин бўлмаган ёхуд йўқотилган ҳужжатларни тиклашнинг имкони бўлмаган тақдирдагина суд ушбу фактларни аниқлайди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сонли қарори билан тасдиқланган «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш Қоидалари»нинг 40-бандига мувофиқ, никоҳда бўлмаган ота-онадан туғилган болага оталикни белгилаш ота ва онаси томонидан биргаликда берилган аризаси ёки суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ёзуви органида амалга оширилади. Мазкур Қоидаларнинг 49-бандига кўра, ота-онанинг биргаликдаги аризаси бўлмаган тақдирда оталик (агар отаси ёки онаси вояга етмаган бўлса) ота-оналардан бири ёки васийлик ва ҳомийлик органининг даъво аризаси бўйича суд тартибида белгиланиши мумкин.
Ана шу асосларга таянган суд юқорида исм-шарифлари қайд этилган фарзандларнинг туғилганлик фактини белгилаш хусусида ҳал қилув қарори қабул қилди. Айни қарор ижроси Учкўприк тумани фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ёзуви бўлими зиммасига юкланди.
Албатта, энди Авазбек Абдураҳмонов ва унинг сингиллари аввал туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, сўнгра фуқаролик паспорти олиши мумкин. Энг қувончлиси, бундан буён улар тенгдошлари қатори барча ҳуқуқ ва эркинликлардан эмин-эркин фойдалана олади.
Баён этилган ҳолат мамлакатимизда «Инсон қадри учун» деган эзгу тамойил чинакам ўз ифодасини топаётганидан далолат беради.
Байрамали НОРОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Қўқон туманлараро суди судьяси
Фикр қолдириш