ХИЁНАТ ВА РАШК ИККИ ОИЛА БОШИГА КУЛФАТ СОЛДИ

«ДАДАМНИ ТОПИБ БЕРИНГ!»

Кечки овқатдан сўнг Назира (исм-шарифлар ўзгартирилган) телевизор қаршисига эндигина келиб ўтирганда, кутилмаганда қўл телефони жиринглаб қолди. У телефон тугмачасини босганди, нариги тарафдан дабдурустдан қиз боланинг «Дадам уйга келмаяпти, топиб беринг!» — деган аламли овози эшитилди.

Буни эшитиб, Hазира ҳайрон қол­ди. Сўнг хаёлини йиғиб, «Мен даданг­ни қаердан биламан?! Кимсан ўзи?», — деди аччиқланган кўйи.

— Шу рақамдан дадамга қўнғироқ бўлган экан, — деди ҳалиги қизча йиғламсираган куйи.

Қисқаси, қизча қайта-қайта сўрайвергач, Назира ундан отасининг телефон рақамини сўради. Рақамга аниқлик киритгач, ҳақикатдан ҳам, ўзининг қўл телефонидан қизчанинг отасига қўнғироқ қилингани ойдинлашди. Шундан сўнг у ўтган кунларда телефонидан кимлар фойдаланганини эслашга уринади. Шунда ёдига бирдан Шалола келди.

— Эртага бозорга боринглар, — деди Назира, — дадангга менинг телефонимдан қўнғироқ қилган аёлни кўрсатаман.

Шалола бозорда Назиранинг ёнидаги дўконда ўғли Машраб ва қизи Машҳура билан қуруқ мева сотади. Ёнма-ён савдо қилишгани боис улар бир-бирини яхши танишади.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Шалола Назиранинг олдига бир неча марта телефонини бериб туришни сў­­раб келганди. Ҳар гал у эрига қўн­ғироқ қилмоқчи эканини айтар, ўзининг соғлиғидан ёзғирарди.

Шу йилнинг 8 январь куни Назира бозорда савдо қилаётганида Шалоланинг қоши ёрилганига кўзи тушганди, «Нима бўлди?» — деб сўраганида, Шалола ўзини эшитмаганга олиб, ин­дамай қўя қолганди.

Эртаси куни у негадир кўринмаган, дў­конда болалари савдо қилганди.

ҚАЛТИС ҚАДАМ

Ҳалиги қизча телефон орқа­ли излаётган кимса — Ботирали Навоий вилоятидаги конларнинг бирида машинист вазифасида ишлаган. Ишдан бўш пайт­да эса, «Дамас» русумли автомашинасида киракашлик ҳам қилган.

Буёғини сўрасангиз, Ботирали Ша­­лола билан 2018 йилнинг май ойида танишган. Кўп ўтмай Ботирали Шалолани йўқлаб бозорга келади. Ўшада иккаласи узоқ суҳбатлашганди. Суҳбат асносида Шалола эри ва икки нафар фарзанди борлиги, қўшни ви­лоят­да яшаши, Навоий шаҳрида ижарага уй олиб, бозорда савдо билан шуғулланишини айтиб берганди.

— Зерикканингизда қўнғироқ қи­ларсиз, — дея Ботирали телефон рақамини қолдирганди.

Ўшандан буён орадан анча вақт ўтди, аммо икки набокар хиёнат кўчасидан қайтмади. Ҳатто Ботиралининг хотини Севарахон ҳам бу андишасизликдан хабар топган, эрини бу но­пок йўлдан қайтаролмай ўз ёғига қовурилиб юрарди.

Бир куни Ботирали уйда телефонини қолдириб, қаергадир чиққанди. Ай­ни шу паллада Шалола қўнғироқ қилади. Телефонни олган Севарахон эрини тинч қўйишни, оиласини бузмасликни сў­раб, Шалолага қаттиқ-қурум гапиради.

Ўшанда Севарахон Шалола қўнғироқ қиладиган телефон рақамини билиб олган, аммо у бу телефон рақами, гувоҳ бўлганингиздек, Назира Жонқобиловага тегишли эканидан бехабар эди.

Шунинг учун ҳам ҳалиги қизча Н. Жонқобиловага қўнғироқ қилиб, отасини топиб беришни сўраётганди.

Биз юқорида 8 январь куни Н. Жон­қобилова Шалолани қоши ёрилган ҳолда кўргани, бунинг сабабини сў­раганда, тайинли жавоб ололмагани ҳақида айтгандик. Аслида ўшанда шундай во­қеа рўй берганди: Шалола жазмани би­лан телефонда гаплашаётган пайт эри Насимжон келиб қолади… Буткул қўр­қиб кетган аёл апил-тапил телефонни ўчиради. Ам­мо Насимжон ўзининг телефонидан ҳа­лиги рақамга қўн­ғироқ қилиб, ўзи­ни таништиради ва хотини билан суҳбатни давом эттиришни сў­райди.

