ҚОНУН ИТОАТКОРЛИКНИ ЁҚЛАЙДИ, АЙБГА ИҚРОРЛИК ЭСА, ЖАЗОНИ ЕНГИЛЛАШТИРАДИ

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар қатъият билан амалга оширилмоқда. Ўтган қисқа даврда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва иқтисодий қонунчиликни такомиллаштириш борасида кенг кўламли янгиланишлар жорий этилди.

Натижада жиноятчиликка қар­ши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими са­марадорлиги ош­ди. Суд жа­раёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, юридик ёрдам кўрсатиш ва ҳуқуқий хизматлар сифати яхшиланди.

Айниқса, жиноят содир этган шахсларга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланмоқда. Бунга ҳаётий бир мисол кел­тирамиз.

Бу ҳаётда ҳар бир киши фа­ровон турмуш кечиришни хоҳлайди. Бугунги жадал ривожланаётган, қулайликлар кўлами тобора кенгайиб бораётган замонда ҳар биримиз мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишни истаймиз.

Аммо фаровон турмушга элтувчи йўлни ҳар ким ўзича тушунади. Кимдир ҳалол меҳнат, ижодкорлик, билим ва маҳоратини ишга солган ҳолда ўзи ва яқинлари турмушини фаровон қилишга уринса, яна кимдир бели оғримай пул топишни, бировларнинг ҳисобига кун кўришни хоҳлайди.

Кўзлаганига осонгина эришишга уринувчилар эса, одатда, алдов, фирибгарлик, ўғирлик орқали ўзгалар мулкини қўлга киритиш пайида бўлади. Шундайлардан бири — Фахриддин Акбаровнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) қилмиши ҳа­қида сўз юритамиз.

Ф. Акбаров 1976 йил Янги­қўр­ғон туманида туғилган, маълумоти олий.

Илгари, яъни 2000 йилда Жиноят кодексининг 267-моддаси 3-қисми «в» бандида назарда тутилган жиноятни содир этган. Шу боис жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судининг ҳукми билан унга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Давлатимизнинг бағри­кенг­лик сиёсати намунаси бўлган амнистия актига кўра, Ф. Акбаров 2001 йил 22 август­да жазодан тўлиқ озод қилинган. Аммо у бундай инсонпарварлик ва бағрикенгликдан ўзига тўғри хулоса чиқармасдан, яна жиноятга қўл урди.

Аниқроқ айтганда, Ф. Акбаров 2003 йил 13 апрель куни жиноий шериклари Р. Ҳамидов ва унинг 1988 йилда туғилган ўша вақтда вояга етмаган укаси Р. Ҳамидов билан Наманган шаҳридаги уйлардан бирига ғайриқонуний равишда, яъни эшигини бузиб кирган. Хонадонда бўлган 50 000 сўмлик аёллар қўл соати ва 60 000 сўм пулни ўғирлаб кетишган.

2007 йилда Ф. Акбаровнинг қилмиши фош этилиб, тергов ишлари олиб борилади. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «в», «г» бандлари ва 127-моддаси 3-қисми билан айблов эълон қи­линади ва гаров эҳтиёт чораси қўлланилади.

Ф. Акбаров эса, қамалишдан қўрқиб, қочиб кетади. 2007 йил 18 июлда жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг ажримига кўра, гаров эҳтиёт чораси қамоқ билан алмаштирилади. Натижада унга нисбатан қидирув эълон қилинади.

Шундан сўнг қидириш ишлари асносида унинг Россияда истиқомат қилаётгани аниқланади. Ички ишлар бўлими ходимлари Ф. Акбаров билан гаплашиб, унинг қайтиб келиши юзасидан тушунтириш иш­лари олиб боради.

Ф. Акбаров 2019 йил октябрь ойида юртимизга қайтади. Унга нисбатан белгиланган қамоқ эҳтиёт чораси гаров чорасига алмаштирилади.

Жиноят ишлари бў­йича Наманган шаҳар суди томонидан Ф. Акбаровнинг жи­ноят­ иши кўриб чиқилди. Судда аниқланган ҳолатлар ва гувоҳларнинг тушунтиришларини инобатга олиб, унинг айбловидан Жиноят кодексининг 127-моддаси 3-қисми бўйича ҳо­латлар чиқариб ташланди.

Суд Ф. Акбаровни Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «в», «г» бандлари билан айбдор деб топди. Унга нисбатан иш ҳақининг 30 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Гаровга қўйилган 10 000 000 сўм пули қайтариб берилди.

Суд мажлиси тугагандан сўнг Ф. Акбаров ўтган вақт мобайнида ўз қилмишидан қўр­қиб, қочиб юргани, шу тариқа ўн олти йилдан буён ота-онасидан узоқда яшаганини айт­ди.

Шунингдек, у ўзига нисбатан тайинланган жазо қонунда белгиланганидан ҳам енгил эканини тан олди. Оиласи бағрига қайтгани учун суд идоралари ходимларига ўз миннатдорчилигини билдириб, бундан буён ўз мутахассислиги бўйича ишлашга ва мамлакатимиз равнақига хизмат қилишга ваъда берди.

Нозимжон Аюбжонов,
жиноят ишлари бўйича
Наманган шаҳар судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: