ПАНД БЕРГАН БАҲОНА СУД ТАДБИРКОРЛАРНИНГ ҲУҚУҚИНИ ҲИМОЯ ҚИЛДИ

Маълумки, шартнома шартларига қатъий риоя этиш тадбиркорлик тараққиётида муҳим аҳамиятга эга. Қонун талабининг бузилиши эса, бир тарафнинг иқтисодий зарар кўриши, иккинчи тарафнинг жавобгар бўлишига сабаб бўлади. Буни қуйидаги мисоллар ҳам тасдиқлайди.

Ўтган йил 4 апрель куни Хива шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ҳамда “S-Iqbol” хусусий фирмаси ўртасида савдо ва хизмат кўрсатиш бўйича умумий қиймати 775,7 миллион сўмлик 04/22-сонли шартнома тузилган.

Унга мувофиқ хусусий фирма 1 та “Led”, 10 та “Р-8-Led” русумли монитор, 4 та электр ҳисоблагич ускунасини сотиб олиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш мажбуриятини зиммасига олган. Ободонлаштириш бошқармаси шартнома миқдорининг 30 фоизини олдиндан, қолганини эса, маҳсулотлар харидорга етказиб берилганидан сўнг тўлаши лозим бўлган.

Бироқ хусусий фирма шартномавий мажбуриятларини тўлиқ бажарган бўлса-да, буюрмачи ҳеч қандай тўловни амалга оширмаган.

Бунга молия бўлими томонидан тегишли маблағ ажратилмаганини рўкач қилган. Энг қизиғи, Ободонлаштириш бошқармасининг ушбу хатти-ҳаракатига тўловга масъул бўлган Хоразм вилояти Ғазначилик бошқармаси ҳамда Хива шаҳар молия бўлими мутасаддилари ҳам эътиборсизлик билан қараган. Шундан сўнг хусусий фирма судга даъво аризаси киритишга мажбур бўлган.

Суд даъво аризасида баён этилган важлар ва унга илова қилинган ҳужжатларни батафсил ўрганиб чиқди. Амалдаги қонунлар ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2002 йил 4 мартдаги “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонунни иқтисодий судлар амалиётида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарорига таяниб, суд даъво аризасини қисман қаноатлантирди.

Суд қарорига асосан хусусий фирма ҳисобига Хива шаҳар Ободонлаштириш бошқармасидан 775,7 миллион сўм миқдоридаги асосий қарз ундириб берилди. Бундан ташқари Ободонлаштириш бошқармаси давлат божи ва почта харажатларини ҳам тўлашга мажбур бўлди.

Шартномавий муносабатларга нисбатан бундай беписандлик Янгиариқ тумани Мактабгача таълим бўлимига ҳам қимматга тушди. Гап шундаки, Мактабгача таълим бўлими 2021 йили ўз қарамоғидаги муассаса биносини жорий таъмирлаш бўйича танлов эълон қилади. Унда “Хива-Жалолиддин” хусусий корхонаси ҳам қатнашган ва танлов шартларни тўлиқ бажариб, ғолибликни қўлга киритади. Шу муносабат билан ўша йилнинг 27 май куни мазкур тадбиркорлик субъекти ва буюртмачи ташкилот ўртасида умимий қиймати 310 миллион 500 минг сўмлик 2-сонли пудрат шартномаси расмийлаштирилади. Танлов ғолиби ўзаро келишувга мувофиқ қисқа фурсат ичида шартнома талабларини тўла-тўкис бажаради. Туманнинг Каттабоғ қишлоғидаги 10-сонли мактабгача таълим муассасаси биноси сифатли таъмирланиб, буюртмачининг ихтиёрига топширилади. Аммо буюртмачи ташкилот шартномавий мажбуриятини умуман бажармайди. У «молия бўлими маблағ ажратмаяпти», деган баҳона билан кифояланган, холос. Натижада пудратчи судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, асосий қарз ва бошқа қўшимча тўловларни ундириб беришни сўраган.

Судда  жавобгар тараф даъвони тан олган бўлса, учинчи шахс сифатида кўрсатма берган туман молия бўлими вакили даъвогар ва жавобгар ўртасида имзоланган пудрат шартномаси ғазначилик бўлимида рўйхатдан ўтказилмаганини маълум қилди. Бироқ ҳар иккала тараф ўртасидаги шартноманинг тегишли бандлари бу ҳолат даъво аризасини рад этиш учун асос бўла олмаслигини тасдиқлайди. Шу боис Мактабгача таълим муассасаси биносини ўзининг 310,5 миллион сўмлик маблағи эвазига таъмирлаб берган “Хива-Жалолиддин” хусусий корхонасининг талаби тўлиқ қаноатлантирилди. Жавобгар 3,1 миллион сўмлик давлат божини ҳам тўлайдиган бўлди.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бозор иқтисодиёти таомиллари шартномавий мажбуриятларни тўлиқ бажаришни талаб қилади. Унга амал қилмаганлар доимо ютқазади. Зеро, қонун ҳалол тадбиркорлик фаолиятини ҳамиша қўллаб-қувватлайди.

Баҳодир Давлатов,

Боғот туманлараро

иқтисодий суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: