ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИ МАСЪУЛИЯТ ВА МАЖБУРИЯТДИР
Халқимиз азал-азалдан болажон. Ўз фарзанди қолиб, бегона болага ҳам меҳр кўрсатишга, бошини силашга тайёр. Иккинчи жаҳон уруши даврида бир эмас, ўн тўрт нафар етим болани асраб олиб, уларни оқ ювиб оқ тараган Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг рафиқаси Баҳри Акрамова ҳам миллатдошимиз эди. Халқимизнинг бу фазилатига бутун дунё тан берган.
Кейинги йилларда ҳамюртларимиз ана шу олижаноб фазилатни яна бир карра намойиш этишди. Яъни Президентимизнинг 2021 йил 9 августдаги «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига жавобан «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланаётган болаларни фарзандликка олишди.
Ўзбекистон туманида яшовчи Дилфуза Мадраҳимова ҳам шундай эзгу ишга бош қўшди. У «Янги умид ва ишонч» оилавий болалар уйини ташкил этиб, Қўқон шаҳридаги 12-сонли «Меҳрибонлик уйи»дан бир неча нафар болани ўз тарбиясига олди. Ана шулардан бири Даутбек Мирзакаримовдир.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Хайрулло Мирзакаримов ва Ўғилчахон Бахтохунованинг фарзанди бўлган Даутбек Фарғона шаҳар ҳокимининг 2021 йил 10 сентябрдаги қарорга асосан «Меҳрибонлик уйи»га жойлаштирилган. Кўп ўтмай у «Янги умид ва ишонч» оилавий болалар уйига қабул қилинди. Бинобарин, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2022 йил 21 январдаги суд буйруғига асосан жавобгарлар — ота-онасидан даъвогар Д. Мирзакаримов фойдасига боланинг моддий таъминоти учун тегишли миқдорда алимент ундириш белгиланган. Кейинги гал эса, оилавий болалар уйи раҳбари судга мурожаат қилиб, суд қарори билан белгиланган алимент мажбуриятини бажармагани боис Хайрулло Мирзакаримов ва Ўғилчахон Бахтохуновани ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишни сўради.
Айтиш керакки, Олий суд Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги «Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарори 15-бандига кўра, ота-онанинг ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлагани уларнинг болалари маънавий тарбияси, жисмоний ривожланиши, таълими, ижтимоий фойдали меҳнатга тайёргарлиги тўғрисида ғамхўрлик қилмаганида намоён бўлади.
Оила кодексининг 79-моддасида ота-она узрсиз сабабларга кўра, ўз боласини туғруқхона ёки бошқа даволаш муассасаси, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса, она-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши белгиланган. Қайд этилган ҳолатда ҳам Х. Мирзакаримов ва Ў. Бахтохунова боланинг моддий таъминоти, маънавий тарбияси, жисмоний ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилишмаган ҳамда уни «Меҳрибонлик уйи»дан олишдан қатъий бош тортиб, ундан воз кечишган.
Суд мажлисида иштирок этган ота фарзандини тарбиялаш ва моддий таъминлаш учун шароити йўқлиги, қолаверса, саломатлиги яхши эмаслигини айтиб, оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинишига рози эканини билдирди. Она ҳам деярли худди шундай важ келтирди. Модомики, ўзини дунёга келтирган инсонлар воз кечиб тургандан сўнг Даутбек Мирзакаримов ҳам жавобгарларнинг ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинишига рози бўлди. Йигитчанинг ўша пайтдаги аҳволини, кўнглидан нималар кечганини тасаввур қилиш жуда оғир…
Бундан ташқари суд мажлисида Фарғона шаҳар ҳокимлиги мутахассиси Х. Ҳакимова ҳам даъвони қувватлаган ҳолда Хайрулло ва Ўғилчахоннинг ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш мақсадга мувофиқ экани ҳақидаги хулосани тақдим этди. Бинобарин, суд Д. Мадраҳимованинг даъвосини қаноатлантириб, Хайрулло Мирзакаримов ва Ўғилчахон Бахтохуновани 17 ёшли фарзандлари Даутбек Мирзакаримовга нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилди.
Бош қомусимиз — мамлакатимиз Конституциясининг 45-моддасида «Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир» дея қайд этилган. Шу маънода айтганда, Дилфуза Мадраҳимова ҳам, инсонпарвар ҳукуматимиз ҳам Даутбекни ўкситиб қўймайди. Унга ота-оналарча ғамхўрлик кўрсатилади. Бироқ фарзанд учун ота-она меҳридан ҳам бебаҳо неъмат бўлмаса керак. Ўз боласини ана шундай бахтдан мосуво этган ота-она чинакам бахтиқародир.
Музаффар ҒОФУРОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Фарғона туманлараро суди судьяси
Фикр қолдириш