Шунда Шалола бирдан макр-ҳийла ишлатади, «бу одамнинг уч юз минг сўм қарзи бор эди, ўшани сўраётгандим», дея ёлғон гапиради. Ҳатто у эрини ишонтириш учун Ботиралига қўн­ғироқ қилиб, «Сиз уч юз эллик минг сўмлик мева-чева олиб, эллик минг сўмни тўлагансиз, қолган уч юз минг сўмни қачон берасиз?» — дейди. Ам­мо гумроҳ аёл бу билан ўз сирини баттар ош­кор қилиб қўяди, Насимжоннинг кўнг­лидаги шуб­ҳа-гумон ўчоғига ўт қа­лайди.

Маккора аёлнинг баҳонасини Ботирали ҳам тасдиқлайди, «Ойлик олсам, қарзни узаман», деганича телефонини ўчириб қўяди. Насимжон аёлининг алдовига чидаёлмай мушти тугилади ва унинг юзига мушт туширади…

Хунрезлик

Қисқаси, Насимжон алам ва ғазабдан ўзини қўярга жой тополмайди, у жаҳл устида хотинини қишлоқдаги ҳов­­лисига олиб келади. Сўнг у қутуриб кетиб, хотинининг қўл-оёғини боғлаб, ўша эркакнинг исми ва манзилини айтишни сўраб, аёв­сиз калтаклайди.

Шалола эрини яна алдайди, аввал ҳалиги эркакнинг исмини «Нурали», кейин эса, «Бекбўта» дейди. Насимжон таниш-билишларидан сў­раб-суриштиргач, хотини чалғитаётганини билиб қолади. Шундан сўнг ғазабдан буткул ақл-ҳушини йўқотган эр темир бўлагини оловда қиздириб, хотинининг танасига босади…

Шу зайлда орадан чамаси, ўн кун ўт­ади. Шалола охир-оқи­бат мислсиз азоб-уқубатларга чидаёлмади, ўзи билан бирга хиёнат кўчасига кирган кимса Ботирали Тиллаев эканини ай­тишга мажбур бўлади.

— Энди бундай қиласан, — дейди Насимжон, — ўша эркакни қишлоқдаги уйда ёлғизман, оқшом келинг, деб ча­­қирасан. Иккаланг тўшакда пайти уни ушлаб оламиз.

Дастлаб Шалола эрининг таклифини рад этади, аммо азобларга чидаёлмай охир-оқибат Ботиралига қўнғироқ қилди. Би­роқ Ботирали боролмаслигини айт­ади. Насимжон дўқ-пўписа қилишга ўт­ади ва аёл яна Ботиралига қўнғироқ қилади, алдаб-авраб, бозор-ўчар қилиб ёнига келишга кўндиради.

Ўша куни, яъни 18 январь соат ўн тўқ­қизларда Б. Тиллаев Шалолага етиб келганини айтиб, қўнғироқ қилади. Буни эшитиб, Насимжон, ўғли Машраб ва қизи Машҳура уйнинг бошқа хоналарига яшириниб олишади.

Қисқаси, ҳаёти қил устида турган Ботирали қўлида юк халта билан ҳовлига кириб келади. Шалола уни ичкарига бошлайди. Аёл газ плитасини ёқиб тезда овқат тайёрлайди, дас­турхонга Ботирали олиб келган бир шиша ароқни қў­йиб, тамадди қилишади. Ярим соатлардан сўнг хонанинг чироғи ўчирилади…

Кўп ўтмай икки нобакор ёт­ган хонага аввал Насимжон, ортидан Машрабжон ва Маш­ҳура кириб келишади. Оила бошлиғи Насимжон электр чироқни ёққанида…

Насимжон тўшакда ётган Ботиралининг бошига қўлидаги темир бўлаги билан устма-уст зарба беради. Бу жараённи аввалдан келишувга кўра, Маш­ҳура қўл телефони билан тасвирга олади. Н. Шовқиддинов ожиз аҳволдаги Б. Тиллаевни қийнаш, зўрлик иш­латиб, жисмоний азоб бериш ва ғай­риқонуний равишда озодлигини чеклаш мақсадида ўғли Машрабга унинг қўлларини боғлашни буюради.

Машраб арқон билан Ботиралининг қўлларини боғлайди. Кўзи қонга тўл­ган Н. Шовқиддинов Б. Тиллаевни аёвсиз уриб-тепкилашга тушади.

Сўнгра у ўғли Машрабни Навоий шаҳ­рига жўнатиб юборади, Маш­ҳу­рага эса, қўш­ни хонага ўтиб, ухлашни буюради.

Шундан сўнг у хонада ўзи, хотини ва ожиз аҳволдаги Б. Тиллаев қолгач, ға­раз ниятини амалга оширишга киришади. Б. Тиллаевни темир бўлаги билан калтаклаб, унинг азоб тортишидан завқланади. У ўзининг жиноий­ ҳаракатини тунги соат тўртга қа­дар давом эттиради, бу пайтда Б. Тиллаев аллақачон ҳодиса жойида вафот этганди.

Эрталаб Н. Шавқиддинов ўзининг ўта оғир жиноий қилмишини яшириш ва муқаррар жавобгарликдан қутулиш мақсадида хотинига қон теккан буюмлар, марҳумнинг кийимлари, қўл телефони ва фуқаролик паспортини ёқиб юборишни буюради. Сўнг у ўғ­лига қўнғироқ қилиб, қишлоққа келишини айтади.

Воқеанинг давоми шундай кечади: Машраб етиб келгач, ота уни ҳовлидан ўра ковлашга мажбурлайди. Ўра қа­зиб бўлингач, Б. Тиллаевнинг жасадини кўмиб юборади…

Мақола аввалида биз Ботиралининг йўқолиб қолгани, унинг қизи отасини излаб, Назирага қўнғироқ қилганини айт­гандик. Энди шу ҳолатга ойдинлик киритадиган бўлсак, жиноий ҳодиса юз берган кунда Б. Тиллаев ўзи ишлайдиган корхонага қа­рашли дам олиш масканида саломатлигини тиклаётганди.

— Санаторийда дам олиш давомида у уч маротаба якшанба кунлари уй­­га келиб кетди, — дейди терговда ва суддаги кўрсатмасида жабрланувчи С. Идрисова. — 18 январь куни эрталаб соат олтиларда бугун дам олиш муддати тугашини, кечга томон уйга келишини айт­ганди. Аммо кеч бўлиб қолганига қарамай уйга келавермагач, қўнғироқ қилсам, ҳали дам олиш масканидан чиқмаганини айтди. Ке­йинги қўнғироқларимизга эса, жавоб бермади…

Буёғини сўрасангиз, Ботир­али дам олиш муддати тугаган бўлса-да, уйга кайтавермагач, хавотирга тушган Севарахон 19 январь куни санаторийга боради. Унга турмуш ўр­тоғи бир кун олдин, яъни 18 январь куни соат ўн саккиз-у ўттизларда чи­қиб кетганини айтишади. Хотини Ботирали дам олган хо­нага кирса, унинг кийимлари жойида турганини кўради.

Севарахон 20 январь куни Кармана тумани ички ишлар бўлимига турмуш ўртоғи Б. Тиллаев бедарак йўқолгани ҳақида ариза билан мурожаат қилади. Шунингдек, у турмуш ўртоғининг Шалола исмли аёл билан муносабатини айтиб, унинг олдига кетган бўлиши мумкинлигини билдиради. Суриштирув ишлари давомида барчаси ойдинлашади.

Суд ҳайъати дастлабки тергов ор­гани томонидан судланувчи Н. Шовқидиновнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят­ кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в”, “ж” бандлари, 105-моддаси­ 2-қисми “г”, “м”­ бандлари, 110-моддаси 2-қисми “в” банди, 112-моддаси 1-қисми, 138-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 227-модда­си 2-қисми “а” банди билан­ тўғри малакаланган деб топди. Суд судланувчи Н. Шов­қиддиновга айбланган ҳар бир модда бўйича алоҳида-алоҳида жазо та­йин­лаб, Жиноят кодексининг 59, 61-моддаларига асосан та­йинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 18 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм чиқарди.

Хулоса қилиб айтганда, баён этилган воқеа тафсилотларидан кўриниб турибдики, ушбу жиноий қилмиш кечирилмас хиёнат, ўзи, оиласи ва фарзандлар тақ­дирига бефарқлик оқибатида келиб чиқди. Хиёнат ва рашк ик­ки оила бошига оғир кулфат солди. Ои­ла бошлиқларидан бирининг ҳаёти бевақт завол топди. Иккинчиси эса, жи­ноий қилмиши учун муқаррар жазога мубтало бўлди, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди. Агар улар тўғри ва ҳалол турмуш кечиришганда, бу кулфатларга рўбарў бўлмас эди. Демак, бундан бошқалар ҳам тегишли хулоса чиқариши зарур.

Баҳодир АҲМЕДОВ,

жиноят ишлари бўйича

Нарпай тумани суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: