30 МИНГ СЎМ ОРТИДАГИ ЖИНОЯТ
«Аср вабоси» деб ном олган гиёҳвандлик ва унинг савдоси билан шуғулланиш ўта хатарли. Бундай жирканч ҳолатлар жамиятнинг эртасини ҳам хавф остида қолдириши эҳтимолдан йироқ эмас. Ахир, оғу инсон жисмини қанчалик хароб қилса, шахс ва жамиятнинг мол-мулки, бойлигига ҳам мислсиз даражада зарар етказади. Тинч-тотув яшаётган оилаларни бузади, болаларни тирик етим қилади, муҳтожлик, қашшоқликда яшашга, ўғирликка, жиноятга мажбурлайди. Якуни эса касаллик, ўлим ёки жиноий жазога маҳкум бўлишдир.
Тошкент вилоятида яшовчи Жамол Турсунов (исм-шарфлар ўзгартирилган) ва Бекмирза Пўлатов ҳам гиёҳвандлик савдоси билан шуғуллангани боис, охир-оқибат суднинг қора курсисида қилмишига яраша жавоб берди.
Жорий йилнинг 26 июнь куни Жамол Турсунов Сергели мавзесида жойлашган хонадонларнинг бирида устачилик қилаётганида таниши Бекмирза Пўлатов қўнғироқ қилади. Унга ёввойи наша кўп ўсадиган тўқайзорларнинг манзилини беради ва қовурилган наша олиб келишини айтади. Шу куни Жамол Бекмирза айтган тўқайзорга боради. Ўша ернинг ўзида нашани ёғда қовуриб, тайёрлайди. Аралашмани 3 та алоҳида пакетчаларга жойлаштириб, ҳеч нарса бўлмагандек иш жойига қайтади. Шу куни кечга яқин икки ҳамтовоқ Жанубий вокзалда учрашади. Б. Пўлатов Ж. Турсуновга нашанинг бир ўрамини 30 000 сўмга сотаётган пайтда ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари томонидан қўлга олинди. Шахсий тинтув ўтказилганда Б. Пўлатов ҳақиқатдан ҳам 3 дона пакетга солинган наша ва ёғ аралашмасидан биттасини ҳамтовоғига бергани, 2 донасини ўз истеъмоли учун олиб қолгани аниқланди.
Жиноят қандай бўлишидан қатъий назар унга жазо муқаррар. Жиноятчи қилмишига яраша қонун олдида жавоб бериши шарт. Хусусан, Б. Пўлатовга узил-кесил ўташ учун ойлик иш ҳақидан 20 фоиз давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 4 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланди. Ж. Турсуновга эса 2 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди. Мазкур жазони ўзи истиқомат қилаётган уйда соат 21:00 дан 7:00 га қадар ўташи белгиланди. Шунингдек, унга қатор чекловлар ҳам қўйилди.
Вақтинчалик ҳузур-ҳаловатни деб, жиноятчининг яқинлари, фарзандлари ҳам виждон азобига маҳкум. Улар айбни ўзларидан излашади. Шу боис жиноят содир этишдан аввал киши ўзидан кўра, ўзгаларни, яқин инсонларини кўпроқ ўйласа, боши берк кўчага кириб қолмайди. Умри афсус-надоматда ўтмайди.
Темур КАСИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Яккасарой тумани суди судьяси
(“Жамият” газетаси,
2019 йил 20 сентябрь)
Фикр қолдириш