ТАДБИРКОРЛИК ИМТИЁЗИ МАМЛАКАТ ТАРАҚҚИЁТИДА МУҲИМ ЎРИНГА ЭГА
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, улар эркин фаолият юритиши учун барча шарт-шароитларни яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, экспорт ва импорт қилувчи тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш мақсадида бир қатор қонун, фармон, қарор ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Бу ҳақда фикр юритганда, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги «Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан «Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида»ги Низом тасдиқланганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ушбу Низомнинг 27-бандига кўра, чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт қилувчилар, шунингдек, «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида товарларни республикага олиб кириш ва расмийлаштиришни, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатишни 30 банк кунидан ортиқ таъминламаган импорт қилувчилар (кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун 60 банк куни) белгиланган муддатлар тамом бўлгандан кейин:
180 кунгача кечикканда — тушмаган валюта маблағлари ёки «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида расмийлаштирилмаган товарлар, шунингдек, бажарилмаган ишлар ёки кўрсатилмаган хизматлар суммасининг 10 фоизига тенг миқдорда;
180 кундан 365 кунгача кечикканда 20 фоизига тенг миқдорда, 365 кундан ортиқ кечикканда 70 фоизига тенг миқдорда республика бюджети даромадига қўшимча жарима тўлаши кўрсатилган.
Ушбу Низомнинг 28-бандида чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт қилувчиларга, шунингдек, «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида товарларни республикага олиб кириш ва расмийлаштиришни, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишни таъминламаган импорт қилувчиларга давлат солиқ хизмати органи томонидан жарима қўллаш тўғрисида талабнома юборилиши белгиланган.
Давлат солиқ хизмати органи хўжалик юритувчи субъектларга юборилган бундай талабномалардаги жарималар тўлаб берилмаган ёхуд жаримани тўлаш рад этилган тақдирда жарима қўллаш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган «Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этди. Бинобарин, ушбу қарордан кўзланган мақсад — бизнес юритиш шарт-шароитларини янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантиришга оид ислоҳотларни изчил давом эттириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, уларни зарур молиявий ва инфратузилмавий ресурслар билан таъминлашдан иборатдир.
Ушбу қарорнинг 10-бандига мувофиқ, 2021 йил 1 майдан бошлаб чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт қилувчилар ва «эркин муомалага чиқариш» божхона режимида товарларни республикага олиб кириш ва расмийлаштиришни, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатишни ўз вақтида таъминламаган импорт қилувчилар учун қонунчиликда белгиланган жарима миқдорлари икки бараварга камайтирилди.
Шунингдек, 2021 йил 1 май ҳолатига шаклланган ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилди. Бундан ташқари қарорда дебитор қарздорлик вужудга келиш муддатларини 2021 йил 1 майдан бошлаб янгидан ҳисоблаш белгилаб қўйилди.
Статистик маълумотларга кўра, Янгиқўрғон туманлараро иқтисодий суди томонидан 2021 йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида мазкур тоифадаги 70 та иш кўриб чиқилган. Шундан 35 таси қаноатлантирилган, 34 тасини қаноатлантириш рад этилган ва 1 таси кўрмасдан қолдирилган.
Шу ўринда бир мисол: Наманган вилояти Давлат солиқ бошқармаси иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат этиб, «К. И. Ғ.» масъулияти чекланган жамиятига нисбатан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги 283-сонли қарорига биноан 52 313 130 сўм миқдорида молиявий жарима қўллашни сўраган. Бунга корхонанинг 2020 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, ташқи савдо операциялари бўйича 7 142 АҚШ доллари 50 цент миқдоридаги дебитор қарзи борлиги асос сифатида кўрсатилган.
Бундан ташқари корхона экспорт контракти бўйича тушум тушиши ёки товарларни қайта олиб кириш муддатини «экспорт» божхона режими бўйича божхона юк декларацияси расмийлаштирилишини 365 кундан ортиқ бўлган муддатга кечиктирган. Бу ҳолат Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими маълумотлари билан тасдиқланган.
Бироқ 2021 йил 1 май ҳолатига шаклланган ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилгани ва дебитор қарздорлик вужудга келиш муддатлари 2021 йил 1 майдан бошлаб янгидан ҳисобланиши туфайли суд ишни кўриш вақтида жавобгарга нисбатан молиявий жарима қўлламасликни ва аризани қаноатлантиришни рад этишни лозим деб топди.
Тадбиркорликни ривожлантиришга оид бундай ислоҳотлар юртимиз иқтисодиётининг янада ривожланишида муҳим омил бўлмоқда.
Шуҳрат ТЎхтабоев,
Янгиқўрғон туманлараро
иқтисодий суди раиси
Фикр қолдириш