2 НАФАР ИЧКИ ИШЛАР ХОДИМИ 500 ДОЛЛАР ПОРА БИЛАН ҚЎЛГА ТУШДИ

17 апрель 2019

Фарғонада бир фуқарога жиноят иши қўзғатиш, қаматиш билан таҳдид қилиб, 500 доллар пора олган 2 нафар ички ишлар ходими ушланди 

Ички ишлар идоралари тизимида хизмат қилиш мураккаб ва масъулиятли вазифадир. Тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишда бу шарафли касб эгаларининг хизмати беқиёс. Афсуски, улар орасида ўз бурчини унутиб қўйиб, нафсини ўйлаганлар ҳам учраб турибди. Олтиариқ тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими суриштирувчиси Достонбек Мавлонов ҳамда профилактика инспектори Валижон Абдурашидовлар тамагирлик қилиб, жиноятга қўл урди.
 
Д. Мавлоновнинг хизмат вазифасига жиноятларни фош этиш, олдини олиш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш, иш юритувига берилган ариза, материал ёки жиноятлар бўйича суриштирув ва тергов ҳаракатлари ўтказиб, улар бўйича қонуний қарор қабул қилиш кирарди. Аммо у профилактика инспектори В. Абдурашидов билан тил бириктириб, тамагирлик йўлини танлади. 
 
У ўз иш юритувидаги фуқаро Э. Маматовнинг “Нексия-2” русумли автомашинасини ўғирланганлиги ҳолати юзасидан С. Абдураҳимовга нисбатан тўпланган материал бўйича жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ва маъмурий тартибда ҳал қилиш эвазига 500 доллар пора беришни талаб қилган. Акс ҳолда унга жиноят иши қўзғатиш ва қамаш билан таҳдид қилган. Албатта бу ишни профилактика инспектори В. Абдурашидов ёрдамида амалга оширишни режа қилди. С. Абдураҳимов эса бу икки нафар давлат органи мансабдор шахсларининг қилмишлари юзасидан ариза билан мурожаат қилди.
 
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Фарғона вилоят бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ўз хавфсизлиги бошқармасининг вилоят бўйича бўлими ходимларидан иборат тезкор тергов гуруҳи томонидан ўтказилган тадбирда дастлаб В. Абдурашидов ўзининг “Матиз” русумли автомашинасида кимёвий ишлов берилган 500 АҚШ долларини С. Абдураҳимовдан пора тариқасида олган. 
 
Шундан сўнг тадбир давом эттирилиб, Д. Мавлонов ўз хизмат хонасида 500 АҚШ долларини пора тариқасида олганда, у ҳам ушланган.
 
Жиноят ишлари бўйича Риштон туман судида мазкур жиноят иши кўриб чиқилди. Судланувчи Д. Мавлонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан айбдор деб топилиб 6 йил, В. Абдурашидов эса 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
 
 
 
ЎзА

 

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: