НАФС БАЛОСИ ҲАМТОВОҚЛАРНИНГ ЮЗИНИ ШУВУТ ҚИЛДИ

Урганчлик Рашид Аҳмедов ва Худойназар Самадов (исм-шарифлар ўзгартирилган) бир кўчада қўшни бўлиб яшашади. Х. Самадов Урганч тумани ҳокимлиги масъул ходими, Р. Аҳмедов эса, туман марказидаги сув сотиш шоҳобчасида сотувчи бўлиб ишлаган.

Кунларнинг бирида Рашидга яқин таниши Санжар Матёқубов «Урганч-Шовот» автомобиль йўли ёқасида мўъ­жаз­гина сомсахона очиш ниятида эканини маълум қилади. Ўз навбатида, Р. Аҳмедов бу ишни қўшниси Х. Самадов орқали тез орада ҳал этишга ваъда беради.

Буни қарангки, бу таклиф Х. Самадовга ҳам маъқул тушади. Шундан сўнг у катта автомобиль йўли ёқасидаги гавжум бекат ҳудудида бўш турган 12х3 квадрат метр ўлчамдаги ер майдонини сом­са­хона фаолиятини йўлга қўйиш учун С. Матёқубовга ажратиб бериш мажбуриятини зиммасига олади.

Бироқ у гап орасида мушук ҳам офтобга бекорга чиқмаслигини писанда қилиб, ўзининг «хизмат» ҳақини 700 АҚШ долларига баҳолайди. Ўз навбатида, Санжар Матёқубов икки қўшнининг таъмагирлик қилаётганини англаб етгач, бу ҳақ­да тегишли идорага ариза би­лан мурожаат қилади.

Ҳамтовоқлар ўзаро келишувга биноан 700 АҚШ доллари миқдоридаги пулнинг 300 долларини олаётган вақтида қўлга олинди. Шундан сўнг уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Шундай ҳолат шу йилнинг 29 январь куни хонқалиқ Сулаймон Даминов ва урганчлик Жавоҳир Болтабоевнинг ҳам бошига тушди. Бунга таъмагирлик сабаб бўлди. Улар ўзгага қарашли ер майдонини сотиб, мўмай даромад олмоқчи бў­лишди. Ҳамтовоқлар фермер хўжалигига қарашли 4 сотих ер майдонини Комил Сатторовга кўрсатиб, қоп-қоп ваъдаларни қалаштириб ташлашди.

Устамонлар ернинг ҳар сотиғини 50 миллион сўмдан нархлашди. Харидор бунча пули йўқлигини айтгач, «сотувчи»лар ундан 10 миллион сўмни ширинкома тариқасида талаб қилишди. Бироқ бу харидорга хуш келмади.

Шу боис у ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи идорага таъмагирларга чора кўриш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилди. Ушбу аризага асосан тезкор тадбир ўтказилиб, фирибгарлар жиноят устида қўлга олинди.

Урганч ва Хонқада содир этилган жиноий ҳаракатларга судда қонуний чора кўрилди. Сомсахона қуриш учун ер ажратишга ваъда бериб, мўмай даромадга эга бўлишни кўзлаган Р. Аҳмедов ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Унинг ҳамтовоғи Х. Самадов ҳам айбини тан олиб, қилмишидан пушаймон эканини маълум қилди.

Судда С. Даминов ва Ж. Болтабоев ҳам айбига иқрор бў­либ, қилмишларидан пушаймон эканини билдиришди.

Суд жиноят ишини кўриб чиқиш жараёнида аниқланган ҳолатлар, маълум бўлган ва ўз исботини топган фактлар, далиллар, гувоҳлик кўрсатмаларига таянган ҳолда ҳукм чиқарди. С. Даминов ва Ж. Болтабоевга 3 йил-у 6 ой мудатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Р. Аҳмедов ва Ж. Самадов 2 йил-у 2 ой муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қи­линди. 

Бировнинг мулкига кўз олайтириш ҳамиша аянчли ва ачинарли якун топади. Буни баён этилган воқеалар тафсилоти ҳам яққол тасдиқлайди.

Ундан тегишли хулоса чиқариш, сабоқ олиш — бу бош­қаларнинг ихтиёрига ҳавола. Зеро, нафс қутқусига учмаслик учун ҳар доим ҳушёр бўлиш зарур.

Жамол Жуманиёзов,

жиноят ишлари бўйича

Янгиариқ тумани суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: