ИЧКИЛИК КАСРИ ЯНГИ ЖИНОЯТГА САБАБ БЎЛДИ
Одатда, коррупция ҳақида гап кетганда, кўпчилик пора олаётган мансбдор шахсни тасаввур қилади. Аммо Жиноят кодексининг 211 ва 212-моддаларида назарда тутилган пора бериш ҳамда пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятлари ҳам коррупция занжирининг бир қисмидир.
Юнусобод туманида яшовчи Шаҳзод Адашев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам оқибатини била туриб, пора бериш жиноятини содир этди. Гап шундаки, у 2022 йилнинг 26 октябрь куни спиртли ичимлик истеъмол қилиб, автомашина бошқариб бораётганда уни Мирзо Улуғбек ва Махтумқули кўчалари кесишмасида Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими инспектори Мурод Нарзиев тўхтатади.
Албатта, инспектор ҳайдовчининг спиртли ичимлик ичганини дарҳол сезади. Шундан сўнг Ш. Адашев спиртли ичимлик ичгани ҳақида тушунтириш хати ёзиб беради. Инспектор ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 136-моддасига асосан электрон маъмурий баённома расмийлаштиради.
Сўнг автомашинани жарима майдонига олиб боради. Бироқ ҳайдовчи маъмурий баённомани ижобий ҳал қилиб бериш ва ҳужжатларни судга юбормаслик эвазига инспекторга 300 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилади. Бунга жавобан М. Нарзиев пора олиш-бериш жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини айтиб, уни огоҳлантиради. Шунга қарамай, Ш. Адашев пул олиб келишини айтиб, уйига кетади. Ўз вазифасига виждонан ёндошган М. Нарзиев ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилади. Натижада унинг мурожаати асосида тезкор тадбир ўтказилади. Ш. Адашев инспекторга 300 АҚШ долларини пора тариқасида бераётган вақтида тезкор ходимлар томонидан ушланади.
Шундан сўнг Ш. Адашевга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Яқинда жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судида ушбу жиноят иши кўриб чиқилди ва Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилган Ш. Адашевга қонуний жазо тайинланди.
Хулоса ўрнида айтиб ўтиш керакки, Ш. Адашевнинг қилмиши кўпчиликка сабоқ бўлиши лозим. Чунки у икки марта қонун талабини бузиб, шахсий манфаатини қонундан устун қўйган. Натижада эса, қонун олдида жавоб беришга мажбур бўлди.
Баҳром БЕРДИЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси
Фикр қолдириш