ADR – ТОВАР БЕЛГИЛАРИ БЎЙИЧА НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ҚИЛИШНИНГ ЭНГ МАҚБУЛ УСУЛИ
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида иқтисодиётни ривожлантиришга катта аҳамият берилмоқда. Бунинг учун инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга урғу берилмоқда. Иқтисодиётни ривожлантиришда интеллектуал мулк ҳимояси кучайтирилмоқда. Буни биз ўтган йилларда амалга оширилган ислоҳотлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Қонунчиликка киритилаётган ўзгаришлар ҳам мамлакатда иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш, унинг рақобатбардошлигини таъминлаш, фаол тадбиркорлик ва инновацион фаолиятни ривожлантиришга қаратилган шароитларни яратиш, интеллектуал мулкнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга қаратилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2019 йил 8 февралдаги Қарори асосида мазкур соҳада давлат бошқарувини янада такомиллаштириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида турли ўзгаришлар амалга оширилди.
Мазкур Қарор билан қонунчиликка бир қанча ижобий ўзгаришлар киритилди.
Масалан, товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабномалар топширилгандан сўнг, Интеллектуал мулк агентлиги бир иш куни мобайнида ушбу талабномалар ҳақидаги маълумотларни ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштириш; ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар, сотувчилар ёки уларнинг вакиллари талабномалар эълон қилингандан сўнг Агентликка рўйхатдан ўтказиш учун ноҳалол топширилган аризалар ҳақидаги ёзма эътирозларини тақдим этиш; товар белгисига доир гувоҳноманинг амал қилиши товар белгиси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сўнгги уч йил мобайнида узлуксиз равишда фойдаланилмаганда, шунингдек жамоавий белгидан фойдаланиш тўғрисидаги келишув бузилган тақдирда, манфаатдор шахснинг аризасига биноан қабул қилинган суд қарори асосида муддатидан аввал тўлиқ ёки қисман тугатилиши; товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиладиган талабномаларни фақат электрон шаклда давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топшириш тартибини жорий этиш каби ўзгаришлар киритилди.
Тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар асосан товар белгиларини рўйхатдан ўтказиш, уларнинг мақомини белгилаш, товар белгиларининг онлайн реестрини юритишга қаратилган. Бироқ, мазкур соҳадаги асосий масалалардан бири бўлган товар белгиларига оид низоларни ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш масаласи чуқур тадқиқ этилмаган.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига асосан мазкур тоифадаги низоларни судгача иш юритув усулида (Интеллектуал мулк агентлигининг Апелляция кенгашида), судда кўриб чиқиш, шунингдек низоларни ҳал қилишнинг муқобил усулларидан фойдаланиш орқали кўриб чиқиш мумкин ҳисобланади.
Биламизки, ҳозирги глобаллашув замонида низоларни давлат органлари, комиссия, кенгашлар орқали ёки судда кўриб чиқиш тадбиркорлар, йирик инвесторлар учун мақбул вариант ҳисобланмайди. Чунки, агар судда ишни кўриб чиқиш ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсак, биринчидан, судда низони кўриб чиқишда суд харажатлари анча юқори ҳисобланади. Иккинчидан, судда маълум бир низони кўриб чиқиш учун ўртача бир ой сарфланади, шунда ҳам суд ҳал қилув қарори кучга киришига бир ойлик муддат белгиланган. Учинчидан, товар белгилари бўйича тарафлар низолашганда биринчи инстанцияда ютқизган тараф албатта шикоят билан иккинчи инстанция судига мурожаат қилади. Апелляция инстанциясида ишни кўриш ҳам камида икки ойга чўзилади. Бунда низони судда кўриш давомида товар белгисининг асл эгаси бўлган тадбиркорлик субъектининг обрўсига ҳам путур етиши мумкин ҳисобланади.
Жаҳон амалиётидан маълумки, агар тадбиркорлик субъектлари судда иштирок этаётган бўлса, инвесторлар мазкур тадбиркор билан бизнес юритишдан ўзларини тийиб турадилар.
Шунингдек, судда низоларни кўришнинг яна бир жиҳати, суд низони кўришда аниқ процессуал қонунчилик нормалари билан белгиланган қатъий, чегараланган тартибга амал қилади. Судья томонидан чиқарилган қарор деярли ҳар доим низо тарафларининг бирининг фойдасини кўзлаб чиқарилади. АҚШнинг собиқ 15-Бош судьяси Варрен Бургер 1984-йилда Америка адвокатлар ассоциациясидаги йиғилишда шундай деб таъкидлаган: «Бизнинг суд тизимимиз замонавий одамлар учун жуда қиммат, жуда зарарли ва жуда фойдасиздир». Варрен Бургер мазкур сўзларни Америка суд тизими ҳақида таъкидлаб ўтган.
Агар тадбиркорлар товар белгилари бўйича келиб чиққан низоларни ҳал қилишда ADR (низоларни ҳал қилишнинг муқобил усуллари) дан кенгроқ фойдаланишса, бу низолашаётган тарафларнинг ҳар иккиси учун ҳам фойдали бўлиши мумкин ҳисобланади.
Дастлаб ўзи низоларни ҳал қилишнинг муқобил усулларига нималар киришини билиб олсак. Мазкур усулларга биз арбитраж (arbitration), медиация (mediation), музокаралар олиб бориш (negotiation) ларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин.
Музокаралар олиб бориш (negotiation) усули асосан фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларни ҳал этишда қўлланилади. Бунда икки низолашувчи тарафларнинг ҳуқуқшунослари ёки адвокатлари ўзаро вазият бўйича фикр алмашишади ва низони икки томонга фойдали тарзда ҳал этишга ҳаракат қилишади. Мазкур усул орқали товар белгилари бўйича низоларни ҳал қилиш АҚШ, Япония, Корея каби иқтисодиёти ривожланган давлатларда жуда кенг тарқалган.
Арбитраж ҳам низоларни муқобил ҳал этишнинг кенг тарқалган усулларидан бири ҳисобланади. И. П. Грешниковнинг фикрига кўра арбитраж – бу тарафларнинг келишувига асосан улар томонидан танланган, низони ҳал қилувчи суд ҳисобланади.
Арбитражнинг асосий хусусиятлари қуйидагилардан иборат: арбитрларни тарафларнинг ўзлари танлайдилар; арбитраж холис бўлади; арбитражда кўрилган ишлар бўйича маълумотлар сир сақланади (confidencial procedure); арбитраж қарорлари якуний бўлади ва ижрога қаратиш бир мунча осонроқ.
Ҳозирги кунда ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқий тизимида низони судгача олиб бормасдан, муқобил йўл билан ҳал қилишга қаратилган медиация – яраштирув процедураси алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Медиация инглиз тилидан таржима қилинганда «воситачилик» маъносини англатади. У келиб чиққан низони тарафларнинг ўзаро мақбул қарорга эришиш мақсадидаги ихтиёрий розилиги асосида, холис бўлган шахс, яъни медиатор кўмагида ҳал қилиш усулидир. Медиация махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга оширилади.
ADRдан фойдаланиш орқали товар белгилари бўйича низоларни ҳал қилишнинг қуйидаги ижобий жиҳатларини санаб ўтишимиз мумкин:
– ADR орқали қабул қилинган қарор низолашувчи тарафларнинг ҳар бири учун фойдали бўлиши мумкин (судда ҳар доим бир тараф ютқазади);
– низони судда кўришга қараганда ADR орқали ҳал қилиш тезроқ, самаралироқ, камчиқимроқ ҳисобланади;
– низолашувчи тарафлар ўз обрўсини сақлаб қоладилар (ADRда кўрилган ишлар бўйича маълумотлар конфеденциал бўлади);
– ADRда тарафлар низони кўриб чиқувчи арбитр, медиаторни ўзлари мустақил танлайдилар (судда иш кўрилганда бунинг имконияти мавжуд эмас);
– арбитр ёки медиатор танланганда товар белгилари бўйича махсус билимларга эга бўлган шахс танланиши мумкин бўлади.
Ҳозирги кунда қонунчиликда амалга оширилаётган ўзгаришлардан ҳам кўришимиз мумкинки, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг навбатдаги босқичининг мақсади ҳам айнан низоларни муқобил ҳал қилиш усулларининг ривожланишига ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга қаратилган.
Ўзбекистон Республикасининг «Медиация тўғрисида»ги Қонунини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузурида Тошкент халқаро арбитраж марказини (TIAC) ташкил этиш тўғрисида»ги, «Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларининг қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад ҳам республикамизда инвестицион муҳитни мустаҳкамлаш, тадбиркорларнинг интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоясини кучайтириш, низоларни ҳал этишнинг замонавий механизмларини жорий қилишга қаратилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, ADR инвестиция жозибадорлигини оширишни мақсад қилган ҳудудда товар белгилари бўйича низоларни ҳал қилишнинг энг мақбул усули ҳисобланади.
Хуршиджон АБДУҒАНИЕВ,
Олий суд катта консультанти,
мустақил изланувчи
Фикр қолдириш