ЛАФЗСИЗЛИК СУДДА ҚОНУНИЙ ЖАЗОЛАНДИ

Маълумки, кейинги йилларда дунё миқёсида сув тақчиллиги ортиб бормоқда. Бу ҳолат мамлакатимиз аграр соҳасида ҳам сезилмоқда. Шу боис қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологиялар­ни жорий этиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада тегишли ҳуқуқий асослар яратилганини ҳам алоҳида қайд этиш керак.

Фурқат туманидаги “New gold land” фермер хўжалиги раҳбари Абдуллахон Мусахонов ҳам томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш мақсадида 2021 йил 18 май куни “Fergana story servis” хусусий корхонаси билан 49-сонли шартнома имзолайди. Шартномага асосан хусусий корхона фермер хўжалигига томчилатиб суғориш ускуналарини етказиб бериш, монтаж қилиш, ишга тушириш ҳамда мутахассисларни ўқитиш мажбуриятини олади. Фермер хўжалиги раҳбари эса, шартномада белгиланган 366 миллион 915 минг сўмлик тўловни амалга оширади.

Аммо “Fergana story servis” хусусий корхонаси мутасаддилари зиммаларидаги шартномавий мажбуриятга лоқайд­лик билан қарайди.

Ҳатто улар даъвогар йўллаган талабномани ҳам оқибатсиз қолдиради.

Ваҳоланки, Фуқаролик кодексининг 357-моддасига мувофиқ, шартнома тузилган пайтидан бошлаб кучга киради ва тарафлар учун мажбурий ҳисобланади.

Фермер хўжалиги раҳбари тоқати-тоқ бўлгач, Фурқат тумани фермер, дехқон хўжаликлари ва таморқа ер эгалари Кенгашига мурожаат этади.

Кенгаш томонидан фермер хўжалигининг манфаатини кўз­лаб, Фарғона туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилади. Унда “Fergana story servis” хусусий корхонасидан 366 915 752 сўм асосий қарз ва 183 457 876 сўм пеня ундириб бериш сўралади.

Амалдаги Фукаролик кодексининг 236-моддасига биноан, мажбуриятлар мажбурият шартлари ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса, иш муомаласи одатлари ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. Шунингдек, кодекснинг 386-моддасида олди-сотди шартномаси бўйича бир тараф (сотувчи) товарни бошқа тараф (сотиб олувчи)га мулк қилиб топшириш мажбуриятини, сотиб олувчи бу товарни қабул қилиш ва унинг учун белгиланган пул суммаси (баҳоси)ни тўлаш мажбуриятини олиши қайд этилган. Ушбу қонуний асослар фермер хўжалигининг хусусий корхонадан асосий қарзни ундириш талаби асосли эканини кўрсатади.

Айтиш керакки, тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 7.2-бандида шартномавий мажбуриятни бажармаган тараф ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида, аммо кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорида пеня тўлаши белгиланган. Шунга кўра, тўлов суммасининг 50 фоизи 183 457 876 сўмни ташкил қилади. Бироқ судда иштирок этган хусусий корхона вакили даъво аризасининг пеня ундириш қисмини рад этишни сўради.

Фуқаролик кодексининг 326-моддасида “агар тўланиши лозим бўлган неустойка кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақли.

Бунда қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек, кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши керак. Суд алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб, кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқига эга”, дея қайд этилган.

Бундан ташқари кодекснинг 335-моддасида эса, “Агар кредитор қасддан ёки эҳтиётсизлик туфайли мажбуриятни бажариш мумкин бўлмаслиги юз беришига ёки бажармаслик туфайли етказилган зарар миқдорининг кўпайишига кўмаклашган бўлса, шунинг­дек, кредитор мажбуриятни бажармасликдан етказилган зарарни камайтириш чораларини қасддан ёки эҳтиётсизлик туфайли кўрмаган бўл­са, суд ишнинг ҳолатларига қараб тўланадиган ҳақ миқдорини камайтиришга ёки кредиторга ҳақ тўлашни батамом рад этишга ҳақли” дея белгиланган.

Суд юқорида қайд этилган асосларга таянган ҳолда жавобгарнинг мулкий аҳволини инобатга олиб, талаб қилинган пеняни камайтиришни лозим топди. Аниқроқ айтганда, “Fergana story servis” хусусий корхонасидан “New gold land” фермер хўжалиги фойдасига 366 915 752 сўм асосий қарз ва 50 256 616 сўм пеня ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди. Шу тариқа шартнома шартларини бажармаган хусусий корхона иқтисодий жиҳатдан жазоланди.

Афсуски, “New gold land” фермер хўжалиги “Fergana story servis” хусусий корхонасидан зарар кўрган ягона субъект эмас. Чунки Фарғона туманлараро иқтисодий судига Фурқат тумани фермер, дехқон хўжаликлари ва таморқа ер эгалари Кенгаши томонидан тумандаги бир қатор фермер хўжалик­лари манфаатини кўзлаб, бир нечта даъво аризалари киритилган.

Хулоса ўринда шуни таъкидлаш лозимки, агар хусусий корхона зиммасидаги мажбуриятни ўз вақтида бажарганда, мавсум мобайнида фермер хўжаликларида катта миқдордаги сув тежалган, қолаверса, томчилатиб суғориладиган ердан олинадиган бир неча миллион сўмлик даромадни бой бермаган бўларди. Шу боис мижоз танлашда адашмаган маъқул. Акс ҳолда режа бажарилмаслиги, бунинг оқибатида иқтисодий зарар кўрилиши мумкин.

Тоҳиржон МАМАТОЖИЕВ,

Фарғона туманлараро

иқтисодий суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: