ОСМОНДАН ТУШГАН «АММА» ЁХУД СОХТА МУРУВВАТ МАШМАШАСИ
Халқимиз азал-азалдан меҳр-оқибат, диёнат ва мурувватни юксак қадрият сифатида эъзозлаб келади. Энг муҳими, бу юксак миллий қадриятларимиз қонунларимизда ҳам ўзининг теран ифодасини топган. Хусусан, Конституциямизда белгиланганидек, ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга. Бироқ ҳаётда ана шу ҳуқуқдан қинғир мақсадда фойдаланишни кўзлаган кимсалар ҳам учраб туради. Қуйидаги воқеа тафсилоти бунинг исботидир.
1978 йил Хива туманида туғилган Шаҳло Абдуллаева фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 2021 йил 23 июлдаги ҳал қилув қарорига асосан муомалага лаёқатсиз шахс сифатида эътироф этилган.
Бу орада унинг онаси Оқилжон Абдуллаеванинг соғлиги кун сайин оғирлашиб бораверди. Башарти, она дунёдан кўз юмса, суднинг қарорига биноан муомалага лаёқатсиз деб топилган фарзанди Шаҳло бутунлай қаровчисиз қолиб кетади. Бу ҳол қўшни хонадонда яшовчи Бибижон Ёқубжонова (исм-шарифлар ўзгартирилган) нинг тинчини ўғирлайди.
Бундан ўз манфаати йўлида фойдаланишни кўзлаган Б. Ёқубжонова Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокорига ариза билан мурожаат қилиб, икки ҳафта муқаддам чиқарилган ва ҳали қонуний кучга кирмаган суд қарорига асосан муомалага лаёқатсиз, деб топилган қўшниси Ш. Абдуллаевани ўз васийлигига беришни сўрайди.
У аризасида тап тортмасдан муомалага лаёқатсиз деб топилган Ш. Абдуллаеванинг «аммаси» эканини иддао қилади.
Энг қизиғи, туман тиббиёт бирлашмаси қошидаги Васийлик ва ҳомийлик комиссияси суднинг шахсни муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги қарори ҳали кучга кирмаган бўлса-да, 9 август куни она-қиз истиқомат қилаётган «Гулзор» маҳалла фуқаролар йиғини биносига бориб, талабгор Б. Ёқубжоновани васий қилиб белгилаш юзасидан далолатнома тузади.
Унда васийликка олиниши назарда тутилган Ш. Абдуллаеванинг турмуш шароити ўрганилгани, бу жараёнда Урганч шаҳрининг А. Баҳодирхон кўчаси, 212А-уйда яшовчи Б. Ёқубжоновадан бўлак яқин қариндошлари топилмагани қайд этилади.
«Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасида тиббиёт бирлашмалари ўз ваколатлари доирасида васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган ҳамда васийларга ва ҳомийларга қўйиладиган талабларга мос бўлган шахсларни танлашни ҳамда ҳисобга олишни амалга ошириши, муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқаролар, соғлиғининг ҳолатига кўра, ҳомийликка муҳтож бўлган шахсларнинг турмуш ва таъминот шароитларини, шунингдек, васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахсларнинг турмуш шароитларини текширувдан ўтказиши ҳамда бу ҳақда далолатнома тузиши зарурлиги белгиланган.
Афсуски, тиббиёт бирлашмаси масъуллари ушбу қонун талабини эътибордан соқит қилишди. Муомалага лаёқатсиз деб топилган Ш. Абдуллаеванинг турмуши, таъминоти манбаалари текширувдан ўтказилмади, васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахсга оид тавсифнома унинг яшаш жойидаги ўзини ўзи бошқариш органларидан сўраб олинмади, шу юзадан тегишли мазмунда хулоса тайёрланмади ҳамда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсга нисбатан васий тайинлаш масаласи шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги васийлик ва ҳомийлик бўйича комиссияси томонидан кўриб чиқилмади. Қолаверса, далолатномани расмийлаштириш жараёнида Ш. Абдуллаеванинг онаси О. Абдуллаеванинг иштироки таъминланмади. Ш. Абдуллаевага қариндош экани комиссияга аввалдан маълум бўлган К. Маткаримов ҳам таклиф қилинмади. Суднинг қарорига асосан Ш. Абдуллаева муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса-да, ўз хатти-ҳаракатларини бошқара олиш, фикр юритиб, истакларини тушунтириш қобилиятини сақлаб қолгани инобатга олинмади.
Хуллас, чала-чўлпа ва шошилинч тарзда расмийлаштирилган далолатнома тезлик билан Урганч шаҳар ҳокимлиги ҳукмига ҳавола қилинади. Ҳоким ҳам ҳаялламайди: 2021 йилнинг 13 сентябрь куни фуқаро Б. Ёқубжоновани муомалага лаёқатсиз деб топилган Ш. Абдуллаевага васий қилиб белгилаш тўғрисидаги 176-12-180-Q/21-сонли қарорни имзолади.
Бу орада Ш. Абдуллаеванинг онаси О. Абдуллаева ҳаётдан кўз юмади.
Халқимизда «Мушук бекорга офтобга чиқмайди», деган ибратли нақл бор.
Чиндан ҳам, шундай: мушук офтобга бирор-бир ўлжани кўзлаган ҳолда чиқади. Аммо васийликнинг йўриғи бўлак. Ундан ҳеч маҳал фойда кўзланмаслиги зарур. Шундагина у хайрли ва шарафли ишга айланади.
Афсуски, Урганч шаҳар ҳокимининг васийликка оид қарорини қўлга киритган Б. Ёқубжонова аслида қарамоғидаги Ш. Абдуллаевага тегишли мол-мулкдан фойдаланишни режалаштирган эди. Ш. Абдуллаеванинг ҳақиқий яқинлари, хусусан, холаваччаси Қувондиқ Маткаримов ушбу хонадонга чин қариндош эканини исботлаб, Б. Ёқубжоновага қарши чиқди.
Улар Б. Ёқубжонованинг сохта «амма» эканини исботлаш учун маъмурий ишлар бўйича Урганч туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилишди. Суд муҳокамасида Б. Ёқубжонова ўзининг «амма» эканини исботловчи факт ва далилларни тақдим этолмади. Хива тумани, Шомахулум қишлоғида яшовчи К. Маткаримов ўзининг ҳақиқий қариндош эканини тасдиқловчи далилларни кўплаб келтирди.
Маълум бўлишича, Хивада туғилган марҳума О. Абдуллаева турмуш қуриб, бир муддат эрининг уйида яшаган. Бироқ оиласидан ажралгач, ҳомиладор ҳолда яна уйига қайтиб келиб, қариндошлари ёнида яшаган.
Қизи Шаҳло ҳам шу ерда туғилган. Кейинчалик иккинчи марта турмушга чиққан. Шаҳло онаси ва ўгай отаси қўлида тарбияланган. Шу орада ўгай ота Қўзибой Олламов ҳам дунёдан ўтган ва тақдири азал она ва қизни яна Хивадан Урганч шаҳрининг А. Баҳодирхон номидаги кўчада жойлашган ота-онадан мерос қолган 49-уйга бошлаб келган. Улар шу уй манзили бўйича доимий яшаш рўйхатидан ҳам ўтишган. Бироқ бу ердаги умргузаронлик ҳам узоққа чўзилмаган ва ногирон қизини етаклаган она ушбу кўчадаги 212А-уйга кўчиб ўтган ва умрининг охирига қадар шу ерда яшаган. Вафотидан сўнг қариндош-яқинларнинг хоҳишига кўра, ўзи туғилиб ўсган Шомахулум қишлоғидаги қабристонга дафн этилган.
Шу ўринда Ш. Абдуллаевага яқин қариндош эканлигини даъво қилиб, уни васийликка олиш учун тинимсиз елиб-югурган Б. Ёқубжонованинг шахсига ҳам ойдинлик киритишга зарурат бор. Аниқланган маълумотларга қараганда, унинг марҳума Оқилжон Абдуллаева ва унинг муомалага лаёқатсиз қизи Шаҳлога деярли қариндошлиги жиҳати йўқ: сўнгги 1-2 йил мобайнида ўзаро қўшни бўлиб яшашган, холос. Суд текширувлари чоғида Абдуллаева ва Ёқубжоновалар оиласининг ўзаро яқинлигини тасдиқловчи ҳеч қандай далил топилмади. Бундай далилларни судга Б. Ёқубжонованинг ўзи ҳам тақдим қилолмади. Шу сабабли суд Урганч шаҳар ҳокимининг 2021 йил 13-сентябрда Ш. Абдуллаевага нисбатан васийлик белгилаш юзасидан қабул қилган қарорини ҳақиқий эмас, деб топди.
Бундан норози бўлган Б. Ёқубжонова биринчи босқич судининг қарори устидан аппеляция тартибида Хоразм вилояти маъмурий судига мурожаат қилди. Бироқ судлов ҳайъати Урганч туманлараро маъмурий судининг 2022 йил 17 январдаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирди.
Шунингдек, бу масала Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида ҳам муҳокама қилиниб, биринчи босқич судининг қарори ўз кучида қолдирилди.
Шу тариқа муомлага лаёқатсиз Ш. Абдуллаевага васийлик баҳона унинг онаси О. Абдуллаевадан мерос бўлиб қоладиган уйни эгаллаб олишга қаратилган ножўя ҳаракатнинг олди олинди. «Васий»нинг асл нияти ожиз аҳволдаги Ш. Абдуллаевага ғамхўрлик кўрсатиш эмас, балки унга мерос бўлиб ўтиши кутилаётган 474 квадрат метрдан иборат уй-жойни қўлга киритишга қаратилгани судда фош бўлди. Муомалага лаёқатсиз деб топилган Ш. Абдуллаева ҳозирги пайтда Хива туманининг Шомахулум қишлоғида холаваччаси Қ. Маткаримовга қарашли хонадонда яқинлари меҳр-ардоғида яшаяпти. Бу жамиятимизда қонун устуворлигининг амалдаги намунасидир.
Дилмурод Юсупов,
Хоразм вилояти
маъмурий суди судьяси
Фикр қолдириш