СОХТА «ХОДИМ»ЛАР ТОВЛАМАЧИЛИК ҚИЛГАНИ УЧУН ҚОНУНИЙ ЖАЗОЛАНДИ

Ўзбекистон туманида яшовчи Фахриддин Абдусаломов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2015 йилнинг август ойида чет элда ишлаб юрган вақтида кўчадан номаълум шахсга тегишли хорижий валюта ва расмий ҳужжатларни топиб олади.

Аммо у топилмани тегишли идорага топширмайди. Аксинча, ҳеч кимга билдирмай кийим-кечаклари орасига яшириб қўяди. Мамлакатимизга қайтиб келгач, пулни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборади.

Пойтахтимизнинг Сергели туманида истиқомат қилувчи, муқаддам кўп миқдорда фирибгарлик ва пора беришга суиқасд қилиш жиноятларини содир этгани боис судланган Шерали Буваев 2015 йилнинг декабрь ойида таниш-билишларидан Ф. Абдусаломовнинг чет элда пул топиб олгани ҳақида эшитгач, нияти бузилади ва жиноий режа тузади. Яқин таниши Сайдулло Ҳурматиллаевни ҳам режасига қизиқтиради.

Жиноий режага мувофиқ, ҳамтовоқлар 2016 йил 5 январь куни Ўзбекистон туманининг Яйпан шаҳарчасига бориб, Ф. Абдусаломовнинг яшаш хонадонини суриштириб топишади.

— Биз Тошкентдан келдик, нуфузли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимларимиз, — дея улар хонадон соҳибига ўзларини таништиришади.

Шунингдек, жиноий шериклар дастлабки терговда аниқланмаган сохта хизмат гувоҳномаларини ҳам кўрсатишади.

Сўнгра Ф. Абдурасаломовдан ўзларининг автомашинасига ўтиришни талаб қилишади. Бироқ Ф. Абдусаломов дабдурустдан берилган бу буйруққа бўйсунмайди. Шунда С. Ҳурматиллаев уни мажбурлаб автомашинага ўтирғизади. Шундан сўнг улар «Қулибек» қишлоғининг овлоқ жойига борганда Ф. Абдусаломовдан хорижда топилган эквиваленти 251 миллион сўмдан ортиқ хорижий валютани беришни талаб қилиб, акс ҳолда пойтахтга олиб кетиб, тергов ҳибсхонасида қийноққа солиш ҳамда 15 йил муддатга қаматиб юбориш билан қўрқитишади.

Бундан ташқари “меҳмон”лар мезбонга хорижда яшовчи опаси Л. Ғойибназаровани безорилар орқали ўлдириб юбориш орқали таҳдид қилиб, ундан фуқаролик паспортини беришни сўрашади.

— Паспортим ота-онамнинг уйида. Ўша ерга борайлик, олиб бераман, — дейди Ф. Абдусаломов.

Шундан сўнг товламачилар Ф. Абдусаломовни Ғаниобод қишлоғида яшовчи отаси Баҳодир Абдусаломовнинг уйига олиб боришади.

Ҳамтовоқлар Ф. Абдусаломовнинг ота-онасига ҳам таҳдидомуз гапларни айтишади. Бошида бироз таҳликага тушган Б. Абдусаломов “Мен қариндош-уруғ, таниш-билишлардан суриштириб, пул топиб келаман” дея кўчага чиқиб кетади. Аммо у тўппа-тўғри туман ички ишлар бўлимига бориб, тезкор ходимларни уйига бошлаб келади. Шундан сўнг товламачилар Ш. Буваев ва С. Ҳурматиллаев қўлга олинади.

Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилади. Бироқ дастлабки суриштирув жараёнида Ш. Буваев терговдан яшириниш мақсадида хорижга қочиб кетади. Шу боис унга нисбатан қидирув эълон қилинади.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 2017 йил 28 ноябрдаги ҳукмига мувофиқ, С. Ҳурматиллаевга қонуний жазо тайинлади.

Халқимиз “Бузоқнинг югургани сомонхонагача” деб бежизга айтмаган. Шу маънода айтганда, орадан 6 йил ўтгач, Ш. Буваев қўлга олинди. Яқинда жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди уни Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, муайян муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Олий Мажлис Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарорига асосан тайинланган жазо муддати учдан бир қисмига қисқартирилди.

Нафс йўриғига юриб, осон даромад топмоқчи бўлган сохта ходимлар ниқобидаги жиноятчилар шу тариқа қонун олдида қилмиши учун жавоб беришди. Бу ўз навбатида, жиноий қилмиш ҳеч қачон жазосиз қолмаслигини кўрсатади.

Пўлат МАМАТУСМОНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қўқон шаҳар суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: