АДОЛАТ ТАНТАНАСИ КЎНГИЛДАГИ ҒУБОРЛАРНИ ЮВИБ ЮБОРДИ
«Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди», дейди доно халқимиз. Буҳикмат замирида теран маъно-мазмун мужассам. Унинг нақадар тўғри айтилганини Навоий вилояти прокуратурасининг иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси лавозимида ишлаган Лутфилла Карабеков (айни пайтда марҳум)нинг қисмати ҳам яққол тасдиқлайди.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, Л. Карабеков қандай жиноятда айбланган?
Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судининг 2012 йил 15 августдаги ҳукмида қайд этилишича, Лутфилла Карабеков «Навоийазот» очиқ акциядорлик жамиятининг иқтисодий хавфсизлик бўлими бошлиғи Ф. Санақуловга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов гуруҳи раҳбари бўлган. Шу боис бўлим бошлиғига нисбатан тегишли чора кўрмаслик, яъни акциядорлик жамиятининг молиявий-иқтисодий фаолияти юзасидан ҳужжатли текшириш тайинланмаслик эвазига тергов гуруҳи аъзоси Ориф Бўронов билан жиноий тил бириктириб, у орқали 38 000 АҚШ долларини пора тариқасида олганликда айбланган. Оқибатда у Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» ва «б» бандларига асосан айбдор деб топилиб, 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Қолаверса, «адлия кичик маслаҳатчиси» унвонидан ҳам маҳрум этилган.
Ана шу воқеадан сўнг Лутфилла Карабеков адолатсизлик, кучли руҳий тушкунликдан оғир дардга чалинади. У 2013 йил 27 апрел куни вафот этади.
Кетма-кет юз берган бундай кўргиликлар марҳумнинг оиласи ва яқинлари қалбида оғир асорат қолдиради.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари Лутфилла Карабековнинг оиласи, айниқса, ҳуқуқшунос ўғли Санжарда умид уйғотди. Бундан руҳланган Санжар ҳимоячилар билан бирга Олий судга мурожаат қилиб, марҳум отасининг оқланишини сўради. Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 15 декабрдаги ажримига асосан жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди апелляция инстанциясининг 2012 йил 20 сентябрдаги ажрими бекор қилиниб, иш янгидан кўрилиши учун яна Бухоро вилояти судига юборилди.
Бухоро вилояти судининг шу йил 18 мартдаги суд мажлисида Лутфилла Карабековнинг айбсизлиги ўз исботини топди. Жумладан, Л. Карабеков билан бирга судланган собиқ ҳамкасби Ориф Бўронов тазйиқлар туфайли унга қарши кўрсатма беришга мажбур бўлганини тан олди. Энг муҳими, жиноят иши материалларида собиқ терговчи айбини тасдиқловчи аниқ далиллар, яъни пора предметига дахлдор қонунлар билан белгиланган тартибда почта-телеграф ва электрон жўнатмалар, аудио ёки видеоёзувлар ҳамда бошқа мосламалар орқали амалга оширилган сўзлашувлар мавжуд эмас. Айни пайтда ҳам суд тергови ўтказиш орқали бундай далилларни аниқлаш имконияти мавжуд эмас. Бундай ҳолда марҳумни масъул мансабдор шахс сифатида жуда кўп миқдорда пора олиш жиноятини содир қилган, деб бўлмайди.
Бундан ташқари апелляция судлов ҳайъати Ориф Бўроновнинг Лутфилла Карабековга пора бергани ҳақидаги кўрсатмаларини ишончга сазовор эмас, деб ҳисоблади.
Жиноят процессуал кодексининг 23-моддасига кўра, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Ана шу қонуний асосга таянган суд жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судининг 2012 йил 15 августдаги ҳукмининг марҳум Лутфулла Карабековга оид қисмини бекор қилиб, уни айбсиз деб топди ва оқлади. Албатта, бунинг натижасида марҳумнинг руҳи шод бўлгани шубҳасиз.
Дарвоқе, унинг ўғли Санжар Карабеков ва қизи Феруза Мирўктамова ота касбини танлашган.
— Отамнинг оқланиши онам, ўзим ва 3 нафар синглим, қариндош-уруғ, ёру дўстларини беҳад қувонтирди. Адолат тантанаси кўнгилдаги ғуборларни ювиб юборди, — дейди Санжар Карабеков миннатдорлик билан.
Ҳақиқатдан ҳам, жамиятда ижтимоий адолатнинг тикланиши одамлар тақдирида муҳим аҳамиятга эга. У барқарор бўлган жойда ёруғ келажакка ишонч мустаҳкам бўлади.
Суҳандиёр РЎЗИЕВ,
Бухоро вилояти суди
раиси ўринбосари
Фикр қолдириш