ТАМАГИР ИНСПЕКТОР ПОРА ОЛАЁТГАНДА ҚЎЛГА ТУШДИ
Риштонлик Ойбек Раҳимжонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси видеокузатув гуруҳи кичик инспектори лавозимида ишлаётганда унга қариндош-уруғ, қўни-қўшни, таниш-билишларининг ҳаваси келарди. Афсуски, О. Раҳимжонов ўз нафсидан касбий иродасини устун қўёлмади. Оқибатда нафақат жиноий жавобгарликка тортилди, балки ота-онасининг ҳам юзини шувит қилди.
Гап шундаки, ўтган йил 25 июнь куни Ойбек «Фарғона-Тошлоқ» автомобиль йўлида ташкил этилган карантин постида хизмат қилаётган эди. Тун ярмида постга Шерали Акрамов бошқарувидаги «Cobalt» русумли, давлат рақами ечиб қўйилган автомашина яқинлашади. Табиийки, тунги пайтда юргани ҳамда давлат рақами ечиб қўйилганидан гумонга борган инспектор машинани тўхтатади. Шунда машина юкхонасида қўшни давлатдан айланма йўллар орқали олиб кирилган лампочкалар борлиги маълум бўлади. Шунда Шерали Акрамов жавобгарликдан қочиб, таниши Фазлиддин Толиповнинг автомашинасида уйига кетиб қолади.
Бундай вазиятда инспектор ноқонуний олиб кирилган товар моддий бойликлари ҳамда ҳайдовчининг воқеа жойидан кетиб қолгани хусусида тегишли баённома расмийлаштириши шарт эди. Бироқ Ойбек Раҳимжонов бунинг ўрнига транспортни жарима майдончасига олиб борган. Сўнгра жарима майдончаси қоровули Дўстмурод Ҳалимовга бу ҳақда ҳеч қандай ҳужжат тузмасликни тайинлайди. Орадан кўп ўтмай жарима майдончасига Ш. Акрамовнинг таниши Равшанбек Мирёқубов етиб келади ва инспектордан ишни «босди-босди» қилишда ёрдам сўрайди.
Суҳбат асносида О. Раҳимжонов ёрдам бериш ўз-ўзидан бўлмаслигини таъкидлаб, қоидабузарлик учун маъмурий баённома расмийлаштирмаслик эвазига 200 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилади. Равшанбек унинг талабига рози бўлади. Шундан сўнг инспектор автомашинани жарима майдончасидан чиқариб юборади. Эртаси куни Р. Мирёқубов орқали Фазлиддиндан бир миллион сўм ва икки қути лампочка олади. Орадан уч-тўрт кун ўтгач, қолган 50 АҚШ долларини беришини ҳам қистайверади.
Тамагирнинг қилиғидан жаҳли чиққан Р. Мирёқубов Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, тамагир инспекторга нисбатан қонуний чора кўришни сўрайди. Шу куни О. Раҳимжонов Равшанбек билан учрашиб, ундан беш юз минг сўмни олган вақтида қўлга олинади.
Жиноятга жазо муқаррар. Ана шу тамойилга амал қилган жиноят ишлари бўйича Фарғона тумани суди О. Раҳимжоновни Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан айбдор деб топиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.
Фарруҳ АБДУРАИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона тумани суди раиси
Фикр қолдириш