НОҚОНУНИЙ ҚУРИЛИШ ЭГАСИГА ТАШВИШ КЕЛТИРДИ
Суднинг ҳал қилув қарорига асосан Гулистон шаҳрида уч қаватли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биноси мажбурий тартибда бузиладиган бўлди.
Сирдарё вилояти қурилиш соҳасида ҳуқуқий назорат инспекцияси Аҳмад Дўстматов (исм-шарифлар ўзгартирилган)га нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Гулистон шаҳри Хондамир кўчасида қурилган бинони унинг ҳисобидан буздиришни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг 2021 йил 14 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво ариза қаноатлантирилган.
Қарорда уч қаватли ноқонуний қурилма А. Дўстматов ҳисобидан мажбурий тартибда буздирилиши ва Сирдарё вилояти қурилиш соҳасида худудий назорат инспекцияси фойдасига давлат божи ва почта харажати ундирилиши белгиланган.
Сирдарё вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 30 ноябрдаги ажрими билан мазкур ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди.
Аниқланишича, Гулистон шаҳар ҳокимининг 2019 йил 30 сентябрдаги 2355-сонли қарорига асосан А. Дўстматовга Хондамир кўчаси ҳудудидан 1,68 сотих ер майдонида қуришга рухсат берилган. 2020 йилнинг 7 ноябрида шаҳар ҳокимининг 429-сонли қарорига мувофиқ ушбу қарорга ўзгартириш киритилган ва А. Дўстматовга бино қуриш учун ер майдони ажратилган.
Бироқ А. Дўстматовга бино қуриш учун ажратилган ер майдонининг жойлашуви ёндош кўчадаги муҳофаза ҳудудига 6,2 метр ичкарига кирган ҳолда тугаган. Тадбиркор эса, бу ерда ноқонуний равишда қурилиш ишларини бажарган. Шаҳар бош режасида бу ерда пиёдалар йўлакчаси ва ободонлаштириш майдони қурилиши белгилангани учун Сирдарё вилояти қурилиш бош бошқармаси ўз вақтида А. Дўстматовга қурилиш ишларини тўхтатиш ҳақида талабнома юборган. Аммо А. Дўстматов талабномага амал қилмаган ва ноқонуний равишда уч қаватли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси барпо этган. Эндиликда суд қарорига асосан ноқонуний қурилган бино унинг ҳисобидан бузиладиган бўлди.
Шу ўринда Гулистон шаҳар қурилиш бўлими мутасаддиларининг эътиборсизлиги ҳам шундай ҳолатнинг юзага келишига сабаб бўлганини таъкидлаш жоиз. Чунки улар лойиҳадаги ер майдони Гулистон шаҳар бош режасига мос келмаса-да, тегишли ҳужжатларни тасдиқлаб берган. Шу сабабли Сирдарё вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати вилоят қурилиш бош бошқармасига нисбатан келгусида бу каби қонунбузарликка йўл қўймаслик ҳақида хусусий ажрим чиқарди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳар қандай қонунбузилиш ҳолати фақат ташвиш келтиради. Шу боис ҳар ишда қонун талабларига қатъий риоя этиш зарур.
Камол НОМОЗОВ,
Сирдарё вилояти суди судьяси
Фикр қолдириш