ШАНХАЙ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИГА АЪЗО ДАВЛАТЛАР ОЛИЙ СУДЛАРИ РАИСЛАРИНИНГ XVII ЙИҒИЛИШИ

2022 йил 18 август куни Олий суд раиси Б. Исламов раҳбарлигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) га аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг Душанбе шаҳрида Тожикистон Республикаси раислигида ўтказилган ўн еттинчи йиғилишида иштирок этди.

Шунингдек, йиғилишда Ҳиндистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий судлари раислари ва судьялари, кузатувчи мамлакатлар – Беларусь Республикаси, Эрон Ислом Республикаси Олий судлари раислари ва судьялари, шунингдек, ШҲТ Бош котиби ўринбосари С. Логвинов ва ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси директори ўринбосари А. Голованов қатнашди.

Дўстона ва ишчанлик муҳитида, ўзаро тушуниш ва ишонч руҳида ўтган йиғилишда томонлар ўзаро манфаатли одил судловнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш баробарида суд органларининг ҳуқуқнинг турли йўналишлари бўйича ҳамкорлиги истиқболларини ҳам кўриб чиқишди.

Анжуманда муқобил жазо турларини тайинлаш, жисмоний ва юридик шахсларни банкрот деб топишга оид низоларда кўриб чиқишда ШҲТга аъзо давлатларнинг миллий қонунчилигини қўллаш амалиёти билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, кибержиноятчиликка оид ишлар бўйича ўзаро тажриба алмашилди.

Йиғилиш иштирокчилари фарзандликка олишга доир ишларни кўриб чиқиш ҳамда судларда ишларни юритишда сунъий интеллект ва роботлаштириш масалаларини ҳам муҳокама қилишди.

Тадбирда Қозоғистон ва Россия делегациялари аъзолари ҳамкасбларига маъмурий юстиция ва маъмурий судлов борасидаги тажрибаларини тақдим этишди.

ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раислари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган мақсад ҳамда тамойилларига таянган ҳолда келгусида ШҲТга аъзо давлатлар суд органларининг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш соҳасида ҳамкорликдаги фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида олий суд органлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, ишонч ва дўстликка асосланган алоқаларни янада ривожлантириш муҳимлигини  эътироф этишди.

Тарафлар келгусидаги ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадида ШҲТ минтақасида одил судловни такомиллаштириш, барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилувчи тажриба алмашиш, халқаро анжуманлар, қўшма ўқув дастурлари ташкил этиш ва ўтказишга алоҳида эътибор қаратдилар.

Йиғилиш иштирокчилари миллий ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойилларига асосланган ШҲТга аъзо давлатлар суд тизимларини ривожлантириш мақсадида Олий судлар ўртасидаги мазмунли мулоқотни келгусида ҳам давом эттириш муҳимлигини қайд этдилар.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг XVII йиғилиши конструктив мулоқот ва самарали ҳамкорлик муҳитида ўтди.

Йиғилиш якуни бўйича имзоланган баёнотга мувофиқ ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг ўн саккизинчи йиғилиши 2023 йилда Ҳиндистон Республикасида ўтказилади.

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: