КОРРУПЦИЯГА БЕРИЛГАН ЗАРБА ФУҚАРОНИНГ ФАОЛ ҲАРАКАТИ ТУФАЙЛИ ЮЗАГА КЕЛДИ
Маълумки, коррупция иллати ҳар қандай давлатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига путур етказади, халқнинг асрлар давомида шаклланган маънавиятини емириб, миллий қадриятларни паймол этади, жамиятда ижтимоий тенгсизликни келтириб чиқаради.
Эришилаётган ютуқлар, қўлга киритилаётган марралар адолат устуворлиги барқарор бўлгандагина юз кўрсатади. Давлатимиз раҳбарининг «Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур» деган ташаббуси натижасида мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича яхлит тизим яратилди.
Бу борада 2017 йил 3 январда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилингани муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ушбу қонун мамлакатимизда бу турдаги жиноятчиликка нисбатан курашишда янги босқични бошлаб берди.
Энг асосийси, қонунга ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга доир алоҳида бобнинг киритилгани ўзининг кутилган самарасини бермоқда.
Бинобарин, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширмасдан туриб, ушбу хавфли иллатга қарши курашиш самарадорлигини таъминлашнинг иложи йўқлигини ҳаётнинг ўзи яққол кўрсатмоқда. Ҳозирги пайтда бу хавфли иллатга нисбатан фуқароларда кескин муросасозлик кайфияти пайдо бўлганини пайқаш қийин эмас.
Буни қуйидаги мисол ҳам тасдиқлайди. Жасур Самаров (исм-шарифлар ўзгартирилди) Навоий вилояти ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, Навоий вилояти Транспорт бошқармасида инспектор вазифасида ишловчи Амириддин ва Анвар исмли шахслар такси фаолияти билан ноқонуний шуғулланаётган ҳайдовчиларни аниқлаб, уларга нисбатан чора кўрмаслик эвазига беш юз мингдан бир ярим миллион сўмгача пора сўраётганини маълум қилган.
Ж. Самаров мазкур шахсларга нисбатан қонуний чора кўришда шартли равишда шахсан иштирок этишини билдирган.
Ушбу ариза юзасидан тезкор тадбир режаси тузиб чиқилди. Иқтисодий жиноятларга қарши кураш Департаменти Кармана тумани бўлими биносида Ж. Самаровга кимёвий ишлов берилган бир миллион беш юз минг сўм пул, овоз ёзиш мосламаси холислар иштирокида топширилиб, тадбирни амалга оширишга киришилди.
Шундан сўнг Ж. Самаров бошқарувидаги «Спарк» русумли автомашина икки нафар фуқарони йўловчи сифатида олиб, «Зарафшон — Тошкент» автомагистралининг «Самарқанд» мунтазам йўл-патрул хизмати масканига етиб келганида Транспорт бошқармаси ходимлари томонидан «тўхтанг» деган ишора қилинди. Жасур автомашинани йўл четига олиб тўхтатди.
Транспорт бошқармаси инспектори А. Хайриев Ж. Самаровдан ҳужжатларни олиб, ундан кимларни олиб кетаётганини сўради. Шунда Ж. Самаров йўловчи ташиш билан шуғулланишини айтиб, ёрдам беришни илтимос қилади.
— Бу ўзингизга боғлиқ, — дея таъмага ишора қилади А. Хайриев қўл телефони экранига «беш оклад» деган ёзувни ёзиб, Жасурга кўрсатар экан.
— Бир миллион сўмми? — деб сўрайди Жасур.
Суҳбат асносида Амириддин билан Жасур ўртасида очиқ-ошкора савдо бошланади. Жасур беш юз минг сўм беришини айтгач, Амириддин қатъий равишда бир миллион сўм бермаса, баённома расмийлаштиришини маълум қилади.
Бу талабни эшитгач, Ж. Самаров автомашинасига бориб, сўралган пулни олиб келади ва инспекторнинг ишорасига мувофиқ уни стол устига қўяди.
А. Хайриев ёнида турган қоғоз папка билан пулнинг устини ёпади. У бунга ҳам қаноат қилмасдан Жасурга пулни А. Козимовнинг олдида турган компьютер принтери ички қисмига қўйишни буюради. Ж. Самаров инспекторнинг бу топшириғини ҳам бажаргач, шахсий ҳужжатларини олганча, ташқарига чиқади. Шунда тадбирнинг бошқа иштирокчилари порахўр инспекторга ўзларини таништиради. Бундан талвасага тушган А. Хайриев қочишга уринади. Бироқ у қўлга олиниб, Ж. Самаровдан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирмаслик эвазига пора тариқасида олинган бир миллион сўм далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилади.
Дастлабки суриштирув ва тергов чоғида Амириддин Хайриевнинг шериги Анвар Козимов ҳайдовчидан пора олиш масаласида у билан олдиндан тил бириктирмагани, ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома ёзиш кераклигини айтганини рўкач қилиб, жазодан қутулиб қолмоқчи бўлди. Аммо диктафонни қабул қилиш ва эшитиб кўриш ҳақидаги баённомадаги сўзлашувлар ҳақиқатни тўлиқ ойдинлаштирди. Диктафондаги ёзувлар эшитилиб кўрилганда, А. Хайриев Ж. Самаров билан ўзаро гаплашган чоғида А. Козимов ҳам шу ерда бўлгани маълум бўлди. Буни Х. Сулаймонова номидаги Республика Суд экспертиза марказининг суд-фонография экспертизаси хулосаси ҳам тасдиқлади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, жиноят ишидаги иштирокчилик оддий ва мураккаб шаклларга бўлинади. Оддий иштирокчиликда жиноят икки ёки ундан ортиқ шахслар томонидан олдиндан тил бириктирмай содир этилади ва ижтимоий хавфли қилмишнинг объектив томони барча иштирокчилар томонидан қисман ёки тўлиқ амалга оширилади.
Мураккаб иштирокчилик биргаликда ҳаракат қилувчи шахслар ўртасида вазифаларнинг тақсимланиши, бу фаолиятнинг йўналтирилгани ва бевосита бажарувчи билан бир қаторда ташкилотчи, далолатчи, ёрдамчи ёки ҳеч бўлмаганда улардан бирининг мавжудлиги билан тавсифланади. Бошқача айтганда, мураккаб иштирокчилик икки ёки ундан ортиқ шахснинг олдиндан тил бириктириб, жиноят содир этишида ифодаланди.
Қонунда белгиланишича, олдиндин келишилган иштирокчиликда биргаликда жиноят содир этиш ҳақида аввалдан тил бириктириб, шунингдек, жиноят содир этилишидан олдинроқ тил бириктирган ҳолда жиноят содир этилади.
Иштирокчиликни квалификация қилиш учун бу келишувга эришилганидан сўнг қанча вақт ўтгани аҳамиятга эга эмас. Иштирокчилар ўртасида муайян жиноятни содир этиш юзасидан келишув оғзаки ёки ёзма, тил бириктирув, шартли белги, бошни чайқатиш, имо-ишора ва бошқа шу каби шаклларда ифодаланиши мумкин. Олдиндан тил бириктириш тарафларнинг кўзда тутилаётган жиноятнинг биргаликда содир этилишидан хабардорлиги, уни содир этишда ҳар бир иштирокчининг ўз вазифаларини билиши ҳамжиҳатликнинг нисбатан юқори даражаси билан тавсифланади.
Олий суд Пленумининг 1999 йил 24 сентябрдаги «Порахўрлик ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори 9-банди 1-қисмида жиноятларни содир этишда аввалдан, яъни жиноят бошлангунича келишиб олган икки ёки ундан ортиқ мансабдор шахс иштирок этган бўлса, пора олиш бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктирган ҳолда содир этилган, жиноят мансабдор шахслардан лоақал бири пора олаётган пайтдан эътиборан тугалланган деб ҳисобланиши баён қилинган. Бунда пора олувчи шахснинг пора олишда бир неча мансабдор шахслар иштирок этаётганлигини тан олган-олмаганининг аҳамияти йўқлиги қайд этилган.
Суд юқорида қайд этиб ўтилган ҳолатлардан келиб чиқиб, судланувчилар А. Хайриев ва А. Козимов маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузмаслик эвазига А. Самаровдан бир миллион сўм миқдорида пул олганлик ҳолатида ўзаро жиноий тил бириктирган, деган тўхтамга келди.
Судланувчиларнинг важларини жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида ўйлаб топилган деб ҳисоблади.
Суд судланувчилар А. Хайриев ва А. Козимовни Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, тегишли муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Бундан ташқари улар тегишли муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилди.
Кўриниб турганидек, Ж. Самаровнинг фаол саъй-ҳаракати туфайли коррупция иллатига қарши зарба берилди. Бу эса, бошқаларга ҳам намуна бўлиши тайин.
Алишер САЙДУЛЛАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Кармана тумани суди судьяси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист
Фикр қолдириш