ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТИ ТАМОЙИЛИ АСОСИЙ ҚОНУНИМИЗНИНГ ЭНГ ЁРҚИН ЖИҲАТИДИР

Конституциямизда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади.

Мамлакатимиз судларининг мақоми, фаолият доираси, ҳуқуқ, ваколат ва мажбуриятлари Асосий қонунимизнинг 110-моддасида аниқ ва равшан баён этилган. Унга биноан, Ўз­бекистон Республикаси Олий суди фу­қаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади.

Суд ҳокимиятининг мустақиллиги судьялар фаолиятида янада ёрқин акс этиши даркор. Бинобарин, Конституциямизнинг 112-моддасида қайд этилганидек, судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўй­сунадилар.

Судья­ларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарз­да аралашишга йўл қў­йил­май­ди ва бундай аралашиш қо­нунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Маълумки, Конституциямиз талаблари асосида жаҳон жамоатчилиги эътиборини ўзига жалб этган ярашув институти ҳаётимизга кириб келди.

Жиноят кодексининг 66-1-моддасига биноан, ярашув таомили шарофати билан биргина Хоразм вилояти бў­­йича ҳар йи­ли 500 нафарга яқин фуқаро тайинланиши муқаррар бўл­ган жазолар, жумладан, судланганлик «ёрлиғи»дан ҳам озод этилмоқда.

Бундан ташқари олдинги даврларда ви­лоят­ бўйича судланган шахсларнинг камида 70-75 фоизи озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган бўл­са, ҳозир бу кўр­саткич атиги 24-26 фоизни ташкил қилмоқда. Бир сўз билан айтганда, халқимиз демократиянинг ёр­қин, адолатли, бағрикенглик ва кечиримлиликка оид неъ­мат­ларидан тўлиқ баҳраманд бўл­моқда.

Суднинг обрўси сарбаланд бўлган жойда давлатнинг нуфузи ҳам ошади, ялпи тинчлик, осойишталик, ҳамжиҳатлик вазияти қарор топади. Бундай омиллар тараққиёт ва фаровонлик учун сув билан ҳаводек зарур.

Илгари суднинг омма ҳузурига отлангани, одамларнинг арзи, шикоятини бафуржа тинг­лаб, амалий ечимларини таъминлашга бел боғлаганига деярли гувоҳ бўлмаганмиз. Одамлар суднинг халқ ҳузурига ташрифини ҳатто тасаввурига ҳам сиғдира олмагани оддий ҳақиқат.

Энди эса, вазият бутунлай ўзгарган ва бунинг амалдаги ифодасини Хоразм вилояти суд­лари фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Жиноят ишлари бўйича вилоят, шаҳар ва туман судлари томонидан жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида аҳолининг 485 та мурожаати кўриб чиқилди.

Шу асосда ўтказилган ўрганишлар мобайнида мазкур мурожаатларда қайд этилган муамммолар, хато ва камчиликларни одамларнинг талаб-таклифларига кўра, бартараф этиш ва қаноатлантириш чоралари кўрилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида суд мажлисларининг 296 таси ёки 42,9 фоизи бевосита аҳо­ли истиқомат қиладиган жойлар, меҳнат ва ўқув жамоаларида ўтказилди. Бу, шубҳасиз, тизим фаолиятининг очиқлиги, ошкоралиги, шаффофлигидан далолат.

Президентимиз судлар олдига қўйган вазифаларни ба­жариш йўлидаги яна бир муҳим қадам ҳақида тўхталамиз. Оқлов ҳукмларини чиқариш ҳам илгарги даврларда камдан-кам учрагани сир эмас.

Бугунги кунда судлар томонидан оқлов ҳукмлари чиқариш одатий ҳолга айлангани адолат ва ҳақиқатни тиклаш томон катта бурилиш ясалганидан да­лолатдир. Йил бошидан буён жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти судлари томонидан жами 30 нафар фуқаро суд залидан озод этилди, 16 та жиноят иши юзасидан 27 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилди.

Ҳаётий бир мисол: жиноят ишлари бўйича Янгиариқ туман суди Ҳурматбек Турсунов ва Эркинбой Йўлдошевни (исм-шарифлар ўзгартирилган) Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми ва 28,211-моддаси 2-қисми тегишли бандларида кўзда тутилган ҳо­латлар асосида муайян муддатга озодликдан маҳрум этганди.

Айтиш керакки, Жиноят кодекснинг 72-моддаси талабларига кўра, ҳар иккала маҳкумга нисбатан белгиланган жазо бир йиллик синов билан алмаштирилди. Лекин маҳкумлар сезиларли даражада енгиллаштирилган ушбу жазога нисбатан ҳам эътироз билдиришди.

Гарчи дастлабки босқич су­ди томонидан белгиланган жа­зо муддати тугаган бўлса-да, улар жиноят ишлари бў­йи­ча вилоят суди кассация ҳайъатига мурожаат қилиб, шу юзасидан юритилган жиноят­ ишини ҳаракатдан тугатишни сў­рашди.

Шундан сўнг судлов ҳайъати ушбу жиноят содир этилганига оид ҳолатларни синчиклаб ўрганиб чиқди. Пировардида ўзгаларнинг пулини фирибгарлик, пора бериш баҳонасида эгаллаб олгани юзасидан Ҳ. Турсуновга қўйилган айб ўз тасдиғини топмади.

Кассация ҳайъати Ҳ. Турсуновни ушбу жиноят иши бў­­йича айблаш юзасидан муқаддам чиқарилган ҳукмни бекор қилди. Иш ҳаракатдан тугатилди.

Маҳкум оқланди. Суд томонидан Ҳ. Турсуновга дастлабки суд ва тергов жараёнида ўзи­га етказилган маънавий ва моддий зиённи қоплаш ҳу­қу­қига эга эканлиги тушунтирилди.

Э. Йўлдошевнинг айбсиз эканини исботлаш учун эса, етарлича далиллар топилмади. Шундай бўлса-да, кассация ҳайъати унга нисбатан ҳам енгиллик чораларини қўллади. У иккита ҳо­латда ўзгаларнинг пулини ўз­лаштирганлик бўйича қўйилган айбдан халос этилди.

Бироқ Э. Йўлдошев жиноят ишида битта ҳолат бўйича айб­дор деб топилди.

Шу муносабат билан унга нисбатан та­йинланган жазо бирмунча енгиллаштирилди.

Бундан ташқари қўшкўпирлик Баҳодир Собиров муқаддам Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми, 228-модданинг 1 ва 3-қисмлари бўйича айбланиб, 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишларига маҳкум қи­лингани ҳақида ҳам тўхталиш айни муддаодир.

Қолаверса, урганчлик Ға­фур Кенжаев ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата йў­ли билан талон-торож қилишга оид айнан шундай ҳолат, яъ­ни Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми бў­йича жазога маҳкум қилинган эди.

Уларнинг икаласи ҳам суд томонидан айбсиз деб топилди. Б. Собиров ва Ғ. Кенжаев кассация ҳайъати ажримига кў­­ра, оқланиб, реабилитация қилинди.

Айбсизлик мақомини қўлга киритган ва пок номи қайта тик­ланган бундай фуқаролар сони кўп ва бу борадаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда. Адолат ва қонунийликни қарор топтириш бўйича Конституциямизда ўз ифодасини топган инсонпарварлик тамойиллари ишнинг ана шундай хайрли якунига кенг ва равон йўл очмоқда.

Хулоса шуки, Конституция­миз чиндан ҳам, меҳр-оқибат, диёнат, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик тамойилларига таянади. Президентимиз фармонлари ва қарорлари бу сингари ҳаётий муҳим тамойиларни янада ривожлантириш, ҳаёт ва давр талабларига мутаносиб равишда юқо­ри поғоналарга кўтариш имконини бермоқда.

Конституция халқимизга ўзининг азалий ва анъанавий ор­­зу-умидлари ушалиши, ҳур, фаровон, барқарор ва бахтиёр ҳаёт кечириш имконини берди. Мазкур ҳужжатнинг мўътабарлиги айнан шу каби азиз неъматларида баралла намоён бўлаётир.

Бобур Умаров,
жиноят ишлари бўйича
 Хоразм вилояти судининг раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: