KUN.UZ САЙТИДА 2019 ЙИЛ 14 НОЯБРЬ КУНИ ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН “УЙИНИ ДАВЛАТГА ТОПШИРИБ, ЭВАЗИГА ҲЕЧ НАРСАСИЗ ҚОЛГАН ФУҚАРО 3 ЙИЛДАН БУЁН САРСОН. ИШНИ ШАҲАР ПРОКУРОРИ БАҲРИДДИН ВАЛИЕВ НАЗОРАТГА ОЛДИ” САРЛАВҲАЛИ МАҚОЛАГА ОИД

Даъвогар Тошкент вилоят прокуратураси Зангиота туман ҳокимлиги манфаатида Зангиота туманлараро иқтисодий судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар “FARM KOREA” МЧЖ томонидан ўзбошимчалик билан эгалаб олинган 1,8 гектар ер майдонида амалга оширилган барча қурилмаларни “FARM KOREA” МЧЖ ҳисобидан буздириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилишни сўраган.

Суднинг 2017 йил 28 декабрдаги ҳамда 2018 йил 5 январдаги ажримлари билан ишга низони предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар сифатида Тошкент вилоят “Ермулккадастр” ДК ва Тошкент вилоят Архитектура-қурилиш бошқармаси жалб этилган.

Суднинг 2017 йил 18 январдаги ажрими билан ишга учинчи шахс сифатида Тошкент вилоят Архитектура-қурилиш бошқармаси Зангиота туман бўлими ва Зангиота туман “Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри” бўлими жалб этилган.

Суднинг 2018 йил 23 январдаги ажрими билан “O’zdavyerloyiha” илмий лойиҳалаш институтидан ходими К. Хожиев мутахассис сифатида жалб этилган.

Суднинг 2018 йил 24 январдаги ажрими билан Сирдарё вилояти Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ходими Х. Бозоров мутахассис сифатида жалб қилинган.

Суднинг 2018 йил 6 мартдаги ажрими билан даъвогар Тошкент вилоят прокуратурасининг даъво талабларини кўпайтириш яъни “FARM KOREA” МЧЖ томонидан ўзбошимчалик билан эгалаб олинган жами 4,0 гектар ер майдонидаги иссиқхона ва бошқа иншоотларни жавобгар “FARM KOREA” МЧЖ ҳисобидан бузиш ҳақидаги қўшимча даъво аризаси ва жавобгар “FARM KOREA” МЧЖнинг Зангиота туман ҳокимининг 2018 йил 3 февралдаги 169-сонли ва 170-сонли қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги қарши даъво аризасини иш юритишга қабул қилинган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, Зангиота туман ҳокимининг
2012 йил 1 июндаги 410-сонли қарори билан Зангиота тумани Хонобод қишлоғи ҳудудидаги “Ғофур Диёр” номли фермер хўжалигига қарашли ер майдонидан ноёб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва уларнинг уруғларини етиштириш учун 4,0 гектар ер майдони “FARM KOREA” МЧЖга ажратиб берилган ва 2016 йил 30 августда туман ҳокимлиги ва “FARM KOREA” МЧЖ ўртасида ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш тўғрисида шартнома тузилган. Мазкур шартнома Зангиота тумани ер ресурслари ва давлат кадастр хизмати бўлимида рўйхатдан ўтиб, ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида 2016 йил 12 октябрда Т00047004-рақамли гувоҳнома берилган.

“FARM KOREA” МЧЖнинг Зангиота туман ҳокими номига 2016 йил
30 августда ёзган мурожаат хати ва Тошкент вилоят ҳокимининг 2017 йил
9 мартдаги 3-5-877-сонли хатига асосан туман ҳокими ўринбосари бошчилигидаги 14 та ташкилот рахбарларидан ташкил этилган ҳайъат “FARM KOREA” МЧЖ ижара шартномаси асосида фойдаланишида бўлган ер майдонида қишлоқ хўжалиги оборотидан чиқмаган ҳолда капитал қурилиш қилмаслик шарти билан “Табиий газ ва ичимлик сувидан фойдаланилмайдиган муқобил ёқилғида иситиладиган енгил типдаги иссиқхона” қурилишига рухсат бериш масаласи кўриб чиқилиб, 2017 йил 24 майдаги далолатнома асосида рухсат берилган ва далолатнома тасдиғи туман ҳокимлигига киритилган.

Зангиота туман ҳокимининг 2017 йил 3 июндаги 1230-сонли қарори билан ер майдони танлаш ва ажратиш тўғрисидаги ҳайъат аъзоларининг
2017 йил 24 майдаги далолатномаси тасдиқланиб, “FARM KOREA” МЧЖ фойдаланишида бўлган ушбу 4,0 гектар ер майдонида капитал (мукаммал) қурилиш қилмаслик шарти билан енгил типдаги иссиқхона жойлаштирилишига рухсат берилган ва мазкур қарор ижроси вилоят ҳокимлигидан сўраш белгиланган.

Тошкент вилоят ҳокимининг 2017 йил 11 октябрдаги 583-сонли қарори билан Зангиота туман ҳокимининг 2017 йил 3 июндаги 1230-сонли қарори тасдиқланган.

“FARM KOREA” МЧЖ ва “MYUNG SUNG PIACON LTD” ўртасида тузилган шартномага асосан 500 000 АҚШ доллари миқдорида инвистиция сифатида иссиқхона жихозлари олиб келиниб, қурилиш 70 фоизга амалга оширилган.

Тошкент вилоят прокуратураси томонидан 2017 йил 22 декабрда берилган протестга асосан Зангиота туман ҳокимининг 2018 йил 3 февралдаги 169-сонли қарори билан Зангиота туман ҳокимининг 2012 йил 1 июндаги 410-сонли қарори бекор қилинган ва ер майдони туман захирасига қайтариш белгиланган.

Тошкент вилоят прокуратураси томонидан 2017 йил 22 декабрда берилган протестга асосан Зангиота туман ҳокимлигининг 2018 йил 3 февралдаги
170-сонли қарори билан Зангиота туман ҳокимининг 2017 йил 3 июндаги
1230-сонли қарори бекор қилинган ва ер майдони туман захирасига қайтариш белгиланган.

Судлов ҳайъати томонидан ўтказилган сайёр суд мажлисида аниқланишича “FARM KOREA” МЧЖ томонидан қурилаётган “Иссиқхона” иншооти енгил турдаги иншоотлар учун қўйилган талаблар асосида бунёд этилаётганлиги маълум бўлган.

Тошкент вилояти Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр давлат корхонаси вакиллари ҳам суд мажлисида иштирок этиб, низоли қурилиш иншооти жойлашган ер майдони “FARM KOREA” МЧЖга 2012 йилдан буён бириктириб берилганлигини, 2016 йил 30 августда туман ҳокимлиги ва “FARM KOREA” МЧЖ ўртасида ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш тўғрисида шартнома тузилганлиги ва ердан фойдаланиш ҳақида гувоҳнома берилганлигини, туман ҳокимининг 2017 йил 3 июндаги 1230-сонли қарори билан енгил типдаги “иссиқхона” қуришга рухсат берилганлигини, бу иншоотнинг қурилиши учун барча ҳужжатлар қилинганлигини баён қилган.

Даъвогар даъво аризасида низоли қурилиш санитария қоидалари ва меъёрларига зид равишда, аҳоли турар жойидан 10-15 метр узоқликда қурилганлигини важлардан бири сифатида келтирган бўлиб, бироқ иш ҳужжатларида Тошкент вилоят Давлат санитария эпидемиология назорати маркази бош врачи А. Ибадуллаевнинг Зангиота туман ҳокимлигига ёзган хатида танланган ер майдонида иссиқхона объекти учун талаб этиладиган санитария ҳимоя зонасини ташкил этиш имконияти мавжудлиги аниқланганлигини, шу сабабли тақдим этилган ҳужжатларни вилоят ҳокимияти ҳузуридаги ер танлаш ва ажратиш комиссиясида кўриб чиқилиши учун тақдим этилишига эътироз билдирмаслигини маълум қилган хати мавжуд.  

Даъвогар томонидан “FARM KOREA” МЧЖнинг қураётган низоли объект иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилаётганлиги ҳолатларини иш ҳужжатлари асосида исботлаб бермади.

Шу сабабли судлов ҳайъати даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш лозим деб ҳисоблаган.

Шунингдек, жавобгар “FARM KOREA” МЧЖ қарши даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Зангиота туман ҳокимининг 2018 йил 3 февралдаги 169 ва 170-сонли қарорларини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 28-моддасига кўра ҳоким қабул қилган ва чиқарган ҳужжатлар устидан фуқаролар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар судга шикоят қилишлари мумкин. Ушбу Қонуннинг
29-моддасига кўра, ҳокимнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ҳужжатларига зид, прокурор протест билдирган қарорлари шу ҳокимнинг ўзи томонидан ёки юқори турувчи ҳоким ёинки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, заруратига қараб эса Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайта кўриб чиқилади.

Бироқ, Зангиота туман ҳокимининг 2018 йил 3 февралдаги 169 ва
170-сонли қарорларида нима сабабдан туман ҳокимининг 2012 йил
1 июндаги 410-сонли ҳамда 2017 йил 3 июндаги 1230-сонли қарорлари бекор қилинаётганлиги асослаб берилмаган.

Шунингдек, даъвогар ҳамда Зангиота туман ҳокимлиги суд мажлиси муҳокамасида низоли қарорларни қабул қилишга асос бўлган ҳолатларни аниқ далиллар асосида исботлаб беришмади.

Олий хўжалик судининг 2016 йил 17 июндаги “Давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш, улар мансабдор шахсларининг шундай ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 298-сонли Пленум қарорининг 7-бандида Давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қабул қилинган қарор, буйруқ, кўрсатма, ордер, гувоҳнома ва шу каби ҳуқуқий оқибат келтириб чиқарувчи бошқа ҳужжатлар, агарда улар қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаса ёки ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган тақдирда, суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин деб тушунтириш берилган.

Шу сабабли, суд, туман ҳокимининг ушбу низоли қарорлари чет эл капитали иштирокидаги “FARM KOREA” МЧЖнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига бевосита таъсир кўрсатувчи ҳужжат сифатида баҳолаб, Зангиота туман ҳокимининг 2018 йил 3 февралдаги
169-сонли ва 170-сонли қарорларини ҳақиқий эмас деб ҳисоблаган.

Юқоридагиларга асосан, Тошкент вилоят иқтисодий суди (биринчи инстанция суди сифатида) нинг  2018 йил 15 март 1101-1702/2711-сонли ҳал қилув қарори билан, Тошкент вилоят прокуратурасининг даъво талабини қаноатлантириш рад этилган.  Жавобгар “FARM KOREA” МЧЖ қарши даъво аризаси қаноатлантирилиб, Зангиота туман ҳокимининг 2018 йил 3 февралдаги 169-сонли ва 170-сонли қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган.

Тошкент шаҳар иқтисодий суди кассация инстанциясиясининг 2018 йил 6 сентябрдаги қарори билан  биринчи инстанция судининг 2018 йил 15 мартдаги ҳал қилув қарори “Зангиота туман ҳокимлигидан 3 444 800 сўм давлат божи ундирилсин” жумласи билан тўлдирилган. Ҳал қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.

Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: