ЯНГИ ҚОНУН: СУДГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ ИМКОНИЯТИ КЕНГАЙМОҚДА

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд соҳасини такомилллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу ислоҳотлар натижасида судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари янада кенг жорий этилди, суд ишларини юритишга янги институтлар киритилди.

Мазкур қулайликлар туфайли фуқароларнинг одил судловга эришиш даражаси сезиларли даражада ошди. Судлар фаолиятига жорий этилган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, низоларни ҳал қилишнинг янгича процессуал тартиблари мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги нуфузи ва ўрни ошишига ҳам ҳисса қўшмоқда.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикасининг жорий йил 16 сентябрдаги «Судга мурожаат қилиш учун янада қулай шароитлар яратилиши ва фуқаролик процессига соддалаштирилган иш юритиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни кучга кирганлигини алоҳида қайд этиш лозим. Эътиборлиси шундаки, ушбу қонун соҳадаги ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида Олий суд томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган.

Бугунги кунда суд тизимида «E-XSUD» ахборот тизими жорий этилган бўлиб, унда судья­лар ва ташқи фойдаланувчилар учун кенг қамровли имкониятлар мавжуд. Мазкур тизимга судьялар томонидан чиқарилган барча турдаги суд ҳужжатлари жойлаштирилади ва ҳар бир судьяга ўз шахсий кабинети орқали суд ҳужжатларидан фойдаланиш имконияти яратилган.

Суд амалиётидаги муаммолар ўрганилганида, Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Фуқаролик процессуал кодексида апелляция ва кассация шикоятларининг мазмуни ҳамда қайтариш асосларида «иш бўйича қабул қилинган суд қарорларининг суд томонидан тасдиқланган кўчирма нусхалари илова қилинмаган бўлса», деган қоида баён этилган. Ушбу асос барча процессуал кодексларда қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳо­латлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмунида ҳам белгиланганлиги аниқланди.

Бироқ Иқтисодий процессуал кодекс ва Маъмурий суд иш­ларини юритиш тўғрисидаги кодексда апелляция ва кассация шикоятларининг мазмунида ҳамда қайтариш асосларида «иш бўйича қабул қи­линган суд қарорларининг суд томонидан тасдиқланган кў­чирма нусхалари илова қилинмаган бўлса», деган қоида назарда тутилмаган. Чунки ҳо­зирда судья иш бўйича чиқарилган суд ҳужжатларини «E-XSUD» ахборот тизими орқали ҳеч қандай тўсиқларсиз олиш имконига эга.

Шунга қарамасдан, кодексларда назарда тутилган иш бў­йича қабул қилинган суд қарорларининг суд томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаларини илова қилиш талаби суд амалиётида жисмоний ва юридик шахслар учун бир қатор муаммо, ноқулайликлар, ортиқча вақт ва сарф-харажатларни кел­тириб чиқараётган эди.

Ваҳоланки, Президентимиз томонидан 2019 йил 9 декабрда «Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинган. Мазкур қарорнинг асосий мақсади ва ғояси бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фао­лия­тига замонавий бошқарув тамойилларини жорий этиш бўйича тегишли чораларни амалга оширишга қаратилганини таъкидлаш лозим.

Статистик маълумотларга кўра, Олий суд томонидан жиноят ва фуқаролик ишлари доирасида шикоят, протестга иш бўйича қабул қилинган суд қарорларининг суд томонидан тасдиқланган кўчирма нусхалари илова қилинмаганлиги сабабли 2020 йил мобайнида 1 минг 700 дан ортиқ шикоят қайтарилган. 2021 йилнинг биринчи чорагида эса ушбу асос билан қайтарилган шикоятлар сони 800 тадан ошган.

Бу статистик маълумотлар ҳам шикоятларнинг уларга суд ҳужжатлари илова қилинмагани сабабли қайтарилиши жис­­­моний ва юридик шахсларнинг одил судловга эришишини таъминлашда ўзига хос тўсиқларни вужудга келтираётганини яққол кўрсатиб турибди.

Шу сабабли тарафларнинг суд орқали ҳимояланиш ҳуқу­қини кенгайтириш, уларга судга мурожаат қилишда қу­лайликлар яратиш мақсадида юқорида қайд этилган қонун билан қонунчиликда апелляция ва кассация шикоятларининг, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризанинг мазмунида ва қайтариш асосларида назарда тутилган «иш бўйича қабул қи­линган суд қарорларининг суд томонидан тасдиқланган кўчирма нусхалари илова қи­лиш» талаби бекор қилиниб, суд ҳужжатларига иш рақамини киритиш мажбурияти белгиланди.

Шунда иш рақами бўйича судья «E-XSUD» ахборот тизими орқали устидан шикоят, ариза келиб тушган суд ҳужжатларини олиши мумкин бўлади.

Худди шундай тартиб Россия, Эстония, Грузия ва Қозоғистон каби мамлакатларнинг қонунчилик тажрибасида мавжуд. Жумладан, ушбу мамлакатларда судга тақдим этиладиган ҳужжатлар мазмуни ва суд қарорларида фақат иш рақамининг мажбурий кўрсатилиши назарда тутилган.

Амалга жорий этилган ушбу ўз­гартиш натижасида жисмоний ва юридик шахсларнинг одил судловга эришиш даражаси янада ортиб, уларнинг маблағи ҳам тежалади.

Шу билан бирга, юқоридаги қонун билан Фуқаролик процессуал кодексига соддалаштирилган тартибда иш юритиш институти киритилди.

Бугунги кунда соддалаштирилган тартибда иш юритиш институти иқтисодий судлар фаолиятига жорий этилгани ўзининг ижобий натижасини бермоқда.

Тадбиркорлик субъект­лари, шу жумладан, юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари судларда ортиқча вақт ва харажатлар сарфланмасдан тезроқ ҳимоя қилинишига эришилмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, иқтисодий судлар томонидан 2020 йилда соддалаштирилган тартибда 4 минг 700 дан ортиқ иш кўриб чиқилган.

Шундан 4,5 мингдан ортиғи қаноатлантирилган, атиги 0,06 фоиз ишлар апелляция тартибида бекор қилинган.

Ушбу статистик маълумотлар ҳам соддалаштирилган тартибда иш юритиш институти жорий этилиши ижобий натижа берганидан далолатдир. Шу сабабли фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, низоларнинг тезкорлик билан ҳал этилишини таъминлаш мақсадида мазкур институт Фуқаролик процессуал кодексига ҳам жорий этилди.

Унга кўра соддалаштирилган тартибда иш юритиш, агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан ўн бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилади.

Шу ўринда самарали суд механизмларига эга хорижий мамлакатларнинг бу борадаги қонунчилик тажрибасига эътибор қаратилса, Сингапур, Франция, Эстония, Грузия, Россия ва Қозоғистон фуқаролик қонунчилигида соддалаштирилган тартибда иш юритиш институти жорий этилганини кўриш мумкин.

Энг асосийси, соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда кўриб чиқилиши белгиланди.

Тарафларга соддалаштирилган тартибда иш юритиш имкониятини тақдим этиш уларнинг қонуний манфаатларини судларда имкон қадар тезроқ ҳимоя қилишга ёрдам бериши билан аҳа­миятлидир.

Шербек Назаров,

Олий суд бўлим бошлиғи

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: