СУД ҚАРОРИГА ИТОАТСИЗЛИК ФУҚАРОГА ҚИММАТГА ТУШДИ
Маълумки, Конституциямизнинг 114-моддасида «Суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир» дея қайд этилган.
Бу конституциявий қоида мамлакатимизда суд ҳужжатларининг ижросини ўз вақтида таъминлаш ҳар бир шахснинг бурчи эканини англатади. Аммо…
Аммо ҳаётда бу ҳақиқатни тан олмайдиган, аниқроғи, тан олишни истамаётган юртдошларимиз ҳам учраб туради. Афсуски, фаолиятимиз давомида шундай кимсаларга тез-тез дуч келамиз.
Хабарингиз бор, ҳамюртларимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш ва уларга қулайлик яратиш мақсадида тижорат банклари томонидан автокредитлар бериш тартиби йўлга қўйилган.
Бу хайрли ва эзгу иш акциядорлик тижорат «Капиталбанк» ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан ҳам амалга ошириб келинмоқда.
Марғилон шаҳрида яшовчи М. Машкурова ҳам яратилган ана шу имкониятдан фойдаланган ҳолда банкнинг Фарғона филиалига мурожаат қилди. Натижада 2021 йил 3 февраль куни банк филали ҳамда М. Машкурова ўртасида 111/1852-сонли кредит шартномаси имзоланди. Шунга биноан, банк 36 ой муддатга, йиллик 23 фоиз устама тўлаш шарти билан мижозга 78 000 000 сўм миқдорида кредит маблағи ажратди. М. Машкурова эса, муддатли мажбуриятнома ва кредитни қайтариш жадвалига мувофиқ ҳар ойнинг 15 санасига қадар асосий қарз ва фоизларини тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олди.
Гарчи М. Машкурова ўзи ният қилган автомашинани олиб, ундан фойдаланиб юрган бўлса-да, кредит ва унга ҳисобланган фоизларни тўлашни хаёлига ҳам келтирмади. Ҳатто М. Машкурова банк филиали томонидан юборилган огоҳлантириш хатларига ҳам беписандлик билан қаради. Охир-оқибат Савдо-саноат палатаси Фарғона вилояти бошқармаси томонидан «Капиталбанк»нинг Фарғона филиали манфаатини кўзлаб, жавобгардан кредит маблағи ҳамда унга ҳисобланган фоизлар билан қўшиб ҳисоблаганда жами 82 802 771 сўмни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
Буни қарангки, кредит қарзини тўламаган аёл суд мажлисига ҳам келмади.
Шу боис Фуқаролик процессуал кодексининг 280-моддасига кўра, иш унинг иштирокисиз кўриб чиқилди.
Айтиш керакки, Фуқаролик кодексининг 744-моддасида «Кредит шартномаси бўйича бир тараф — банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса, олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади», дея қайд этилган.
Шунингдек, Олий суд Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги «Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарори 4-бандида бу борада батафсил тушунтириш берилган.
Бундан ташқари томонлар ўртасида тузилган кредит шартномасининг 5.4-бандида кредитни қайтариш графигига риоя этмаслик натижасида кредит ва унга ҳисобланган фоизлардан қарздорлик вужудга келганида банк кредитни муддатидан олдин қайтаришни талаб қилиш ва ундирувни кредит таъминотига қаратиш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган. Ана шу асосларни инобатга олган суд даъвони қаноатлантириб, М. Машкуровадан банк филиали фойдасига 84 402 000 сўм ундириш ҳамда ундирувни гаровга қўйилган, 2020 йилда ишлаб чиқарилган «NEXIA 3» русумли автомашинага қаратиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Шундан сўнг Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Марғилон шаҳар бўлими томонидан ижро ҳаракатлари бошланди.
Ажабланарли томони шундаки, на қонунни менсимаган, на ўзини ҳурмат қилмаган М. Машкурова суд қарори ижрога қаратилгунга қадар гаровдаги автомашинани яшириб қўяди. Бинобарин, бўлим томонидан автомашинага нисбатан қидирув эълон қилинади. Пировардида «NEXIA 3» автомашинаси Фарғона шаҳрининг Ойбек кўчасидан топилиб, жарима майдончасига олиб келинди. Уддабуронликни қарангки, суд қарори ижросидан бўйин товлаш мақсадида автомашининг давлат белгиси алмаштириб қўйилган экан. Энди транспорт воситаси аукцион орқали сотилиб, пули қарздорликни қоплашга йўналтирилади.
Шу ўринда яна бир гап. Ижро ҳаракатлари мобайнида М. Машкуровадан қарздорликнинг 5 фоизи — 4 221 000 сўм миқдорида ижро йигими ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари — 1 370 000 сўм миқдорида жарима ҳам қўшимча равишда ундириб олинди. Агар суд қарорида белгиланган 3 376 080 сўм давлат божи билан қўшилса, жавобгар кредит қарзидан ташқари яна 8 967 080 сўм маблағ тўлайди.
Кўриниб турибдики, биргина шартномавий мажбуриятни бажармаслик ёки суд қарорига итоатсизлик фуқарога жуда қимматга тушди. Шундай экан, ғайриқонуний иш ҳамиша ташвиш келтиришини эсдан чиқармаслик керак.
Ҳамдамжон ҲАКИМОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Марғилон туманлараро суди судьяси,
Шокиржон СУЛТОНОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Марғилон шаҳар бўлими бошлиғи
Фикр қолдириш