«ГАШТАК»ДАГИ ФИРИБГАРЛИК ЁХУД МИСИ ЧИҚҚАН ЁЛҒОН
Халқимизда яхши бир одат бор. Синфдошлар, курсдошлар, ҳамкасблар,қариндош-уруғ ёки маҳалладошлар ўртасида «гаштак» ташкил этилганда ҳар ойда иштирокчилардан маълум миқдорда пул йиғилиб, навбати келган кишига берилади.
Қўқонлик Мақсуда Низомова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам 2019 йил апрель ойида 9 нафар аёл ўртасида «гаштак» — йиғин ташкил қилади.
Ташкилотчи бўлгани учун пулни ҳам ўзи йиға бошлайди. Аммо кейинчалик унинг асл мақсади фош бўлади.
Гап шундаки, М. Низомова 2019 йил апрель ойидан ноябрь ойига қадар гуруҳ аъзоларидан пул йиғиб, навбати келган иштирокчига етказиб берган.
Бироқ 2019 йил декабрь ойида йиғин иштирокчиларидан тўпланган 800 АҚШ долларини гуруҳ аъзоси Шоҳида Раҳимовага бермай, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборади.
Шундан сўнг у 2020 йил январь ойида 13 нафар аёлдан иборат бўлган иккинчи «гаштак» гуруҳини тузади. Пировардида январь-октябрь ойларида улар берган 1 000 АҚШ доллари пулни ўз эгаларига бермайди. Шунингдек, М. Низомова 2020 йил октябрь ойида гуруҳ аъзоси Одина Жўраеванинг 100 АҚШ долларини ўз эҳтиёжи учун сарфлайди. Қолаверса, О. Жўраевадан баҳоси 100 АҚШ доллари бўлган мусиқа эшитиш қурилмасини фойдаланиб туриш баҳонасида олади-ю, қайтаришни «унутади».
Шу тариқа Мақсуда Низомова 2020 йилнинг 10 ойи мобайнида гуруҳ аъзоси Шоҳида Аҳмедовадан 750, Алишер Қўшоқовдан 800, Мўътабар Мамажонова, Одина Ҳамидова, Достонбек Ҳаитов, Дилфуза Бойбобоева, Нурмуҳаммад Хўжаев ва Наргиза Мирзаеванинг 6 150 АҚШ долларини ўз эҳтиёжига сарфлаб юборади.
Бундан ташқари М. Низомова Қўқон шаҳрида жойлашган «TECHNO.UZ» савдо дўконидан фуқаро Мўътабар Мамажонова номига 1 680 000 сўмлик «Samsung A 10» русумли уяли телефон аппаратини бир йил мобайнида бўлиб тўлаш шарти билан харид қилади.
Аммо 2020 йил июль ойига қадар телефон учун тўланиши керак бўлган 700 000 сўмни тўламайди.
Устига-устак, 2020 йил январь ойида Мақсуда Низомова 10 нафар аёлдан иборат учинчи «гаштак» гуруҳини ҳам ташкил қилади.
Айни гуруҳдаги йиғди-йиғдилар ҳисобидан у такроран Шоҳида Раҳимовани 1 200, Шоҳида Аҳмедовани эса, 1 400 АҚШ долларига чув туширган.
Ҳар ишнинг охири бўлганидек, М. Низомованинг қилмишлари ҳам охир-оқибат фош этилди. Тоқати-тоқ бўлган жабрланувчилар унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилишди. Шу асосда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Мазкур ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди уни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади ва у суд залида қамоққа олинди. Судланувчининг 2 нафар вояга етмаган фарзанди онаси М. Аҳмедова ҳомийлигига топширилди. Қолаверса, суд ҳукмида ундан жабрланувчилар фойдасига 99 565 974 сўм ундириш ҳам белгиланди.
Ҳаётда ўзганинг ҳақи ҳеч қачон бошқага буюрмаслиги аллақачон ўз исботини топган. Бу ҳақиқатни унутганлар жазога маҳкумдир.
Элёржон ҲАКИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Қўқон шаҳар суди судьяси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
Фикр қолдириш