СУД ТИЗИМИНИНГ ЯНГИ КОНЦЕПЦИЯСИ
Истиқлол йилларида демократик ҳуқуқий давлат, адолатли фуқаролик жамиятининг муҳим шарти бўлган суд-ҳуқуқ тизими қурилишининг мутлақо янги концепцияси амалиётга жорий этилди. Натижада мамлакатимизда судлар фаолияти такомиллашди. Хусусан, жиноят процессида шахс ҳуқуқларини кафолатлашнинг мустаҳкам асослари яратилди.
Конституциямизда акс эттирилган принципларга мувофиқ, жиноий жазо тизими ва суд ишларини юритиш босқичма-босқич либераллаштирилди, шахсни жамиятдан ажратиб қўйиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турларини тайинлаш имкониятлари кенгайтирилди. Инсонпарварлик тамойили асосида амалга оширилган мазкур ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг судларга ишончи ортиб бормоқда.
Бугун мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳалари, шу жумладан, суд-ҳуқуқ тизимида изчил амалга оширилаётган шиддатли ислоҳатлар марказида инсон омили турибди. Бу ҳаётий ҳақиқатни Прзидентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидаги «Инсон манфаатлари ва яна бир бор инсон манфаати ислоҳатларнинг бош мақсади этиб белгиланди», деган сўзлари яна бир бор яққол исботлаб берди.
Зеро, чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ва адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқалигина халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш мумкин.
Бунда халқимизнинг суддан, пировардида эса давлатдан рози бўлишига эришиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат, очиқ фуқаролик жамияти барпо этиш, қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш катта аҳамият касб этиши ҳеч кимга сир эмас.
Шу маънода, Президентимиз томонидан 2023 йил 16 январда имзоланган иккита тарихий ҳужжат айнан мазкур Мурожаатномада билдирилган таклифларнинг ижросини амалда таъминлашга қаратилгандир. Бу ўринда давлатимиз раҳбарининг «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда «Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонлари ҳақида сўз бормоқда.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 январда парламентга йўллаган Мурожаатномасида давлат идоралари мансабдорлари суд мустақиллигини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам шахсан Президентнинг қаттиқ назоратида бўлишини чуқур англаб олишлари кераклиги таъкидланганди. Бундай баёнот давлат раҳбарининг айни соҳадаги қатъий позициясини яққол кўрсатади.
Зеро, судья мустақил бўлса, қонунга сўзсиз буйсунса, маъсулиятни чуқур ҳис қилса, беғараз ва холис бўлсагина адолат ўрнатилади.
Шу нуқтаи назардан, Президентимиз фармонларида судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши қайд этилган.
Фармонларнинг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпусини шакллантириш қисми суд процессининг бошқа иштирокчилари билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланган ҳолда одил судлов фаолиятининг самарали амалга оширилишига кўмаклашиш, жиноят ишлари бўйича судларда давлат айбловини фақат қонунга асосланиб, холисликни сақлаган ҳолда сифатли қўллаб-қувватлашга қаратилган. Бу, ўз навбатида, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя қилинишига эришишга хизмат қилади.
Алоҳида эътибор қаратиш керак бўлган яна бир жиҳат: эндиликда ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ўз ваколатларини ҳар қандай орган ва мансабдор шахсдан мустақил равишда, фақат қонунга бўйсуниб амалга оширадилар ҳамда қонунчиликда назарда тутилган ҳоллардан ташқари уларнинг судда иштироки билан боғлиқ фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди.
Шу билан бирга, суд тизими олдида турган долзарб вазифаларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси негизида Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти, Ахборот-коммуникация мониторинги — Вазиятлар маркази ва Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси негизида Жамоатчилик билан ҳамкорлик маркази ташкил этилади.
Ўз-ўзидан равшанки, бу соҳада давлат сиёсатини амалга ошириш биринчи навбатда суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг зиммасига улкан масъулият ва муҳим вазифалар юклайди.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Президент фармонларига мувофиқ, 2023 йил 1 июлдан Бош прокуратура ва Олий суд ахборот тизимларини интеграция қилиш йўли билан ўзаро ҳужжат алмашинувини тўлиқ йўлга қўйилади.
Одил судлов фаолиятини амалга ошириш учун жалб этилган ресурслардан самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида, илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ваколати тегишлилиги бўйича маъмурий органларга ўтказилади.
Айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартиби белгиланади. Фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича тарафларни келиштириш ва медиация институтини кенг жорий этиш бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилади.
Шунингдек, 2023 йил 1 июлга қадар янги механизмлар жорий этилиши натижасида иш юкламаси мақбуллаштирилган судларнинг штат бирликлари самарали тақсимланиши таъминланади. Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ўз фаолиятини самарали амалга оширишлари учун суд биноларида алоҳида хизмат хоналари ажратилади ва мазкур хоналар жиҳозланади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур фармонларда кўрсатилган вазифаларнинг бажарилиши суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга, уларнинг шаъни ҳамда қадр-қиммати камситилишига йўл қўймасликка хизмат қилади. Шунингдек, суд ва тергов органлари масъулиятини янада кучайтиришга, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судга бўлган ишончини ошириш имконини беради.
Шаҳзод Бахтиёров,
Қашқадарё вилоят суди судьяси
Фикр қолдириш