ЯНГИ ҲУҚУҚИЙ ИНСТИТУТ: МАЪМУРИЙ СУДЛАРНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ
2017 йил 21 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармонига асосан 2017 йил 1 июндан бошлаб мамлакатимизда маъмурий судлар ташкил этилгани суд-ҳуқуқ тизимида том маънода муҳим қадамлардан бири бўлди.
Маъмурий судлар фуқаролар ва юридик шахслар давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний қарорлари ва хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш борасидаги конституциявий ҳуқуқларини амалда тўлиқ рўёбга чиқаришида муҳим ўрин тутади. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришда беқиёс аҳамият касб этади.
2018 йилнинг 1 апрелидан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс кучга кирди. Натижада юқорида қайд этилган конституциявий принципнинг амалга оширилиши процессуал-ҳуқуқий жиҳатдан таъминланди.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, мамлакатимизда «маъмурий судлов» тушунчаси илк маротаба «туман (шаҳар) судининг маъмурий ишлар бўйича судьяси» сифатида 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ўз аксини топган. Бироқ амалда 2017 йилга қадар бундай судьялик штатининг ўзи мавжуд бўлмаган.
Шунгача қонунларимизда маъмурий судлов сифатида фақатгина маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш белгиланган ҳамда бундай тоифадаги ишлар жиноят, фуқаролик ва ҳўжалик судлари томонидан кўриб чиқилган.
«Маъмурий судлов» («маъмурий суд ишларини юритиш») тушунчасини англаш учун дастлаб «оммавий ҳуқуқий муносабат», «оммавий ҳуқуқий низо» ва «маъмурий низо» тушунчаларининг мазмун-моҳиятини билиб олиш зарур.
Хусусан, оммавий ҳуқуқ нормалари билан тартибга солинган ижтимоий муносабатлар «оммавий ҳуқуқий муносабат»лар дея таърифланади.
Оммавий ҳуқуқий муносабатларнинг асосий хусусияти унда иштирок этувчи томонларнинг бири, албатта, давлат ҳокимияти субъекти ҳисобланади.
Ҳозирги кунда оммавий ҳуқуқий муносабатларда жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек, давлат органлари ва ҳокимият ваколатларига эга бўлган турли субъектлар учрайди. Жумладан, айрим давлат вазифалари нодавлат ташкилотларига (фуқаролик жамияти институтларига) ўтказилмоқда. Бу, ўз навбатида, оммавий ҳуқуқий муносабатларнинг бир томонида иштирок этувчи ҳокимият ваколатига эга бўлган субъектлар доирасининг кенгайишига олиб келади.
Масалан, қонунчиликка биноан фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судга мурожаат қилиши мумкин.
Мазкур ҳолатда маъмурий судда оммавий-ҳуқуқий муносабатларга доир низо кўриб чиқилаётганда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ҳокимият ваколатига эга бўлган субъект сифатида намоён бўлади.
2018 йил 25 январда қабул қилинган Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 26-моддасига биноан маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ва бошқа оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир.
Фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилиши ёки ушбу соҳадаги низода иккинчи томон сифатида давлат бошқаруви органлари, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахслари намоён бўлади.
Бундан ташқари маъмурий суд ишларини юритишда қайд этилган шахсларнинг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан бир қаторда, идоравий-меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳам предмет сифатида қаралади.
Маъмурий суд ишларини юритиш жараёнида аниқлаштирилиши лозим бўлган тушунчалардан яна бири «маъмурий орган»тушунчасидир.
«Маъмурий орган» тушунчаси 2018 йил 8 январда қабул қилинган «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонунда ўз аксини топган.
Ушбу қонуннинг 4-моддасига биноан маъмурий-ҳуқуқий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ташкилотлар ва махсус тузилган комиссиялар маъмурий органлар ҳисобланади.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасида давлат бошқаруви органлари, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органлар маъмурий орган сифатида белгиланган.
2003 йил 9 декабрдаги «Республика давлат бошқаруви органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент Фармонига биноан вазирликлар, давлат қўмиталари, қўмиталар, агентликлар, шунингдек, улар ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этиладиган давлат бошқаруви тузилмалари республика давлат бошқаруви органларидир.
Қонунчиликка биноан Вазирлар Маҳкамаси давлат бошқаруви органларидан ташқари хўжалик бошқаруви органларига ҳам раҳбарлик қилади.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўжалик бошқаруви органи «маъмурий орган» таркибига кирадими?
2003 йил 22 декабрдаги «Хўжалик бошқарув органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент Фармонига биноан таркибига кирувчи корхоналарнинг хўжалик бирлашмасига тегишли бўлган акция пакетлари орқали ана шу корхоналарнинг хўжалик бошқарувини амалга оширувчи акциядорлик компаниялари, шу жумладан, давлат акциядорлик компаниялари, шунингдек, муассис корхоналар томонидан улар фаолиятига кўмаклашиш учун муассис корхоналарнинг акциялари пакетларини бошқариш ҳуқуқисиз айрим умумий вазифаларни уларга топшириш йўли билан ихтиёрийлик асосида ташкил қилинадиган уюшмалар хўжалик бошқаруви органлари ҳисобланади.
Ушбу Фармонга биноан давлат бошқаруви, шу жумладан, тақсимлаш вазифалари, уларнинг таркибига кирувчи корхоналар фаолиятига маъмурий аралашув хўжалик бошқаруви органларининг ваколатига кирмайди.
Ана шу асосларга кўра, хўжалик бошқаруви органлари «маъмурий орган» таркибига кирмайди ва улар томонидан амалга ошириладиган фаолият қонун ҳужжатларига биноан «маъмурий ҳуқуқий фаолият» ҳисобланмайди.
Маъмурий суд ишларини юритиш жараёнида аниқлаштирилиши лозим бўлган тушунчалардан яна бири «маъмурий акт» тушунчасидир.
Маъмурий орган ҳужжати қуйидаги бешта белгилар мавжуд бўлсагина, маъмурий акт, яъни муайян ҳуқуқий оқибат туғдирувчи ҳужжат ҳисобланади.
1. Маъмурий акт — маъмурий орган томонидан қабул қилинади.
2. Маъмурий акт — ҳокимият ваколати асосида қабул қилинади.
3. Маъмурий акт — оммавий-ҳуқуқий муносабат, янада аниқроқ айтганда, маъмурий-ҳуқуқий муносабат ҳосиласи сифатида ҳуқуқий оқибат келтириб чиқаради.
Ҳуқуқий оқибат келтириб чиқариши тартибга солиш (регулатив) сифатида ҳам тавсифланади. Бу эса, ўз навбатида, маъмурий актни маъмурий хатти-ҳаракат (реал акт)дан фарқлайдиган муҳим белгидир.
4. Маъмурий акт — ташқи субъектларга йўналтирилган бўлиши, яъни маъмурий органнинг ички идоравий муносабатларига эмас, балки ташқи субъектларга йўналтирилган муносабатларига нисбатан қабул қилиниши назарда тутилади.
5. Маъмурий акт — аниқ (индивидуал) хусусиятга эга бўлиб, айрим жисмоний ёки юридик шахслар ёхуд муайян хусусий белгиларига кўра, ажратиладиган шахслар гуруҳига қаратилгани билан ажралиб туради («Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддаси).
Маъмурий ишларни янада такомиллаштириш мақсадида қуйидаги атамаларни белгилаш таклиф этилади: «маъмурий даъво», «маъмурий даъвогар», «маъмурий жавобгар».
Маъмурий даъво маъмурий даъвогарнинг маъмурий жавобгарга нисбатан маъмурий судга берилган мурожаати ҳисобланади.
Маъмурий даъвогар ҳуқуқлари, эркинликлари ёки қонуний манфаатлари маъмурий жавобгар томонидан бузилган жисмоний ёки юридик шахслардир.
Маъмурий жавобгар давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳамда белгиланган тартибда ваколат берилган ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларидир.
Таъкидлаш ўринлики, ҳозирда маъмурий иш қўзғатишнинг асосий йўналишларига аниқлик киритиш ва уларни янада кенгайтиришга ҳаётий эҳтиёж бор.
Хулоса сифатида айтадиган бўлсак, маъмурий суд иши юритиш тизимига оид амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш келгусида маъмурий судларнинг фаолиятини мустаҳкамлаш, одил судловни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга ҳисса қўшади.
Суҳроб ЙЎлдошев,
Тошкент туманлараро
маъмурий суди раиси
Фикр қолдириш